ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БАНК-МОЛИЯ АКАДЕМИЯСИ
“Cолиқ ва солиққа тортиш” кафедраси
“Давлат ва хужалик бошқарувининг ҳуқуқий таъминоти” фани доирасида бажарган
Қайта топшириш иши
Мавзу: Давлат бюджетининг ижтимоий-иқтисодий моҳияти
Топширди: Ш.З.Туйчиев
Мутахассислик: Корпоратив молияни бошкариш
Гуруҳ: КМБ 1-семестр
Қабул қилган ўқитувчи: С.Гиясов.
Ўқув йили: 2019/2020 ўқув йили
Тошкент 2020
РЕЖА:
КИРИШ
Бюджет сиёсатининг ижтимоий - иқтисодий мазмуниСуғурта шартномаси шартлари
Мустақиллик қўлга киритулгунга қадар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети
Мусутақил Ўзбекистонда солиқ - бюджет сиёсатининг ривожланиш босқичлари
ХУЛОСА
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
КИРИШ
Мамлакатнинг маъмурий-худудий қурилмаси қонунчиликда маҳаллий ҳокимиятлар мустақиллигини эътиборга олган турлича даражадаги бюджетларни ташкил этишни назарда тутади. Бюджет тузилмаси деганда у ёки бу мамлакатда бюджет тизимини тузишнинг ташкилий тамойиллари, унинг таркиби ва унда мужассамлашган бюджетлар ўртасидаги ўзаро алоқалар тушунилади. Жаҳон тажрибасида бюджет тузилмасининг учта турдаги модели амал килади.
Мамлакатларнинг давлат тузилишининг турли-туманлиги бюджет тузилмаларининг тури ва моделлари турли бўлишининг бош омили ҳисобланади. Масалан, тарихан шаклланган монархия тизимида бюджет ягона хазина жамғармасидан иборат бўлган, унинг шаклланиши ёки ишлатилиши якка тартибда ҳал қилинган. Шу маънода бюджет тизимларининг ривожланиши давомида уч турдаги моделлар мавжудлиги аниқланган.
Давлат тузилишида Марказ ва минтақаларнинг тузилишига қараб барча давлатларни унитар ва федерал турларига таснифланиши мумкин. Унитар давлатларда бюджет тизими икки бўғиндан: давлат бюджети ва кўп сонли маҳаллий бюджетлардан иборат. Федерал тузилишга эга бўлган мамлакатларда давлат тузилиши икки шаклда бўлиши мумкин: федерация ва конфедерация. Шунга мос равишда давлатнинг бюджет қонунчилиги уч поғонадан иборат бўлади. Айрим олимлар конфедератив мамлакатларда ҳам уч поғонали бюджетлар амал қилишини таъкидлашади.
Ўзбекистон Республикаси жаҳон тажрибасини эътиборга олган ҳолда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ўзига хос ва мос йўлини танлаб, уни босқичма-босқич амалга оширишда давом этмоқда. Иқтисодий ислоҳотлар натижасида эришилган муваффақиятлар, туб ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, энг муҳими, ислоҳотларга бўлган ёндошув, айниқса, жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олиниб, эътироф этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг ҳар бир мамлакатга таъсири, ундан кўриладиган зарарнинг даражаси ва кўлами биринчи навбатда шу давлатнинг молиявий-иқтисодий ва банк тизимларининг нечоғлик барқарор ва ишончли эканига, уларнинг ҳимоя механизмлари қанчалик кучли эканига боғлиқлигини исботлашга ҳожат йўқ”, деб таъкидлаган эди.
1. Бюджет сиёсатининг ижтимоий - иқтисодий мазмуни Молиявий сиёсат тамойилидан, яъни биринчи даражали жамият эҳтиёжларини ва бу эҳтиёжларни қондириш ҳамда молиявий ресурслардан фойдаланишнинг устувор йўналишларини аниқлаш, ҳамда молиявий ресурсларнинг шаклланиш манбаларини ва услубларини танлашдан келиб чиққан ҳолда қуйидагилар давлат томонидан бюджет сиёсатини олиб бориш асосини ташкил этади:
- давлат бюджети даромадларининг шаклланиш манбаларини аниқлаш;
- бюджет харажатлари устувор йўналишларини аниқлаш;
- бюджет дисбаланси йўл қўйилиши мумкин бўлган чегараларини аниқлаш;
- бюджет тақчиллигини молиялаштириш манбаларини;
- бюджет тизимидаги алоҳида бўғинлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар тамойилларини аниқлаш.
Шу билан бирга, бюджет сиёсати таркибида солиқ сиёсати, инвестиция сиёсати, давлат қарзларини бошқариш сиёсати ҳам олиб борилади.
Давлатнинг унга юклатилган вазифалар бажарилиши ундаги мавжуд зарур молиявий ресурслар билан боғлиқ, бу эса ўз навбатида давлат томонидан тузилган пул маблағлари қисмини бюджетда тўпланишини талаб этади.
Бюджетда бу маблағларнинг сарфланиши давомида ва улардан фойдаланишда давлат билан солиқ тўловчилар ва бюджет ажратмалари олувчилар ўртасида молиявий муносабатлар ўрнатилади. Бу муносабатлар ҳокимият органлари томонидан ишлаб чиқилган ва амалга ошириладиган молия бюджет сиёсатига мувофиқ йўлга қўйилади. Молия бюджет сиёсати ўз ичига давлат ва маҳаллий ҳокимият органларининг солиқ, пул - кредит, баҳолаш ва бошқа молиявий соҳалардаги фаолиятларини олади.
Молия - бюджет сиёсати - ҳокимлик органлари томонидан ўтказиладиган тадбирлар ва ҳаракатлар йиғиндиси бўлиб, у бюджет тизимини бошқаришда ва уларни ўз вазифаларини бажаришлари учун молиявий муносабатлардан фойдаланишлари бўйича молия бюджет соҳасидаги мақсад ва вазифаларни аниқлашни кўзда тутади, бюджетдаги пул маблағларини сафарбар этиш механизмининг ишлатилиш йўналишларини танлайди ва бюджет тизимида молия бюджет инструментлари ёрдамида иқтисодий ва ижтимоий жараёнларини тартибга солишни ташқил этади.
Молия бюджет сиёсати асосан ҳокимлик органлари томонидан ишлаб чиқилган бюджетга маблағларни сафарбар этиш ва улардан фойдаланиш борасидаги тадбирлар бўйича, яъни бюджет жараёнида амалга оширилади.
Ҳокимиятнинг вакиллик ва ижро органлари томонидан молия бюджет сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда бюджет тизимини бошқариш бўйича ҳаракатлар - тадбирлар йиғиндиси бюджет жараёни дейилади.
Бюджет маҳаллий даражада ҳокимлик органларининг қарорларига мувофиқ аниқланади. Бу сиёсатни молия ва солиқ органлари, пул - кредитни тартибга солиш органлари, ҳисоб - китоб назорати органлари ўз фаолиятида амалга оширади.
Ўзбекистон Республикасида бюджет ижроси муддати календарь йилининг 1 январидан 31 декабригача бўлган давр этиб белгиланган.
Бюджет жараёнининг давомийлиги бюджет давридан айтарли даражада кўпроқ, чунки бюджет жараёнида бюджетни режалаштириш, навбатдаги бюджет назорати ва бошқа ҳаракатлар учун зарур вақтни ўз ичига олади.
Бюджет қонунчилигига мувофиқ тақсимланган, яъни бюджет жараёнида қатнашиш ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлган органлар амалга оширади. Шундай ҳуқуқлар қуйидагилар бўйича бўлинган:
- ижроия ҳокимият ва вакиллик органлари;
- молия ва солиқ органлари;
- пул - кредитни тартибга солувчи органлар ва давлат молия назорат органлари;
- бюджет маблағларини бош тақсимловчилар ва бюджет маблағларини тақсимловчилар;
- бюджетдан ташқари давлатнинг мақсадли жамғармалари.
Ҳокимиятнинг вакиллик органлари бюджет лойиҳаларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди, уларнинг ижроси бўйича ҳисобот тайёрлайди.
Ҳокимликнинг ижроия органлари жамланган молия режаларини амалга оширади, бюджет лойиҳаларини тузади, бюджет лойиҳасини ҳокимликнинг вакиллик органларида кўриб чиқиш учун тавсия этади.
Марказий банк ҳукумат билан биргаликда давлатнинг пул - кредит сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқади ва Олий Мажлисда муҳокама қилиш учун тақдим этади, бу жараённи амалга оширишга давлат бюджети хазинасининг пул ҳисоб - китоб рақамлари, давлат мақсадли бюджетдан ташқари жамғармаларнинг ҳисоб - китоб рақамлари ва маҳаллий бюджетларнинг ҳисоб - китоб рақамлари хизмат қилади.
Бюджет маблағларининг бош (тақсимотчи) бошқарувчиси - ҳокимиятнинг ижроия органлари бюджет маблағарини тўғридан - тўғри биринчи олувчилари бўлиб, улар бюджет маблағларини бошқарувчилар ва олувчилар ўртасида тақсимлаш ҳуқуқига эга.
У бюджет маблағлари бошқарувчилари ва бюджетдан олувчилар бўйича бюджет харажатлари рўйхатини тайёрлайди ва уларга бюджет тайинланиш ҳақида хабар етказади, ҳамда даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайди, зарур ҳолларда тасдиқланган сметадаги маблағларни моддалар бўйича тақсимотига ўзгартириш киритади, бюджет олувчилар томонидан бюджет маблағларининг унумли, мақсадли ишлатилиш юзасидан назоратни амалга оширади.
Бюджет маблағларини бошқарувчи - ижроия ҳокимиятининг органи маблағларни бюджет олувчилар ўртасида тақсимлайди, уларга бюджет ажратмалари ҳақида хабарнома етказади, бюджет олувчилар даромадлари ва харажатлари сметасини тасдиқлайди, уларни бюджет маблағларидан тўлиқ мақсадли фойдаланишларини назорат этади.
Бюджет олувчи (бюджет муассасаси) – ташқилот, ҳокимиятнинг ижроия органлари томонидан тузилган тижоратдан ҳоли бўлган хусусиятдаги вазифаларни амалга оширади (бошқарув, мудофаа, ижтимоий - маданий тадбирлар ва бошқалар) ва смета тартибида бюджет ёки бюджетдан ташқари жамғармалар орқали молиялаштирилади. Назорат ҳисоб - китоб органлари бюджетга мувофиқ ва бюджетдан ташқари жамғармалар ижроси бўйича назоратни амалга оширади, бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар ижроси бўйича ташқи аудит текширув олиб боради.
Юқорида қайд этилган ҳокимлик органлари ва муассасалар бюджет жараёнининг қатнашчилари ҳисобланади. Бюджет жараёни ўз ичига қуйидагиларни олади:
- жамланган молиявий режалаштириш ва таҳминлаштириш;
- бюджет лойиҳасини тузиш, муҳокама этиш ва тасдиқлаш;
- бюджет йили давомида бюджет ижроси;
- бюджет ижросининг назорати ва таҳлили.
Давлат бюджетининг иқтисодий моҳиятини очиб беришда, унинг иқтисодиётимизда тутган урнини Президентимиз И.А. Каримов “Иқтисодиётни барқарорлаштириш – бозорни шакллантириш йўлидаги қонуний ва муқаррар босқичдир”. Мана шу босқичда қуйидагилар энг муҳим ва биринчи навбатдаги чоралар сифатида олға сурилади.
Республика бюджетидаги тақчилликни чеклашга ва уни изчиллик билан жуда камайтиришга қаратилган қаттиқ молиявий сиёсатни ўтказиш, бошқарув аппаратини сақлаш учун давлат маблағлари сарфлашни, зарар кўрувчи корхоналарга ва бошқа нозарур мақсадларга дотация ажратишни камайтиришга қаратилган йўл изчиллик билан ўтказилади, Бюджет маблағлари сира кечиктириб бўлмайдиган давлат эҳтиёжлари ва ижтимоий эҳтиёжларга ажратилади», 2 – деган фикр билан аниқлаб берган эди.
Давлат молиявий ресурсларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш даставвал давлат бюджети ҳамда бошқа бюджетдан ташқари фондлар билан боғлиқдир. Бюджет муносабатлари корхоналар, муассасалар ва аҳоли билан давлат ўртасида пайдо бўладиган, ҳамда марказлаштирилган пул маблағлари % ини шакллантириш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ молиявий муносабатларни билдиради.
Давлат бюджетига давлатни молиявий функцияларини амалга ошириш воситаси сифатида қараш лозим.
Давлат бюджети — давлат пул маблағларининг (шу жумладан давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг) марказлаштирилган жамғармаси бўлиб, унда даромадлар манбалари ва улардан тушумлар миқдори, шунингдек, молия йили мобайнида аниқ мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар сарфи йўналишлари ва миқдори назарда тутилади;
Давлат даромадлари солиқлар, солиқ бўлмаган мажбурий тўловлар ва олинган қарзлардан ташқил топади. Таъкидлаш лозимки, давлат олган қарзларнинг ҳаммаси ҳам ва ҳар қандай мамлакатларда ҳам давлат бюджети даромадларига қўшилавермайди. Масалан, Японияда навбатдаги фискал йил учун бюджетни Парламент томонидан тасдиқлаш жараёнида маъқулланган давлат қарзларининг бир қисми бюджет даромадларига олиб борилади, қарзларни давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш жараёнида олинган қисми эса (ҳам солиқ манбаларини, ҳам қарзлар манбаларини ўз ичига олган бюджетни), бюджет тақчиллигига тааллуқли бўлади. Шундай амалиёт ҳамма мамлакатларда ҳам қабул қилинмаган ва давлат қарзлари давлат даромадларига солиқлар ҳамда бошқа солиқ бўлмаган мажбурий тўловлар етарли бўлмаган ҳолатда амалга оширилади, яъни фискал тақчиллик суммасида амалга оширилади.
Ҳукумат (давлат) харажатлари умумий кўринишда давлат томонидан товар ва хизматларни харид қилиш ва трансферт тўловларини билдиради. Давлат харидларини ҳамда давлат трансфертларини бир - биридан ажратиш лозим. Давлат ҳаридлари, масалан, қурол - яроқ сотиб олиш, қурилиш, судялар хизматини, ўқитувчилар, давлат аппарати ишчилари хизматлари ҳақини тўлаш ва бошқаларни ўз ичига олади. Трансферт тўловлари - жамият аъзоларининг маълум бир қисмига ишсизлик нафақалари, ижтимоий суғурта бўйича тўловлар, фаҳрийларга нафақалар шаклида, солиқ тўловчилардан олинган солиқ даромадларини қайта тақсимловчи тўловлардир.
Давлат бюджети одатда, республика бюджети ҳамда маҳаллий бюджетлардан иборат бўлади. Жамиятда (мамлакатда) амал қиладиган бюджетлар мажмуаси бюджет тизими деб юритилади. Давлатнинг бюджет тушуми ишлаб чиқилган (ягоналик) яҳлитлик ва мустақиллик тамойиллари асосида тузилади. Давлат томонидан фискал сиёсатни тутиб турувчи (чегараловчи) ёки кенгайтирувчи ҳолатида олиб борилиши мамлакат иқтисодиётини уни турли ривожланиш даврларида барқарорлаштиришга қаратилган.
Бюджетнинг даромадлар қисми жисмоний ва ҳуқуқий шахслардан олинадиган солиқлар, ташқи савдодан олинадиган бож ва шунга ўхшаш манбалар ҳамда давлат корхоналарни сотилишидан тушган тушумлар ва хусусийлаштирилган корхоналар акциялари давлат улушидан келган фойдалар.
Бюджетдан ташқари фондлар – давлатнинг пул маблағлари ҳисобланиб, мақсадли йўналтирилади ва давлат бюджетига кирмайдиган жамғармалардир.
2. Мустақиллик қўлга киритулгунга қадар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети
Жамият иқтисодий ва ижтимоий тузилмасининг шаклланиши ва ривожланишдаги тарихий тараққиётнинг ҳар бир босқичидан муайян сиёсат доирасида амалга ошириладиган давлат томонидан тартиблаш муҳим роль ўйнайди.
Давлатнинг ўз вазифаси ва функцияларини бажаришга, ўз иқтисодий ва ижтимоий сиёсатини амалга оширишга имкон берадиган қурол, дастаклардан бири - давлат бюджети ҳисобланади.
1868 йилда чор Россияси ҳукумати Туркистонда молия қўмитасини ташқил этганидан кейин биринчи марта давлат хазинаси хоннинг шахсий хазинасидан ажратилди, бу қўмита давлат даромадлари ва харажатлари тўғрисида Низом (давлат бюджети тўғрисида низом) ишлаб чиқди.
1924 йилда давлат ҳокимиятининг қарорига мувофиқ ва Ўзбекистоннинг Иттифоқ таркибига кириши билан Ўзбекистон Республикасининг биринчи давлат бюджети тузилган. 1924 йилдан то 1991 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети Иттифоқ давлат бюджети тартибига кирган. 1991 йилдан Ўзбекистон Республикаси ўзининг мустақил бюджетига эга.
Ўзбекистон, ўзини мустақил давлат деб эълон қилиб, давлатни тангликдан чиқариш, иқтисодиётни барқарорлаштириш ва дунёвий, иқтисодий ва сиёсий мустақил, қудратли, гуллаб-яшнайдиган кучли демократик давлат қуриш дастурини ишлаб чиқди ва уни амалга оширишга киришди.
Стратегик вазифаларни бажариш давлат тараққиётининг у ёки бу босқичи хусусиятларига қараб тактик вазифаларни ҳал қилишни ҳам назарда тутади. Тарихий тажриба нуқтаи назаридан қисқа, лекин мустақил Ўзбекистон тараққиётида ғоят муҳим босқич бўлган даврдаги давлат бюджети ривожининг босқичларини кўрсатиб ўтамиз.
Мустақиллик эълон қилингунга кадар “Ўзбекистон бир ёқлама иқтисодиётга – марказга бутунлай қарам, издан чиққан иқтисодиётга эга бўлган ярим мустамлака мамлакат қаторига айланган эди”. Бу даврга келиб давлат бюджети тақчиллиги 80 %га яқин бўлиб, Иттифоқ давлат бюджети субвенциялари ҳисобидан қопланар эди.
Ўзбекистон давлат бюджетининг бундай аҳволга тушиб қолиши сабабларидан айримларини кўрсатиб ўтамиз. Иттифоқда давлат корхоналари икки тоифага бўлинар эди:
1) бевосита марказга бўйсунадиган йирик корхоналар (масалан В.П. Чкалов номидаги Тошкент авиация бирлашмаси каби мудофаа мақсадларидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналар);
2) маҳаллий республика назоратида бўлган корхоналар.
Шундай бўлинишга мувофиқ биринчи тоифага кирадиган корхоналар фойдаси республика бюджетини четлаб ўтиб бевосита Иттифоқ бюджетига тушар эди. Ўзбекистон Республикаси бюджети даромадлари, асосан иккинчи тоифага кирадиган корхоналар фойдаси ҳисобидан шаклланар эди.
Республика пахта етиштирган ҳолда уни Иттифоқ ҳуқуқида ва чет эллардаги истеъмолчиларга сотишдан фойда олмас эди. “Мамлакатимиздан катта миқдордаги – етиштирилган пахта ҳосилининг аксарият ҳажми – моддий бойлик осонликча ташиб кетилар эди. Фойда Иттифоқ давлат бюджетига бориб тушар эди. Олтин, қимматбаҳо ва рангли металлар, стратегик аҳамиятга эга бўлган материаллар, жаҳон бозорида ўта ҳаридоргир бўлган бошқа қимматбаҳо маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотишдан келадиган фойда Ўзбекистон хазинасига тушмас эди.
1988 йилда Ўзбекистонда истеъмол товарлари саноатини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича тадбирлар туфайли айланма солиқларида бюджетга тушумлар қисқарди, чунки корхоналар тўлайдиган айланма солиқларининг 30 %ни уларнинг ўз тасарруфида қолдириладиган бўлди. Собиқ Иттифоқ тизими шароитида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетини шакллантириш Ўзбекистон Молия Вазирлиги томонидан амалга оширилар эди. Бюджет харажатлари ички эҳтиёжларга боғлиқ бўлиб, СССР Молия Вазирлиги ва “Союз Госплани” томонидан ишлаб чиқилган меъёрлар, мезонлар ва йўриқномалардан фойдаланган ҳолда Республика госплани томонидан ўрнатилган меъёрлар ва мезонлар ҳамда йўриқномалар асосида аниқланар эди.
Давлат бюджети даромадларининг сезиларли қисмини давлат корхоналари ва ташқилотлари фойдасидан ажратмалар ташқил қилар эди. Шунингдек, бир қатор солиқлар, оборот солиғи, акциз солиғи, тули маҳаллий солиқлар ва бошқа тўловлар ҳисобидан шакллантирилар эди.
Республика бюджетининг даромадларини етмаган қисмини харажатларга солиштирилган ҳолда трансфертлар(субвенциялар) ҳисобига қопланар эди. 1988 йилгача доимий усиб борувчи бюджет тақчиллиги союз бюджетидан автоматик режалаштирилган трансфертлар ҳисобига молиялаштирилган. Бундай трансфертлар “кредит” деб аталар эди, амалда эса улар госбанк томонидан бериладиган грантлар (ссудалар, дотациялар) ҳисобланар эди.
1985 йилда Республика даромади камайишига таъсир килувчи асосий омил оборот солиғидан тушумнинг қисқариши ҳисобланади. Саноатни ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистонда, 1988 йил раҳбар ходимлар истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқаришни ривожлантирсалар оборот солиғи бўйича тушумларнинг 30%ини корхонага қолдириш тизимини жорий қилдилар.
Оборот солиқлари жами бюджет тушумларининг салкам 1/3 қисмини ташқил қилар эди. Иктсодий жиҳатидан пухта асосланмаган Совет ислоҳоти (Горбачевнинг антиалкогол ислоҳоти) натижасида Республика бюджети сезиларли даромадини йўқотди. Мазкур солиқ тушумлари воситасида шакллантириладиган бюджетнинг даромадларини йўқотишлари давлат корхоналарининг фойдасидан бюджетга ажратмалар ҳисобига қопланди.
СССР давлат бюджетидан субвенцияларнинг 5 баробар кўпайиши чакана савдо баҳолари ислоҳотларини амалга ошириш натижасидаги қайсики чакана савдо баҳоларини кескин ўсиши натижасидаги зарарларни қоплаш учун махсус субсидияларга тўғри келар эди.
