4.2. Аудитнинг мақсади, вазифалари ва манбалари
Асосий воситалар аудитининг бош мақсади – корхона эгалигида бўлган, корхона фаолиятида бир йилдан ортиқ фойдаланиладиган ва қайта сотиш учун мўлжалланмаган моддий ва номоддий активлар ҳаракати ва улар бўйича амортизация ажратмалари тўғри ҳисобланганига ва баланс, ҳамда молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботларда БҲМС талабларига мос акс эттирилганига ишонч ҳосил қилишдан иборат.
Асосий воситалар бўйича аудит текширувини ўтказиш жараёнида аудиторнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
асосий воситалар ҳаракати ва улар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблашга нисбатан самарали ички назорат тизимининг ташкил этилганлигини текшириш ва унинг сифатини баҳолаш;
бухгалтерия тизими маълумотлари ва молиявий ҳисоботларда акс эттирилган асосий воситалар ва ҳақиқатдан ҳам мавжуд ва улар бўйича ҳисоблашишлар ҳақиқатдан ҳам рўй берганлигига ишонч ҳосил қилиш;
асосий воситаларнинг барчаси тўлиқ ҳисобга олинганлигини текшириш;
асосий воситалар ҳаракати ва улар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблашда арифметик амаллар тўғри бажарилганлигини ўрганиш;
баланс ҳисоботида асосий воситалар ҳақиқий қийматида акс эттирилганлигини баҳолаш;
баланс ҳисоботида дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғри гуруҳлаштирилганлигига ва агар зарурат бўлса, улар бўйича зарурий қўшимча маълумотлар иловаларда тўлиқ ва тўғри келтирилганлигига ишонч ҳосил қилиш.
Асосий воситалар аудитининг асосий вазифаларига мувофиқ текширувни етти йўналишга ажратиш мумкин:
1) асосий воситалар мавжудлиги ва сақланишининг аудити;
асосий воситалар ҳаракатининг аудити;
асосий воситалар бўйича эскириш тўғри ҳисобланганлигининг аудити;
асосий воситалар қабул қилиниши бўйича операцияларни текшириш;
асосий воситалар тугатилиши тўғри ҳисобга олинганлигини текшириш;
асосий воситаларни таъмирлаш бўйича харажатлар асосланганлигини текшириш;
асосий воситаларга оид операциялар тўғри солиққа тортилганлигини текшириш.
Юқоридаги вазифаларни амалга ошириш асосий воситалар юзасидан аудит далилларига асосланади. Асосий воситаларни аудит қилиш вақтида фойдаланиладиган аудит далиллари корхонада қабул қилинган ҳисоб сиёсатига боғлиқдир. Булар журнал-ордерли, мемориал-ордерли, соддалаштирилган, компьютерда ишлов учун йўналтирилган, шунингдек, қўлланиладиган регистрлар рўйхати, уларнинг тузилиши, улардаги ёзувлар мунтазамлиги ва ёзув усуллари билан белгиланади. Лекин, асосий воситалар бўйича операцияларни ҳисобга олиш юзасидан қандай шакл қўлланишига қарамасдан улар дастлабки ҳисоб ҳужжатлари қуйидаги умумлаштирилган идоралараро шаклларида расмийлаштириши лозимлигини унутмаслик керак:
-АВ-1 шакли - асосий воситаларни қабул қилиш-топшириш далолатномаси (юк хати);
-АВ-3 шакли - таъмирланган, қайтадан тикланган ва замонавийлаштирилган объектларни қабул қилиш-топшириш далолатномаси;
-АВ-4 - асосий воситаларни ҳисобдан чиқариш далолатномаси;
-АВ-4а - автотранспорт воситаларини ҳисобдан чиқариш далолатномаси;
-АВ-6 - асосий воситаларни ҳисобга олиш бўйича инвентар варақаси ва бошқалар.
Асосий воситалар ва улар бўйича эскиришнинг синтетик ҳисоби 13, 10, 10/1-сонли журнал-ордерларда олиб борилади, маълумотларни компьютерлаштирилган технологияси қўлланилганда эса - "Асосий воситаларни ҳисобга олувчи счетлар", "Асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счетлар" счетлари бўйича дебет ва кредит айланмаларнинг машинограммаларида; Бош китобда; бухгалтерия балансда (1-сонли шакл); "Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот"да (2-сонли шакл); "Асосий воситалар ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот"да (3-сонли шакл) олиб борилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |