Корхонанинг инновацион салоҳияти – корхонанинг янгиликларни жорий қилиш ёрдамида бозор шароитларида фаолиятнинг самарадорлигини ошириш мақсадида корхонанинг ўзига хос хусусиятлари билан белгиланадиган ривожланиш қобилияти. Корхонанинг инновацион салоҳияти ташкилотнинг ички инновация жараёнидаги барча босқичларнинг (ижтимоий меҳнат ва ресурсларнинг сарф меъёрлари асосида) бир маромда кечишига имкон беради.
Кредит – жисмоний ва юридик шахсларнинг вақтинчалик бўш маблағларларини бир жойга жамлаб, уларни маълум бир тамойиллар асосида бериш жараёнида вужудга келган иқтисодий муносабатлар мажмуи.
Кутилаётган инфляция даражаси – мавжуд ижтимоий-иқтисодий ахборотлар, маълумотлар асосида алоҳида шахс ва корхоналар томонидан кутиладиган бўлғуси даврдаги инфляция даражаси.
Қўшимча қиймат солиғи – қўшилган қийматдан олинадиган солиқларнинг бир тури ҳисобланади. Товарларнинг реализацияси, хизмат кўрсатиш ва бошқа ишларни бажаришдан олинади. Сотиш оборотига нисбатан маҳсулотларнинг турларига кўра фоизларда белгиланади.
Макроиқтисодий кўрсаткичлар – мамлакат яхлит иқтисодиёти даражасидаги ижтимоий-иқтисодий жараён ва ҳодисаларни ўлчаш ва баҳолаш имкониятини берувчи кўрсаткичлар. Масалан, ялпи ички маҳсулот, миллий даромад, иқтисодий ўсиш, ишсизлик, инфляция даражаси ва бошқалар.
Маркетинг – сўзи ўзбек тилида ҳам таржимасиз ишлатилади, у нафақат фалсафа, фикрлаш тарзи ва иқтисодий тафаккур йўналишигина эмас, балки айрим фирма, компания, тармоқ ва бутун иқтисодиёт бўйича амалиёт фаолиятини қамраб олади. АҚШ ва бошқа хорижий давлатлар иқтисодий адабиётларида маркетингга ҳар хил таъриф берилган. Улар орасида энг кенг тарқалгани қуйидаги мазмундаги таърифдир: “Маркетинг шундай жараёнки – унинг ёрдамида ўйланган ғоя режалаштирилади ва амалга оширилади, нархлар шакллантирилади, ғоялар, товарлар ва хизматлар кўрсатиш бўйича ҳаракатлар йўлга қўйилади, айрим шахслар ва ташкилотларнинг эҳтиёжлари айирбошлаш ёрдамида қондирилади”.
Микрокредит – хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва бошланғич сармояни шакллантиришга бериладиган кредитлар. Микрокредитлар: а) юридик шахс мақомига эга бўлмаган тадбиркорлик фаолияти учун – энг кам иш ҳақининг 50 баробаригача; б) микрофирма ва деҳқон хўжаликларига энг кам иш ҳақининг 100 баробаригача; в) фермер хўжалигига энг кам иш ҳақининг 200 баробаригача берилади.
Модернизация – (грекчадан moderne - янгича) - объектни такомиллаштириш, яхшилаш, янгилаш, уни янги талаб ва меъёрларга, техник шарт-шароитларга, сифат кўрсаткичларига мослаштириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |