АЭС мамлакат электр энергетикаси истиқболи сифатида.
Бугунги кунда мамлакатимизда 35 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли сонининг йил сайин ўсиши ўз-ўзидан турли моддий захиралар, жумладан, электр энергиясига бўлган эҳтиёжни ҳам оширади.
Сир эмас, бугун халқимизни ташвишга солаётган муаммолардан бири электр энергияси тақчиллигидир. Албатта, ҳукуматимиз томонидан халқнинг эҳтиёжини имкон қадар қондириш борасида муайян чоралар амалга оширилмоқда. Юртимизнинг турли бурчакларида янги станциялар барпо этиш, эскиларини таъмирлашга эътибор қаратилмоқда. Аммо бу чоралар мамлакат ички эҳтиёжларини тўла-тўкис қондиролмаяпти.
Жаҳонда қайси мамлакатда аҳоли жон бошига ишлаб чиқариладиган электр энергия миқдори кўп бўлса, ўша мамлакат аҳолиси фаровон яшайди. Ўзбекистон аҳоли жон бошига электр қуввати истеъмоли тобора пасайиб бораётган мамлакатлар қаторидан ўрин олган. Ўзбекистонда 10 та иссиқлик электр станцияси ва 32 та ГЭС фаолият кўрсатади. Электр энергиясининг ўн фоиздан кўпроғи ГЭСлардан, қолган асосий қисми иссиқлик электр станцияларидан олинади. Ҳар йили мамлакатда 64 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилса-да, бу ички эҳтиёжларимизни тўла-тўкис қоплашга етмайди. Мамлакат бўйича паст кучланишли электр тармоқларининг 67 фоизи эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда. Таҳминларга кўра 2030 йилга бориб юртимизда электр энергиясига бўлган талаб 2 бараварга ошиши кутилмоқда. Шуларни таҳлил қилган ҳолда бу танқисликни қоплашнинг энг асосий йўлларидан бири АЭС бу масалага қисман бўлса ҳам ечим ҳисобланади.
Атом электр станцияси атом ядроси ажралиб чиқиши натижасида ҳосил бўладиган реакция асосида ишлайди. Ушбу жараёнда асосан уран ёки плутоний атомлари иштирок этади.
Атом электр станцияларининг устунликларига қуйидагилар киради:
1. жуда кам ёқилғидан улкан миқдорда энергия ишлаб чиқаради
2. электр энергияси ишлаб чиқариш арзонга тушади;
3. газ билан ишлайдиган 1000 МВт қувватга эга иссиқлик электр станцияси атмосферага йилига 13 минг тонна ва кўмир билан ишлайдиган иссиқлик электр станцияси 165 минг тонна зарарли модда чиқаради. 1000 МВт қувватга эга ИЭС йилига 8 миллион тонна кислород ютади. АЭС кислород истеъмол қилмайди ва юқоридагидек зарарли чиқиндилар чиқармайди;
4. уларни йирик ёнилғи манбаси яқинида қуриш учун зарурат йўқ. ИЭСга кўмир ва газ келтириш катта харажатларни талаб қилади, АЭСга керакли уран эса битта юк машинасига жойлашиши мумкин; Ўзбекистон уран захиралари бўйича дунёда 11-ўринда туради.
5. фойдаланилган ёнилғини қайта ишлаб, ундан яна ёнилғи сифатида фойдаланилади;
6. юқори қувват: битта энергоблокнинг қуввати 1000—1600 МВтни ташкил қилади.
7. кўп иш ўринлари яратилиши;
Ҳар бир лойиҳа ижобий хусусиятлар билан бирга камчиликларга ҳам эга бўлади. АЭСлар ҳам бундан мустасно эмас.
Атом электр станциялари қуйидаги камчиликларга эга:
1.нурланган ёнилғи хавфли ҳисобланади, уни қайта ишлаш ва сақлаш мураккаб жараён ҳамда кўп маблағ талаб қилади;
2.АЭС қуриш учун катта маблағ ва жуда кўп сув керак бўлади;
3.АЭС катта миқдордаги радиоактив чиқиндилар чиқаради ва уларни сақлаш учун катта инфратузилма талаб этилади;
4.АЭС билан бахтсиз ҳодиса юз бериш эҳтимоли жудаям кам, аммо бирор кор-ҳол содир бўлса оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳозирги вақтда дунё бўйича 31та давлат атом электр станциясига эга бўлиб, жами 190та АЭС фаолият кўрсатмоқда ва реакторлар сони 451тани ташкил этади.
Аксарият атом электр станциялари Европа, Шимолий Америка, Жануби-Шарқий Осиё ва собиқ СССР ҳудудида жойлашган.
2021 йил бошидаги ҳолатга кўра, дунё бўйича 60та реактор қурилиш босқичида. АЭС реакторларидан фойдаланиш муддати 30-40 йил, айрим ҳолларда 60 йилгача деб баҳоланади.
Шу билан бирга, айрим давлатларда АЭСлар фаолияти тўхтатилган. Бунга сабаблар бор. Биринчидан, қурилган АЭСлар анча эскирган ва замонавий эмас, иккинчидан, дарё ва денгизга қурилган АЭСлар сони кўплигидан сув ҳароратини кўтариб юборган ва АЭС учун етарли ҳароратдаги сув муаммо бўла бошлаган. Сув исиши натижаси сув табиати хавф остида қолган.
Республикамиз ҳудудида бундай юқори технологик ва йирик лойиҳа қурилар экан албатта жамоатчилик назаридан четда қолмаслиги ва шаффоф бўлиши керак. Шу сабабли, бу борада нафақат Ўзбекистон жамоатчилигининг фикрларини, балки давлатимиз билан умумий чегараларга эга бўлган қўшни мамлакатлар аҳолиси фикрларини ҳам ўрганиш зарур.
Ҳозирга қадар юртимиз ҳудудида жойлашган бир нечта хавфли кимё заводлари бехато ишлаб турибди. Табиий газ захираси 50–70 йилга, кўмир ундан кўпроққа етар экан, келажакни ўйлаб ҳам бошқа энергия манбаларидан фойдаланиш керак. У хоҳ атом, хоҳ водород, хоҳ Қуёш, хоҳ шамол энергияси бўлсин.
Тўғри, АЭС қурилиши натижасида электр энергияси нархи арзонлашмайди, лекин энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ҳаминқадар қондирилади. Юртимиздаги ўзгаришларни, шунингдек, бўлажак электр энергияси тақчиллиги глобал экологик кун тартиби бўлиб турган бир вақтда, ишлаб чиқариш қувватларининг ёмонлашуви, шунингдек, Ўзбекистоннинг атом энергетикасини ривожлантириш бўйича катта салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда АЭС қурилиши энг истиқболли ечимдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |