5.5. Режалаштиришни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари
Давлатнинг иқтисодий стратегиясида бошқарув ва унинг энг муҳим функцияси бўлган режалаштиришни такомиллаштириш алоҳида ўрин эгаллайди. Чунки у режалаштиришнинг барча даражалари ва соҳаларида қонуний жараён ҳисобланади. Бу эса жамиятда ишлаб чиқариш кучлари ва ишлаб чиқариш муносабатларининг тараққиёти билан боғлиқ бўлган вазифалар билан белгиланади.
Саноат ишлаб чиқаришини режалаштиришни такомиллаштириш соҳасида энг аввало, қуйидаги вазифаларни ҳал этиш лозим:
режалаштиришнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тезлатишга, саноатнинг илғор структурасини шакллантиришга, уни балансли ва мутаносиб ривожлантиришга, ишлаб чиқаришнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳамда илмий ва техникавий салоҳиятдан самарали фойдаланишга таъсирини кучайтириш;
фан-техника тараққиётини жадал ва узлуксиз амалга оширишни оқилона башорат қилишга эришиш;
башорат қилиш билан истиқболли ва жорий режалаштириш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш. Бу вазифаларни амалга ошириш технологияларидан кенг фойдаланиш;
режа кўрсаткичлар тизимини такомиллаштириш, уларни пировард натижалар сари йўналтиришни кучайтириш ҳамда меҳнат, моддий, молия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини, маҳсулотнинг сифати ва уни янгилаш миқёсларини акс эттирадиган кўрсаткичлардан кенг фойдаланиш.
Галдаги энг муҳим вазифалардан бири режалаштиришнинг илмий савиясини, даражасини оширишдир. Режалар илмий тарзда тузиб чиқилиши, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан асослаб берилган ва тўла-текис баланслаштирилган бўлиши керак. Аниқроқ қилиб айтганда, миллий иқтисод, жумладан, саноат режаларида кўзда тутилган ишлаб чиқаришни ўстириш, ялпи ички маҳсулотни кўпайтириш суръатлари ва асосий мутаносибликлар оптимал бўлиши, яъни мавжуд имкониятлардан янги жамиятнинг объектив иқтисодий қонунларига мувофиқ равишда энг яхши, энг самарали фойдаланишни таъмин этиш керак. Ҳозирги жадаллашган фан-техника тараққиёти шароитида режалаштиришнинг энг муҳим вазифаларидан бири илм ва техниканинг сўнгги ютуқларини саноат орқали тез суръатларда ўзлаштириб олишни режаларда, айниқса, истиқболли режаларда кўзда тутишдан иборат. Истиқболли режаларнинг ролини ошириш режалаштириш учун илмий ва амалий жиҳатдан асосланган нормативлар системасини вужудга келтиришни талаб этади. Шундагина режалаштиришда таваккалчилик юз беришининг олдини олиш ҳамда ишлаб чиқаришнинг натижалилигини юқори даражага кўтариш бўйича имкониятларни ишга солиш мумкин бўлади.
Ишлаб чиқаришни ривожлантиришни шундай режалаштириш керакки, натижада маҳсулот ишлаб чиқариш кўпая борсин, меҳнат унумдорлиги борган сари кўтарилсин, маҳсулотнинг таннархи пасайсин, корхона фойдаси ошиб борсин.
Хўш, бунинг учун нималар қилиш керак?
Бунинг учун энг аввало, инвестициялардан, моддий, меҳнат ва молиявий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланмоқ керак.
Режалаштиришни янада такомиллаштириш учун бу жараён билан шуғулланадиган идораларни истеъдодли ва иқтидорли, билимдон, обрўли, ўз ишининг кўзини биладиган кадрлар билан мустаҳкамлаш керак. Фақат шундай мутахассисларгина бу соҳадаги ўзбошимчаликлар ва субъективизмга батамом барҳам бериши мумкин бўлади.
Режа тузиш ишнинг бир қисмигина холос. Унинг бажарилиши ва ошириб бажарилиши ҳар бир раҳбар ва ходимнинг ақл заковати, ташаббускорлиги ва фидокорона меҳнатига боғлиқдир. Агарда жамоа ва унинг ҳар бир ходими ўз вазифаларини мунтазам, беками-кўст бажариб борса белгиланган режалар албатта, муваффаққиятли бажарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |