Деконструкция. Бутунни қисмларга ажратиш, бўлакларга бўлиш маъносидаги юнонча analyusis (анализ) cўзининг лотинча маънодоши бўлган деконструкция атамаси постмодерн яратиқларни тушуниш ва тадқиқ қилишда муҳим очқич тушунча саналади. Илмий манбаларда қайд этилишича, дастлаб меъморчиликда қўлланган ушбу атама илмга 1964 йилда машҳур файласуф М. Хайдеггерга таянган ҳолда Жорж Лакан томонидан киритилган ва кейинчалик Жак Деррида уни назарий жиҳатдан асослаган. Меъморчиликда қачонлардир қурилган бинолар қисман бузилиб, муайян қайта қуришлардан сўнг тамомила янги иншоотга айлантирилиши деконструкция саналган. Таъкидлаш керакки, мавжуд биноларни деконструкция қилиш фақат постмодернизмга тегишли ҳолат эмас. Одамзод пайдо бўптики, олдин яратилган биноларни баъзан бугуннинг диди ва талабларига мослаб қайта қуришга уриниб келади. Ўзбекистонда ҳам бир қатор иншоотлар деконструкция қилинган. Жумладан, “Ватан” кинотеатри бир қадар ўзгартирилиб, Ҳамза номидаги академик театр биносига, у жиддий қайта қурилиб, Ўзбек миллий академик драма театрига айлантирилди. Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти биноси деконструкция ёрдамида таниб бўлмайдиган тусга кирди ва Кореянинг INHA университети сифатида қайта фаолият кўрсата бошлади. Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Постмодерн адабий асарни тадқиқ этишнинг методологик таянчи саналадиган деконструкция тушунчасининг моҳияти ҳар қандай матндаги ички имкониятларни аниқлаб, ундаги нафақат оддий ўқирман, балки шу асарни ёзган муаллифнинг ҳам хаёлида бўлмаган, аммо сўзларнинг ўзида табиий равишда ҳамиша бор бўлиб, муайян ўзгариш натижасида қалқиб чиқадиган янги маъноларни топишдан иборатдир. Деконструкцияга кўра матнда тилнинг ички табиатидан келиб чиқадиган ва инсон томонидан йўқотиб бўлмайдиган объектив мантиқ мавжуд. Яъни муайян матн орқали муаллиф бир фикрни айтмоқчи бўлади, амалда эса, унда қўлланилган сўзларни салгина ўзгартиш билан тамомила бошқа фикр келиб чиқади. Маъноли қисмлардан иборат матнни деконструкция қилиш, яъни бўлакларга бўлиб, айрим ўзгаришлар билан қайта тиклаш орқали янги маъно чиқариш деконструкциянинг вазифасидир.
Деконструктив ёндашув ҳар қандай бадиий матн ўз табиатига кўра ҳамиша муаллиф кўзда тутганидан жиддий фарқ қиладиган мазмунни ташийди деб ҳисоблайди. Бундай мантиққа биноан муайян мақсадларда атай ташкил этилган ва шу боис тез-тез ўзгариб турадиган иқтисодий, сиёсий, диний, тарбиявий ва бқ. тузилмаларга нисбатан турғун ҳодиса бўлган тил орқали ҳар қандай бадиий матнга деконструктия материали сифатида ёндашиш имкони бўлади. Матндаги сиртдан кўзга ташланиб турадиган мафкуравий мантиқни эмас, балки сўзлар ҳужайрасига кодлаб қўйилган иррационал мазмунни кашф этиш деконструкциянинг вазифаси саналади. Бундай ёндашувнинг матн замиридаги ҳар қандай мазмунни аниқлашга қаратилган ҳерменевтик ёндашувдан фарқ қиладиган жиҳати, биринчидан, деконструкцияда матндан иррационал мазмун қидирилади, иккинчидан, матндан табиий равишда келиб чиқадиган мазмун эмас, балки “истеъмолчи” истаган мазмун изланади.
Бадиий мантиқни ҳаётий мантиққа тўла кўчириш мумкин эмаслиги деярли ҳамиша айни бир бадиий матннинг турли одамлар томонидан турлича қабул қилинишига сабаб бўлади. Деконструкцияда муайян матннинг рационал мағзини тушунишдан кўра, ундан иррационал маъно чиқаришга имкон борлиги билан кўпроқ қизиқилади. Унда текширилаётган битикнинг тушунилишига эмас, балки матндан инсон тушуниб етмайдиган қирраларнинг намоён бўлишига кўпроқ эътибор қаратилади. Деконструктивистлар учун бадиий яратиқни ҳар қандай тушуниш азалий ва мангу хатодир, шу сабаб янгича талқинга ҳамиша эҳтиёж мавжуддир. Деконструктия ўз таҳлилинингда шундай қисматга маҳкум эканини ҳам кўзда тутади.
Деконструкция матн таркибини шунчаки демонтаж қилиш эмас, балки бўлакланган бутунга янгича маъно юклаб, қайта тиклашдир. Бу кечимда муайян бадиий матндан кўра у ҳақда шаклланган қарашнинг демонтаж қилинишига кўпроқ эътибор қаратилади. Чунки ҳар қандай бадиий матн тўғрисидаги ҳар қандай одамнинг ҳар қандай фикри ҳар қачон қайта кўриб чиқилишга лойиқдир. Деконструктив синчиликда бирор бадиий матн изоҳи юзасидан сўнгги фикр айтилди, якунланган тугал талқин қилинди дейиш мумкин эмас. Унга кўра, ҳатто, матн муаллифи ҳам ушбу асардан шундай маъно чиқади дейишга ҳақли эмас. Чунки адабий сўзнинг ҳар қандай қўлловчи, жумладан, муаллифга ҳам боғлиқ бўлмаган ўз яширин маънолари борки, бу ҳол ҳамиша деконструкцияга, яъни олдинги қарашни бузадиган янгича ёндашувга эҳтиёж ва имкон пайдо қилади. Деконструкцияда муайян матн битилиб, эълон этилгач, ҳар қандай муаллиф айни матнга таъсир кўрсатолмагани боис унинг учун йўқ ҳисобланади деган тўхтамни англатувчи “муаллиф ўлими” деган қарашга таянилади.
Деконструкция назариясида адабий синчилар матндан жамият аъзоларига маъқул келадиган хулосалар чиқаришга уринмасликлари, балки матнга бир ўйин майдони сифатида ёндашиб, ундан янги-янги маънолар топишлари керак деб қаралади. Матнга бундай ёндашув синчига битикдан кутилмаган маънолар чиқаришнинг саноқсиз имкониятларини беради. Шу йўсинда матннинг ўзгармас ҳақиқати ҳам, олдиндан белгилаб қўйилган мақсади ҳам кўзда тутилмайдиган, ўйнаб қилинадиган ва ҳеч қачон тугамайдиган эркин талқин юзага келади. Деконструкцияда матнга талқинчи ёки муаллиф томонидан фикрий чегара белгилашга йўл қўйилмайди, сўнгги ва нуқсонсиз таҳлил бўлиши мумкинлиги инкор қилинади ҳамда ҳар қандай матндан иккиламчи маъно, яширин мазмун, ички зиддият топишга уринилади.
Деконструктивистлар бадиий тафаккурнинг ҳар қандай тизимида объектив равишда ўқирман шуурига йўналтирилган мафкуравий стратегия мавжуд ҳамда у ҳамиша бадиий яратиқ тўғрисида ягона ва сўнгги ҳақиқатни айтишни даъво қилади деб ҳисоблайди. Деконструкция учун матнда тасвирланган ҳаётий воқелик, яъни тилдан ташқаридаги борлиқ муҳим саналмайди. Чунки тилдан ташқаридаги реаллик ўз табиатига кўра ўткинчи ва омонатдир. Бунга кўра тафаккурнинг мафкуравий табиати ҳар қандай адабий матнда бир-бирига қарама-қарши бўлган а) муаллиф нияти; б) ўқирман англами ва в) матннинг маъноси сингари учта куч тўқнашадиган майдонда намоён бўлади.
Бирор битик муаллифи маълум тарихий даврда яшаётган одам сифатида муайян тилнинг табиатида олдиндан мавжуд бўлган тушунча ва тасаввурларни ўзича қайта идрок этиши билан тилнинг мавжуд тизимини бирламчи “деконструкция” қилади. Аммо муаллифда ўз қарашларини тилда азалдан амал қилиб келинган шаклдан ўзгача тарзда ифодалаш имкони бўлмайди. Тил шахсиятлардан юқори турадиган куч сифатида муаллифнинг бирламчи нияти ифодаланишига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. У муаллиф ниятига таъсир кўрсатибгина қолмай, матнга бошқача мазмун юклаши, яъни муаллифнинг мафкуравий асосларини объектив йўсинда “деконструкция” қилиши ҳам мумкин. Постмодернизмда матнни таҳлил этишда ҳамиша қўл келадиган муайян миқдордаги қоида ёки ёндашувлар бўлмаслиги таҳлил ва тадқиқ йўсинларининг тинимсиз равишда ўзгариб туришини тақозо қилади.
Деконструкция бадиий матннинг таҳлили ҳам танқиди ҳам эмас. Унинг таҳлил эмаслиги шундаки, матн таркибини бузиш ва қайта қуриш олдинги ҳолатнинг ўзига шунчаки қайтиш ёки уни изоҳлашдан иборат эмас, балки унга янгича кўриниш ва оригинал мазмун бағишлашдан иборатдир. Деконструкциянинг танқид эмаслиги шундаки, бузиб қайта тикланган олдинги матн яроқсизга ҳам чиқарилмайди, инкор ҳам этилмайди, баҳоланмайди ҳам.
Деконструктив қарашга кўра борлиқдаги ҳар қандай мавжудлик озгина уриниш билан постмодерн санъат намунаси бўлиши мумкин, айни вақтда постмодерн санъат намунаси алоҳида мустақил мавжудлик эмас. Негаки, ҳамма нарсада бор нарса, айни бир нарса ҳолида йиғилмагани учун йўқ нарса ҳамдир. Деконструкциянинг моҳияти кўпинча таваккалига қилинадиган силжиш ва ўрин алмаштиришларда юзага чиқиб қолади. Аниқ ва қатъий белгилаб қўйилган ечимнинг йўқлиги; арзимас, майда, иккинчи даражали нарсаларга эътибор қаратиш ва ўйин қилиш орқали постмодерн санъатни юзага келтириш деконструкциянинг асосий белгиси ҳисобланади. Таниқли шоир Муҳаммад Юсуфнинг эл орасида анча машҳур “Оқ тулпор” шеъри қайсидир бир қизиқчи томонидан муайян ўзгаришларга йўлиқтирилиб, тамомила ўзгача ва арзимас мазмун ташийдиган битикка айлантирилганки, буни бадиий матннинг постмодерн деконструкциясига яққол мисол дейиш мумкин. Ўша қизиқчи ҳазил эффект учун шеър матнига киритган ўзгаришлар натижасида постмодерн деконструкция юзага келганини хаёлига ҳам келтирмагандир, балки. Аммо объектив равишда олдиндан мавжуд матнга киритилган ўзгариш орқали тамомила кутилмаган, олдингисига нисбатан тамомила бошқача маъно ташийдиган матн юзага келганки, бу деконструкция натижасида пайдо бўлган артефакт намунаси ўлароқ муайян қиммат касб этади. Мавжуд матннинг қандай деконструкция қилиниши тўғрисида тўлиқ тасаввур бўлиши учун олдин шеърнинг асл матнини келтирамиз:
Оқ тулпорим бор эди,
Беклар унга зор эди.
Оғайнилар, от менга
Ҳам дўсту ҳам ёр эди.
Ёлин ўпсам тиз чўкиб,
Кафтимдан сув ичарди.
Чуҳ, десам ер чангитиб,
Осмонларга учарди.
Уйимизга бир оқшом,
Қариндошлар тўлишди.
Тўй баҳона отимдан
Айирмоқчи бўлишди.
Отам: “Йигитсан, ўғлим,
Уйланмасанг, ор,-деди.
Қиз ярашар қучоққа,
Отга нима бор”,-деди...
От олдидан бошланди
Чимилдиққа йўлакча.
Кечир, ёрим, на қилай,
Отга меҳрим бўлакча...
Қолдим икки ўт аро,
Гўшангада – дилдорим.
Келин келган кечадан
Аразлади тулпорим.
Борми биздек ошиқлар,
Баҳоримда куз йиғлар.
Қизни ўпсам, от йиғлар,
Отни ўпсам, қиз йиғлар.
Бир бор ўпсам хотинни,
Уч бор ўпдим отимни.
Жонни қийнаб яшадим,
Кимга айтай додимни.
Ёрдан кечдим отни деб,
Элга бўлдим эрмаклар.
Қайдан билсин от қадрин,
От минмаган эркаклар!?
“Оқ тулпор” шеърининг қизиқчилардан бири томонидан деконструкция қилиниб, янги маъно билдирадиган матни эса тубандагича:
Do'stlaringiz bilan baham: |