2.2. Саноат тармоқлари ва уларнинг ривожланиши
Саноат ишлаб чиқаришининг тарихий ривожланиши ва унинг асосий якунлари тўғрисида сўз юритилганда шуни таъкидлаш керакки, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида «Уй саноати»нинг ривожи бундан 12-15 минг йил муқаддам мезолит даврида бошланган. Бу даврда жуда оддий меҳнат қуроллари ва буюмлари тайёрланган.
Янги тош асри (неолит, милоддан аввалги 5-минг йилнинг боши) даврида кемачилик, тўқимачилик вужудга келган. Неолит даврининг охирида металлдан қурол ясаш бошланган.
Археологик топилмалардан маълум бўлишича, милоддан аввалги 3-минг йилнинг охиридаёқ ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаган аҳоли мисдан қурол ясашни билган.
Қулдорлик тузуми (м.а. 1-минг йиллик ўрталари V аср) даврида меҳнат қуролларининг тараққий этиши, металлга ишлов беришнинг такомиллашуви ҳунармандчиликнинг ўсишига, айирбошлаш ва савдо-сотиқнинг кучайишига олиб келди.
Феодализм тузумининг бошларида (VI-VIII асрларда) Фарғона билан Сўхдан олтин, мис, темир, Илоқда қўрғошин, кумуш, олтин, Шаҳрисабзда тоштуз қазиб чиқарилган.
IX асрда Самарқанд ўзининг сифатли қоғози ва лампа шишаси билан машҳур бўлган. Шош вилояти кўнчилик маҳсулотлари билан донг таратган. Ўша даврда Ўрта Осиёдан Шарқий Европа, Хитой ва бошқа юртларга Буюк Ипак йўли орқали чарм, мато, ипак, жун, кийим–кечак чиқарилган.
X-XIII асрларда юз берган феодал тарқоқлик, қабила ва элатлар ўртасидаги низоларнинг авжига чиқиши туфайли ҳунармандчиликда йирик ўзгаршлар рўй бермаган.
XIV асрнинг 2-ярмида Амир Темур Самарқандда ҳокимиятни қўлга киритиб, марказлашган давлатга асос солди. Натижада давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий равниқига катта йўл очилган.
XV асрнинг охирига келиб Моварауннаҳрда юзага келган зиддиятлар туфайли Темурийлар давлатининг иқтисодий негизига путур етади ва ривожланиш тўхтаб қолади.
XVI-XVIII асрларда Бухоро, Хива, Қўқон хонликларининг вужудга келиши иқтисодиётнинг, шу жумладан, саноат ишлаб чиқаришининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади ва XIX асрга келиб Туркистонда ҳунармандчиликда ёғоч ва металл ўймакорлиги, идишларга нақш солиш, матоларга гул босиш, қуролларни бадиий безаш ривожланади. Бу асрнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ҳудудида тараққиёт тезлашиб саноат, айниқса ип-газлама саноати ривож топди.
XX аср бошларида бир қанча пахта тозалаш, ёғ-мой заводлари қурилиб ишга туширилди. 1925-1926 йилларда электростанциялар қурила бошланди ва биринчи бўлиб Тошкент яқинида қурилган Бўзсув гидроэлектростанцияси 1926 йил 1 майда ишга туширилди.
Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Термиз ва Асака шаҳарларида иссиқлик электростанциялари қурилиши бошланиб, 1930 йилда уларнинг сони 30 га етди. Ўсиб бораётган энергетика базаси бир қанча янги саноат корхоналари қуришга имконият яратди.
Иккинчи жаҳон урушигача бу ерда 500 дан ортиқ саноат корхоналари жумладан, «Ташсельмаш», Тошкент тўқимачилик комбинати, Чирчиқ-электрокимё комбинати, Каттақўрғон ёғ заводи, Бекобод ва Қувасой цемент корхоналари қурилди. Нефть ва рангли нодир металлар қазиб чиқариш, қурилиш саноати маҳсулотларини тайёрлаш ривож топди.
Уруш бошланиши билан Респулика халқ хўжалиги, жумладан, саноат ишлаб чиқариши ҳарбий мақсадларга қаратилди. Бу ерга немис фашистлари эгаллаб олган ҳудудлардан 100 га яқин саноат корхоналари кўчириб келтирилди ва улар қисқа вақт ичида тўла қувват билан ишлай бошлади. 1941-1945 йиллар давомида Республиканинг индустриал тараққиёти ГЭС лар қуриш билан энергетика базасини кучайтириш, қишлоқ хўжалиги, аҳоли ва фронт эҳтиёжларини қондирадиган завод ва фабрикаларни қуриш йўлидан борди. Бу даврда 280 та йирик, ўрта ва кичик корхоналар қурилиб ишга туширилди. Натижада Ўзбекистон Армиянинг саноат арсеналларидан, яъни аслаҳахоналаридан бирига айланди.
Урушдан кейинги йилларда ҳам саноат тараққиётига эътибор қаратилгани сабабли унинг бир қанча янги тармоқлари ва корхоналар вужудга келди. Тракторсозлик, лифтсозлик, электротехника саноати, газ ишлаб чиқарш, уй рўзғор буюмлари тайёрлаш, йиғма темир бетон ва керамика саноати вужудга келди. Енгил саноатнинг трикотаж, чинни ишлаб чиқариш соҳалари юзага келди. Озиқ-овқат саноатининг таркибий қисмларида анчагина ўзгаришлар рўй берди. 90-йилларга келиб унинг йирик ва ўрта корхоналари 300 дан ортиб кетди.
Саноат тараққиётида ёқилғи – энергетика мажмуасининг ўрни алоҳида эътиборга молик. Унинг таркибига энергетика, нефть ва нефтни қайта ишлаш, газ ва газ конденсати, кўмир қазиб олиш ва бошқа бир қатор кичик соҳалар киради. Бу мажмуанинг ҳиссаси саноат комплексида 23,8%дан иборат.
Ўзбекистон республикаси жаҳондаги 10 та газ ишлаб чиқарувчи мамлакатлар жумласига киради. Бу ерда қудратли иссиқлик ва гидроэлектрстанциялар мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |