“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинларини қонун талаби асосида таъминлаш муаммоси турли омилларга, жумладан, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлангани, умумий маданият, фуқаролик жамиятининг шаклланиш даражасига боғлиқ. Гендер муаммосини ҳал этиш учун давлат ва жамиятнинг биргаликдаги куч-ғайрати талаб қилинади. Яъни гендер тенглиги давлатнинг ҳимоя сиёсати ҳамда хотин-қизлар ташаббуси орқали амалга оширилиши мумкин. Бу эса, келажакда сиёсий фаол, ҳуқуқий билимга эга, фуқаролик жамияти қуришга камарбаста фаол аёллар сафини янада кенгайтириш имконини беради. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги фаоллигини оширишга қаратилган хотин-қизларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бунинг исботидир. Жамиятда хотин-қизларни ҳар томонлама қуллаб-қувватлаш ва уларга ижтимоий кўмаклашиш борасида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда ва белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш борасида барча соҳа вакиллари биргаликда сайь-ҳаракат қилишмоқда. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди раиси томонидан Оққўрғон шаҳридаги “Қўрғонча” маҳалласида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан сайёр қабул ўтказиб, аҳолига “Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга мутасадди вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қўшма қарорнинг мазмун моҳияти ҳамда аёллар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ҳуқуқий тушунтириш берилди. Сайёр қабул жараёнида мурожаат қилган хотин-қизларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ва бошқа турли муаммолари юзасидан уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Учрашувда маҳалла раиси ва мутасадди ходимлар суд раисига яқиндан кўмаклашиб, қабулга келган хотин-қизларни муаммоларини ҳал этиш борасида шароит яратиб беришди.
Бундан ташқари, сайёр қабул жараёнида аёлларнинг суд-ҳуқуқ масалаларидан ташқари, иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун моддий ёрдам олиш, бепул тиббий ёрдам олиш ва бошқа ижтимоий масалалардаги мурожаатлари ҳам ўрганилиб, уларни тегишли идораларга йўллаш тартиблари тушунтирилди.
Санжар ИСАКУЛОВ
Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди раиси
Do'stlaringiz bilan baham: |