Шундай қилиб, “шундай улкан салоҳиятга эга бўлган мамлакатни камситадиган оғир аҳволга солиб қўйиб, у қонуний, ҳақли равишда ўзига қарашли бўлган маблағни марказдан дотация сифатида сўраб, айтиш мумкинки, ёлвориб олишга мажбур эди”4 . Айни пайтда, Ўзбекистон Иттифоқ иқтисодий тизими билан чамбарчас боғланиб кетган бўлиб, барча собиқ иттифоқдош республикалар ўртасида ўзига хос кооперация ва меҳнат тақсимоти мавжуд эди. Ишлаб чиқариш барча тизим эҳтиёжларига мўлжалланган бўлса, ишлаб чиқариш мақсадларидаги товарлар ва истеъмол товарларининг умумий миқдори умуман буйруқбозлик иқтисодиёт доирасида белгиланар эди.
Натижада: “издан чиққан, бир ёқлама” ривожланган, пахта якка ҳокимлиги ва бой минерал ҳом-ашё ресурсларидан назоратсиз, аёвсиз фойдаланиш асосига қурилган иқтисодиёт;
- иқтисодий ривожланишнинг хом- ашёвий йўналиши, хом-ашёни оддий-содда қайта ишлаш қувватларининг ибтидоий даражаси, ишлаб чиқаришнинг четдан келтириладиган технологик асбоб-ускуна ва бутловчи қисмларга буткул қарамлиги;
- ёқилғи ва ғалла масаласида марказга қарамлик, ун, шакар, гўшт, сут маҳсулотлари каби энг муҳим озиқ-овқат молларининг, бошқа халқ истеъмоли товарларининг, тайёр маҳсулотларнинг четдан олиб келинишига қарамлик мерос бўлиб қолди.
Республика иқтисодий ҳаётининг ҳар бир жиҳатига таъсир кўрсатадиган барча асосий сиёсий қарорлар Иттифоқ давлати сиёсати нуқтаи назаридан қабул қилинар эди. Шу сабабли Иттифоқ парчаланганидан кейин Ўзбекистон мустақил иқтисодиёт юритишнинг зарурий институционал базасига ва иқтисодий йўналишга эга эмас эди.
3. Мусутақил Ўзбекистонда солиқ - бюджет сиёсатининг ривожланиш босқичлари Юқоридаги мезонларга биноан Ўзбекистонда солиқ - бюджет сиёсатининг ривожида учта узвий босқични кўрсак бўлади:
Солиқ-бюджет сиёсати ривожланишининг биринчи босқичи:
Биринчи босқич мустақилликка эришганимиздан бошлаб, 1994 йилгача бўлган даврни ўз ичига қамраб олиб миллий давлат молияси тизимининг шаклланиш даври бўлиб ҳисобланади. Бу босқич миллий даромаднинг катта қисми давлат бюжетида мужассамлаштирилиб, давлатнинг миллий даромадни тақсимлаш ва қайта тақсимлашдаги етакчи ўрни билан тавсифланади.
Бу даврда солиқ ва бюджет сиёсати миллий иқтисодиёт пойдеворини шакллантиришга, ишлаб чиқаришнинг янги тармоқларини ривожлантиришга ва самарали ижтимоий ҳимоя тизимини яратишга қаратилган эди. Айниқса, ўша пайтда Россияда ўтказилаётган “шок терапияси” сиёсати сабабли ижтимоий зарур товарларнинг нархи кескин ошиб кетганлиги оқибатларининг олдини олиш тадбирлари бюджет сиёсатининг энг долзарб масалаларидан бири бўлган эди. Жумладан ун, шакар, гўшт, сут, чой, гуруч ва бошқа ижтимоий аҳамиятга молик бўлган товарлар учун давлат бюджетидан катта миқдордаги дотацияларнинг ажратилиши билан истеъмол нархлари кескин ошишининг олди олинди, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларининг эқтиёжлари қондирилди ва жамиятда ижтимоий барқарорлик ва ахиллик сақлаб қолинди.
Солиқ-бюджет сиёсати ривожланишининг иккинчи босқичи:
Иккинчи босқич 1994-1999 йилларни ўз ичига олиб, солиқ ва бюджет тизимининг барқарорлашуви ва тузилмавий жиҳатдан ривожланиши, ҳамда бюджет ижросининг ҳалқаро андозаларга ўтилганлиги билан тавсифланади. Бунда бюджет ижросининг миллий валюта - сўмда амалга оширилиши ва Солиқ кодексининг (1998) қабул қилиниши натижасида давлат молияси тизими моҳиятидан янги мазмун ва шаклга эга бўлди.
Солиқ сиёсатининг фундаментал масалалари бўлган солиқ турлари ва ставкалари, умумдавлат ва маҳаллий солиқлар таснифланиши, солиққа тортиш методологиясининг асослари ва бошқа умумиқтисодий масалалар Солиқ кодексида аниқ ва равшан белгилаб берилди. Натижада, Ўзбекистон Республикаси ҳалқаро экспертлар текширувидан ўтган замонавий солиқ сиёсатининг барқарор ҳуқуқий пойдеворига эга бўлди.
Ўз навбатида Солиқ кодексида миллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар учун бир қатор имтиёзлар белгилаб берилди. Бу имтиёзлар қуйидаги мақсадларга қаратилди:
- ички бозорда истеъмол моллари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш;
- экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш;
- қўшилган қиймат солиғидан озод этиш ва ягона ер солиғини жорий қилиш орқали қишлоқ хўжалигининг мамлакат иқтисодиётидаги алоҳида ўрнини таъминлаш;
- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш;
- хорижий сармояларни жалб қилиш учун қулай молиявий шарт-шароит яратиш ва бошқалар.
Харажатлар нуқтаи назардан қарасак давлат бюджетининг таркиби такомиллаштирилди, харажатларнинг ижтимоий йўналганлиги кучайди, кўплаб турдаги харажатларни дастурлар асосида молиялаштиришга ўтилди, маҳаллий бюджетларнинг роли ошди ва бюджет тақчиллигини молиялаштиришнинг ноинфляцион услублари амалга татбиқ этилди.
