ҚАЙТА ИШЛАШ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ИҚТИСОДИЙ АҲАМИЯТИ ВА БАНДЛИКНИ ТАЪМИНЛАШДАГИ ЎРНИ.
Мамлакатимизда кейинги йилларда иқтисодий барқарорликни, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб саноат тармоғининг турли йўналишларини ривожлантириш билан бир қаторда қишлоқ хўжалигида ҳам саноатнинг аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор берила бошланди. Бунинг натижасида мамлакат ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқаришида саноатнинг улуши йил сайин ортиб бормоқда. Саноат корхоналари ривожланишини иқтисодиётимизда юз бераётган жиддий таркибий ва сифат ўзгаришларини биргина мисолда, яъни 2000-йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида саноатнинг улуши бор-йўғи 14,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 32,0 фоизга етганида яққол кўриш мумкин. Саноат и/ч 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 10,6 фоизга ўсди
Саноат тармоғини, айниқса қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, уни қишлоқ жойларда барпо этиш мамлакатимиз аҳолисининг иш билан таъминланишига, ялпи даромадимизнинг ошишига, жаҳон бозори учун тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришимизга омил бўлиб хизмат қилади.
Дунё бозорида ўз ўрнимизни янада ошириб бориш учун ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улушини ошириб бориш лозим. Бунинг учун албатта модернизациялаш, инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Инсон манфаатларини таъминлаш яна бир муҳим масала — аҳолимизнинг ярмидан кўпи яшайдиган қишлоқ жойларда ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш билан бевосита боғлиқдир. Шу сабабли биз бундан буён ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, илғор технологияларни жорий этишга асосий эътиборни қаратамиз. Шу билан бирга, хом ашёни, энг аввало, пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича аниқ режалар белгиланмоқда”.
Иқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг бутун жараёнини — хомашёни чуқур қайта ишлашдан токи уни тайёр маҳсулотга айлантиришгача бўлган йўлини — циклини, сарфланган харажатларнинг мақсадга мувофиқлигини таҳлилий асослаб бериш зарур. Ўз олдимизга қуйган мақсадларга эришиш учун ишлаб чиқаришни модернизациялаш, янги ва юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришни йўлга қуйиш, тайёр маҳсулотларни ташқи бозорга чиқариш, шу аснода янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини оширишга эришиш йўлида бир қатор чора тадбирларни амалга ошириш лозим.
Бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 78 фоиздан ортиғи айнан қайта ишлаш тармоқлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ўтган йиллар давомида иқтисодиётда таркибий қайта ўзгартиришларни янада кенгайтириш, вилоятдаги мавжуд хом-ашё захирасидан келиб чиққан ҳолда янги йўналишдаги ишлаб чиқариш тармоқларини ташкил этиш ва натижада рақобатбардош махсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, фаол инвестиция муҳитини шакллантириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш борасида жуда самарали ишлар амалга оширилди.
Сурхондарё вилоятида 2018 йилда вилоят корхоналари томонидан 3225,5 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсиш суръати 115,7 % ни, саноат ишлаб чиқариш индекси эса 113,8 % ни ташкил этди.
Жами саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўсишининг асосий омили бўлиб, қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш ҳажмининг –15,3 %га, тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлашнинг – 17,6 %га, электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялашнинг – 20,1 %га ва сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни утилизация қилишнинг – 12,4 % га ўсиши ҳисобланади.
2018 йилнинг январь-декабрь ойларида ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 2073,6 млрд.сўмни ёки жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 88,8 % ни ташкил этди.
Do'stlaringiz bilan baham: |