1-§. Устав капиталини ҳисобга олувчи счётлар (8300) 340. Корхона устав капиталининг ҳолати ва ҳаракати тўғрисидаги ахборотларни умумлаштириш қуйидаги счётларда амалга оширилади:
8310 “Оддий акциялар”;
8320 “Имтиёзли акциялар”;
8330 “Пай ва улушлар”.
341. Устав капитали - бу таъсис ҳужжатида белгиланган доирадаги фаолиятни таъминлаш учун таъсисчиларнинг (иштирокчиларнинг) корхона мулкига қўйган маблағлари (улушлари, акциялар номинал қийматида ва ҳоказолар)нинг пул ифодасидаги йиғиндисидир. Устав капиталини шакллантириш жараёни корхона ташкилий-ҳуқуқий шаклига мувофиқ равишда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги томонидан тартибга солинади.
Устав капитали рўйхатдан ўтказилган ҳажмда ёки тўланган акцияларнинг номинал қиймати йиғиндиси миқдорида акс эттирилади. Устав капиталининг ҳажми рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатларидаги суммадан ошиб кетиши мумкин эмас. Корхона устав капиталининг кўпайиши ёки камайиши фақат таъсисчиларнинг қарори асосида ва таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилгандан кейингина амалга оширилиши мумкин.
Акциядорларга корхона устав капиталидаги улушининг қайтарилиши устав капитали миқдорини камайтирмайди ва бу муомала айнан акциядорлик жамиятининг сотиб олинган хусусий акциялари каби 8610 “Сотиб олинган хусусий акциялар - оддий” ва 8620 “Сотиб олинган хусусий акциялар - имтиёзли” счётларининг дебетида пул маблағларини ҳисобга олувчи счётлар билан боғланган ҳолда ҳисобга олинади.
342. 8310 “Оддий акциялар” счёти оддий акцияларни ўзида мужассамлаштирган акциядорлик капиталининг ҳолати ва ҳаракати тўғрисидаги ахборотларни умумлаштириш учун мўлжалланган.
Акциядорлик жамияти давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин унинг устав капитали эмиссия проспектида рўйхатга олинган суммада 8310 “Оддий акциялар” счётининг кредити ва 4610 “Устав капиталига улушлар бўйича таъсисчиларнинг қарзлари” счётининг дебетида акс эттирилади. Корхонанинг акциядорлик капитали ҳисобда рўйхатдан ўтган, лекин эмиссияси тугалланмаган миқдорда ҳисобга олиниши сабабли эълон қилинган (чиқаришга рухсат берилган) чиқарилган (акциядорлар томонидан обуна амалга оширилган) ва муомаладаги оддий акцияларнинг ҳар қайси эмиссияси бўйича алоҳида аналитик ҳисоб юритиш талаб этилади.
Акциядорлик жамиятлари ўз устав капиталини муомалага қўшимча акциялар чиқариш ёки муомаладаги акцияларнинг номинал қийматини ошириш йўли билан ошириши мумкин. Акцидорлик жамиятлари устав капитали миқдори акциялар номинал қийматининг пасайиши, корхоналар томонидан акцияларнинг бир қисмини акция эгаларидан сотиб олиниши натижасида камайиши мумкин.
Акциялар ликвидлилигини ошириш мақсадида уларни майдалаб юбориш яъни, уларнинг номинал қийматини мутаносиб равишда камайтириб умумий миқдорини кўпайтириш усули қўлланилади. Акцияларни майдалаш натижалари акциядорлар капиталининг ҳажмига таъсир кўрсатмай, фақатгина янги муомаладаги акцияларнинг номинал қиймати ва миқдорини кўпайтириши сабабли ушбу муомалалар бўйича бухгалтерия ёзувлари амалга оширилмайди. Ушбу муомалаларни 8310 “Оддий акциялар” счётига очилган аналитик ҳисоб регистрларида қайд қилиш зарур.
343. 8320 “Имтиёзли акциялар” счёти имтиёзли акция кўринишида чиқарилган акциядорлик капиталининг ҳолати ва ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш учун мўлжалланган.
Акциялар 8310 “Оддий акциялар” ва 8320 “Имтиёзли акциялар” счётларда номинал қийматлари бўйича ҳисобга олинади.
8310 “Оддий акциялар” ва 8320 “Имтиёзли акциялар” счётлар бўйича аналитик ҳисоб корхонанинг таъсисчилари ва капиталнинг шаклланиш босқичи бўйича маълумотларнинг шаклланишини таъминлаши шарт.
344. 8330 “Пай ва улушлар” счёти корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларига асосан қатнашувчиларнинг улушларини ўзида мужассамлаштирган устав капиталининг ҳолати ва ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш учун мўлжалланган.
Давлат корхоналари давлат томонидан ажратилган асосий ва айланма маблағлардан ташкил қилинган устав капиталини белгиланган тартибда шакллантиради.
Корхона рўйхатдан ўтгандан кейин унинг устав капитали таъсисчиларнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган пай ва улушларидан ташкил топади ва 8330 “Пай ва улушлар” счётининг кредити, ҳамда 4610 “Устав капиталига улушлар бўйича таъсисчиларнинг қарзлари” счётининг дебет томонида акс эттирилади.
8330 “Пай ва улушлар” счёти бўйича аналитик ҳисоб корхонанинг ҳар бир таъсисчиси бўйича алоҳида юритилади.
345. Устав капиталини ҳисобга олувчи счётлар (8300)нинг боғланиши