Масалан, 1999 йилда бюджетдан маорифга, соғлиқни сақлашга, маданият, фан ва бошқа ижтимоий соҳаларга ажратилган маблағлар давлат бюджети харажатларининг 36,2%ини, ижтимоий ҳимоя харажатлари 9,0 % ини ёки барча ижтимоий харажатлар жами бюджет харажатларининг 45,2 %ини ташқил этди. Бунда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” доирасидаги маориф харажатлари жами бюджет харажатларининг 24,2 %идан ошиб кетди.
Охирги йилларда узлуксиз давом этиб келаётган иқтисодий ўсиш ҳалқ фаровонлиги ошишида ўз ифодасини топди. Оддий сўз билан айтганда, иқтисодий ўсишнинг статистика рақамлари аҳолининг ошаётган пул даромадларига айланди. Хусусан, биргина 1999 йилнинг ўзида энг кам иш ҳаки миқдори салкам 1,7 мартага оширилди ва нарх-наво ўсишини ҳисобга олган ҳолда энг кам иш ҳақи миқдори реал ҳисобларда деярли 1,5 баробар кўпайди.
Давлат молияси ривожланишининг иккинчи босқичи муҳим натижаларидан бири давлат бюджети тақчиллигининг ҳалқаро талабларга мос бўлган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 %дан ошмаганлигидир. Бунда, бюджет тақчиллигини молиялаштиришга жалб қилинаётган Марказий банк кредитлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,0 % дан ошмади. 1999 йилга келиб эса бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан бор йўги 1,7 %ни ташқил килди.
1994-1999 йилларни қамраб олган давлат молияси ривожининг иккинчи босқичига хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг солиқ ва бюджет сиёсати ўзининг самарадорлигини ҳаётда кўрсатди, мўътадил солиқ сиёсати ишлаб чиқаришнинг узлуксиз ўсишига асос бўлди, оқилона бюджет сиёсати эса мамлакатда макроиқтисодий барқарорликка эришишнинг молиявий пойдевори бўлди ва қолаверса аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг ишончли манбаига айланди.
Солиқ-бюджет сиёсатининг ривожланишининг учинчи босқичи:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Олий Мажлиснинг биринчи чақириқ ХIV сессиясидаги ва иккинчи чақириқ биринчи сессиясидаги маърузаларида белгилаб берилган жамият ҳаётининг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларини эркинлаштиришга қаратилган Бош стратегияси давлат молияси ривожининг учинчи босқичини бошлаб берди.
Шунга биноан, солиқ ва бюджет сиёсатининг истиқбол йўналишлари деб қуйидагилар белгилаб олинди:
- иқтисодиётда давлатнинг назоратчилик ва бошқарувчилик функцияларини қисқартириш;
- инфляцияни босқичма - босқич камайтириш ва уни йилига 6-8 % гача тушириш;
- аҳоли даромадларининг узлуксиз ошишини таъминлаш;
- аҳолини ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлаш тадбирларини изчан амалга ошириш;
- соғлом ва илғор ёш авлодни тарбиялаш учун тегишли шарт - шароитлар яратиш ва бошқалар.
Шуларга кўра, 2000 йилнинг ўзидаёқ, солиқ сиёсатига бир қатор ўзгаришлар киритилди. Хусусан, юридик шахслар учун фойда (даромад) солиғи ставкаси 33% дан 31% гача, аҳоли даромадларига солиқнинг энг юқори ставкаси 45 % дан 40 % гача пасайтирилди.
Экспортга маҳсулот чиқаришни рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналарининг бевосита ўз маҳсулотини экспорт қилишдан оладиган даромадлари фойда солиғидан (кичик корхоналар ягона солиқ бўйича) озод қилинди. Шу билан бирга, ишлаб чиқарилаётган жами маҳсулотнинг 25 % дан 50 % гача қисми экспортга жўнатилган тақдирда мулк солиғининг ярми тўланади, маҳсулотнинг 50 % ва ундан ортиқ қисми экспорт қилинганда эса корхоналар ушбу солиқдан бутунлай озод қилинадилар.
Бундан ташқари чет эл сармояларини жалб қилиш, маҳаллий хомашёдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида чет эл сармоялари иштирокидаги корхоналарга солинадиган фойда (даромад) солиғига нисбатан камайтириш коэффициенти жорий қилинди.
2000 йилда Давлат бюджети харажатларининг барқарор таркиби асосан сақлаб колинди, ижтимоий харажатларнинг улуши янада оширилди, молиялаштириш тартиби соддалаштирилди, ҳамда бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги мутаносиблик такомиллаштирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сонли қарори билан 2000 йилдан бошлаб бюджет ташқилотларини маблағ билан таъминлашнинг бутунлай янги тартиби жорий қилинди. Унга биноан бюджет ташқилотларининг мустақиллиги кенгайтирилди, раҳбарларнинг масъулияти оширилди, бюджетдан маблағларни олиш механизми соддалаштирилди, бюджет ташқилотлари ходимларини рағбатлантириш бўйича зарурий эркинликлар белгиланди. Ундан ташқари бюджет харажатларини молиялаштиришда соддалаштирилган харажатлар таснифи амалга татбиқ этилди, бюджет ташқилотларига бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилишда имтиёзлар берилди, бюджет ташқилотларини ривожлантириш жамғармасини тузишга рухсат этилди, уларнинг бюджетдан ташқари топган даромадлари икки йилгача барча турдаги солиқлардан озод қилинди
Молиялаштиришнинг янги тартибига ўтишнинг бирламчи якунлари бўйича шуни айтиш мумкинки, берилган имтиёз ва ҳуқуқлар бюджет ташқилотларининг қўшимча даромад манбаларини топиш ва бюджет маблағларидан оқилона ва тежамли фойдаланиш юзасидан манфаатдорлигини кескин оширди, ҳамда кредитор қарзларнинг сезиларли камайишига олиб келди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил август ойидаги сессиясида “Бюджет тизими тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди ва матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун чоп этилди. Қонун лойиҳаси бир неча йиллар давомида нуфузли хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида яратилди ва ҳалқаро андозаларга мос келиши билан ажралиб туради. Ушбу қонуннинг умумхалқ муҳокамасига киритилиши алоҳида аҳамият касб этмоқда. Чунки, Давлат бюджети мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ҳаётига у ёки бу йўсинда таъсир ўтказиши муқаррардир. Жамиятнинг ҳар қандай аъзоси ёхуд солиқ тўловчи, ёхуд бюджетдан бевосита ёки билвосита ёрдам олувчи бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, қонун лойиҳаси нафақат иқтисодчилар, молиячилар, олимлар ва талабалар томонидан, балки аҳолининг барча қатламларида қизғин муҳокама қилинмоқда. қонун лойиҳасининг муҳокамаси унинг янада бойишига, такомиллашувига ва қолаверса халқимизнинг ҳоҳиш-истакларига ҳамоҳанг бўлишига хизмат қилишига ҳеч қандай шубҳа йўқдир.
Ўз навбатида қонуннинг кучга киритилиши милий бюджет тизими ривожининг бурилиш нуқтаси бўлиб, бюджет жараёнининг барча босқичларининг қонуний - меъёрий жиҳатдан кескин ривожланишига асос бўлади.
Давлат бюджетининг 2004 йил лойиҳаси жорий йилда кутилаётган натижалар билан бир қаторда макроиқтисодий кўрсаткичларнинг 2005 йилга мўлжалланган истиқболлари асосида ишлаб чиқилди.
Биринчидан, солиқ юкини янада пасайтириш. Жумладан, хўжалик юритувчи субъектларга ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ва инвестиция фаолиятини янада кенгайтиришга шарт - шароит яратиш учун 2005 йилда юридик шахслар учун фойда солиғи даражасини 18 %дан яна ҳам тушириш таклифи Олий Мажлисга киритилган.
Мутахассисларнинг фикрича, юридик шахслар учун фойда (даромад) солиғи ставкасининг пасайтирилиши бирламчи даврда бюджет даромадларини камайтирса ҳам, келажакда ишлаб чиқаришнинг кенгайиши, ҳамда фойда (даромад) ҳажмининг кўпайиши ҳисобига солиққа тортиш базасини оширади ва бюджет даромадларининг кўпайишига олиб келади.
Билвосита солиқлар улушининг қисман ўсиши. Асосий билвосита солиқлар бўлмиш қўшилган қиймат ва акциз солиқлари ставкалари ва турлари ўзгармасдан қолиши режалаштирилган. Чунки ҳам маҳалий, ҳам хорижий ишлаб чиқарувчилар учун барқарор солиқ тизимининг аҳамияти жуда катта. Билвосита солиқлар улушининг ўсиши бевосита солиқлар улушининг нисбатан камайиши ва қўшилган қиймат ва акциз солиқларини йиғиб олинишини яхшилаш ҳисобига амалга ошади.
Замонавий чет эл технологиясини республикамизга олиб киришдаги имтиёзларга қўшимча қилиб, четдан республикамизга технологик асбобускуналарни олиб кираётган хўжалик субъектларини божхона божини тўлашдан озод қилиш мўлжалланган. Таклиф этилаётган тадбир йирик ишлаб чиқаришни республикамизда жойлаштириш (локализация) ишларини кенгайтириш, экспортга йўналтирилган сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилгандир. Ҳозирги вақтда келтирилаётган технологик асбоб - ускуналар фақат қўшилган қиймат солиғидан озод қилинганлар.
Кейинги йилларда давлат бюджети харажатлари қуйидаги устувор йўналишлар бўйича тадбираларни молиялаштиришга йўналтирилмоқда. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тадбирларини фаол амалга ошириш. Бу тадбирлар сирасига, биринчи навбатда, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, 16 ёшга тўлмаган болалари бор оилаларга, фарзанди ҳали 2 ёшга тўлмаган оналарга нафақалар тўлаш, ёлғиз пенсионерларга ёрдам бериш, ҳамда бюджет ташқилотлари ходимларининг иш ҳаки, стипендиялар, нафақалар ва пенсиялар миқдорини инфляция даражасидан юқори суръатларда ошириш ва бошқалар киради.
Бундан ташқари бюджет харажатларида Чернобиль АЭСида бўлган фалокат оқибатларини тугатишда қатнашган фуқаролар учун моддий ёрдам, ногиронлар учун протезлар сотиб олиш, ёлғиз қариялар уйларини молиялаштириш бўйича харажатлар амалга оширилмоқда.
Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларнинг устувор йўналишларини молиялаштириш. Бунда халқ таълими тизимини молиялаштиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонига биноан 1999-2005 йилларда соғлиқни сақлаш тизимида иқтисодий ислоҳотларни ўтказиш концепцияси ва асосий тадбирлар белгилаб берилди. Мазкур дастурда белгиланган вазифаларни амалга оширилиши натижасида:
- мамлакатда янги шошилинч тез тиббий ёрдами маркази ва унинг ҳудудлардаги шоҳобчалари тузилиши тиббиёт тизимидаги ислоҳотларнинг асосий негизи деб белгиланди;
- бирламчи тиббий хизмат сифатини яхшилашга йўналтирилган тадбиралар амалга оширилди, шу жумладн қишлоқ врачлик пунктларини 2001-2005 йиллар мобайнида қатиъян ривожлантирилди;
- оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларни соғломлаштириш масалаларига алоҳида аҳамият берилди.
Тиббиёт муассасаларини замонавий асбоб - ускуналар ва дори - дармон билан таъминлашга, уларни қайта тиклаш ва таъмирлаш тадбирларига бюджет харажатларида катта ўрин берилди. Шу билан бирга замонавий асбоб - ускуналар импорт қилиш учун тегишли миқдорларда хорижий кредитлар жалб қилинди.
Дастурнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда давлат бюджетининг харажатлари таркибида соғлиқни сақлаш харажатлари ўсиб борди. Инвестицион фаолликни янада оширишга бюджетнинг таърсири ўсиб борди.
Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий - иқтисодий ривожланиш эҳтиёжларини ҳисобга олиб, бюджет харажатларида капитал маблағлар жами бюджет харажатларининг салмоқли қисмини ташқил қилди. Бунда капитал маблағлар академик лицейлар ва касб - ҳунар коллежлари қурилишига, қишлоқ аҳолисини ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлашга, қишлоқ жойларда врачлик пунктларини бунёд этишга ва бошқа ижтимоий объектлар қурилишига, ҳамда тоғ - металлургия саноатига, янги ерларни ўзлаштиришга ва уларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга, телекоммуникация ва транспорт инфратизимини ривожлантиришга ва бошқа устувор лойиҳаларга йўналтирилди.
Давлат бюджетидан иқтисодиётни ривожлантиришга йўналтирилган капитал маблағлар салмоғи ортиб бормоқда. Бу ҳолат иқтисодиётда (бозорда) “ялпи талабни” ошириш орқали таклифни, яъни ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Хусусан, қурилиш материалари ишлаб чиқариш, қурилишмонтаж ишлари, юк ташиш соҳаларида ва бошқа “боғловчи” тармоқларда иқтисодий фаоллик ошади ва ўз навбатида солиқ базаси янада кенгайиб, бюджетдан ажратилган маблағларнинг маълум қисми бевосита ёки билвосита тарзда бюджетга даромадлар сифатида қайтиб келади. Бир сўз билан айтганда, давлат бюджетидан катта миқдордаги капитал маблағларнинг молиялаштирилиши мамлакатдаги “иқтисодий давр”нинг янада тезлашуви ва кенгайишининг сезиларли омилларидан бирига айланади. Капитал маблағлар билан биргаликда давлат бюджетида сув хўжалиги харажатлари, геология - қидирув тадбирлари, ўсимликларни зараркурнандалардан ва чорва ҳайвонларини касалликлардан сақлаш харажатлари ҳам ўз аксини топган. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмида қишлоқ ҳўжалигининг улуши салкам 30% ни ташқил қилиши ва бунда суғориладиган деҳқончилик асосий ўрин тутишини ҳисобга олган ҳолда сув хўжалигининг эксплуатация харажатлари жами бюджет харажатларида сезиларли салмоқни ташқил қилади.
Бошқарув идоралари харажатларини қисқартириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлатнинг бошқарувчилик ва назоратчилик функцияларини камайтириш доирасида бошқарув аппарати ходимлари сонини улар бажарадиган вазифага қараб қисқартирилди. Натижада, бу давлат бюджетининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини сақлаш харажатлари кейинги йилларда камайиб борди.
Жамият ҳаётини эркинлаштириш орқали фуқаролик жамиятини қуриш бошқарувнинг бир қатор функцияларини бевосита ҳалқнинг ўзига топширишни тақозо этар экан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идораларини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Бу соҳада кейинги йилларнинг ўзидаёқ бир қанча ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, бюджетдан тўланадиган икки ёшгача боласи бўлган ишламайдиган оналарга нафақалар илгари ижтимоий таъминот идоралари томонидан белгиланган бўлса, эндиликда улар маҳалла йиғинлари орқали ажратилмоқда. Шу каби 16 ёшгача болалари бўлган оналарга нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам пули кам макалла йиғинлари томонидан белгиланмоқда. Шуларни ҳисобга олиб хўжаликлар сони 500 дан ортиқ бўлган маҳалла йиғинлари раислари ва котибларига бюджетдан иш ҳақи тўланмокда.
Фуқароларнинг юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдаги ролини ошириш мақсадида кар бир маҳаллада “Маҳалла посбони” гуруҳлари ташқил этилди ва гуруҳ раҳбарларига бюджетдан маош белгиланди.
Бундан ташқари электр энергия, сув, табиий газ ва бошқа коммунал хизматлар учун тўловларнинг фуқаролар томонидан тўлиқ ва ўз вақтида тўланишида маҳалла йиғинларининг манфаатдорлигини ошириш мақсадида тегишли ҳудуддан тўлиқ тушган тўловларнинг бир қисми маҳалла ихтиёрида қолдирилиш механизми жорий этилди.
Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини ҳимоялаш, чегара сарҳадларининг даҳлсизлигини таъминлаш, қуролли кучларни ислоҳ қилиш ва замонавий қурол-аслаҳа билан таъминлашга боғлиқ барча тадбирларни амалга ошириш учун маблағлар давлат бюджетидан амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, молия бозорини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётга йўналтирилаётган кредитлар миқдорини ошириш мақсадида давлат қимматли коғозларини сотишдан тушадиган маблағларни жалб қилиш бюджет лойиҳасида кўзда тутилмаган.
Кейинги йилларда бюджет- солиқ тизимидаги ислоҳотларнинг ижобий пировард натижалари сифатида 2005- 2006 йилларда давлат бюджетининг профицит билан ижроси таъминланганлигини кўришимиз мумкин. Шунингдек, инфляция жараёнининг меъёрдаги даражасини таъминланиши ислоҳотларни ҳозирги шароитида макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг натижалари ҳисобланади.
ХУЛОСА
Молия-бюджет сиёсати - давлат ва маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан ўтказиладиган тадбирлар ва ҳаракатлар йиғиндиси бўлиб, у бюджет тизимини бошқаришда ва уларни ўз вазифаларини бажаришлари учун молиявий муносабатлардан фойдаланишлари бўйича молия бюджет соҳасидаги мақсад ва вазифаларни аниқлашни кўзда тутади, бюджетдаги пул маблағларини сафарбар этиш механизмининг ишлатилиш йўналишларини танлайди ва бюджет тизимида молия бюджет инструментлари ёрдамида иқтисодий ва ижтимоий жараёнларини тартибга солишни ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |