9-мавзу. Глобаллашув, глобалистика ва барқарор тараққиёт тушунчаларининг ўзаро алоқаси ва фарқи
Режа
1. Глобаллашув - янги фалсафий мавзу. Глобаллашув ҳодисаси ва глобалистика
2. Глобал муаммоларнинг турли даражалари.
3.2017-2021 йиллардаги Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича харакатлар стратегиясида глобал муаммоларнинг тавсифи.
4. глобал муаммоларини ҳал қилишда халқаро кучлар бирлашуви; умумий ва хусусий манфаатлари.
Бугунги кунда замонамизнинг глобал муаммолари деб аталувчи муаммолар ҳақида эшитмаган одамни учратиш қийин. Бу муаммоларга демографик, энергетик, хом ашё муаммолари, уруш ва тинчлик муаммоси, экология ва бошқалар киради. Албатта, ушбу муаммолар илгари ҳам мавжуд эди, лекин фақат ХХ асрдагина улар глобал муаммоларга айланди. Инсоният тарихида мавжуд бўлган олдинги шунга ўхшаш муаммолардан улар шуниси билан фарқ қиладики, мазкур муаммолар планетар характерга эга. ХХ арснинг 40-йиллардаёқ К.Ясперс шундай деб ёзган: «Барча мавжуд муаммолар дунё муаммолари бўлиб қолди, вазият - умум инсониятнинг вазиятига айланди»1. Бугунги кунда дунёда бўлаётган ҳар бир ҳодиса, у экологик танглик бўладими, урушми, очликми, энергетик ва бошқа ресурсларнинг камайиб кетишими, маданиятдаги тангликми ёки демографик тангликми бундан қатъий назар улар энди локал, маҳаллий, миллий муаммолар бўлиб қолмай планета миқёсидаги глобал хусусият касб этмоқда.
Глобал муаммолар - бу шундай муаммоларки, улар бутун инсониятнинг манфаатларига дахл қилади, унинг келажагига хавф солади ҳамда улар бутун халқаро ҳамжамиятнинг иштироки билангина ҳал этилиши мумкин.
ХХ асргача мавжуд бўлган муаммолар ҳеч қачон бутун планета ҳамжамиятининг мавжудлигига хавф солмаган. Глобал муаммолар ХХ аср маҳсулидир ва уларнинг пайдо бўлиши инсон фаолияти билан боғлиқ. Глобал муаммоларнинг пайдо бўлишининг сабаби инсон фаолияти билан бугунги табиатдаги ва жамиятдаги аҳвол ўртасидаги қарама-қаршиликнинг ўсиб боришидир.
Ушбу сабаб, ўз навбатида бир қатор ички сабабларга бўлинади:
«жамият-табиат» тизимидаги қарама-қаршиликлар билан боғлиқ сабаблар.
Жамиятнинг ўзининг ичидаги ижтимоий тузилмалар (индивидлар, ижтимоий гуруҳлар, давлатлар ва халқаро тузилмалар) ўртасидаги қарама-қаршилик билан боғлиқ сабаблар.
Ушбу сабабларнинг моҳияти нимадан иборат?
1. ХХ асргача табиий бойликларни ўзлаштириш ва табиатга таъсир кўрсатиш локал хусусиятга эга эди. ХХ асрда инсоннинг хўжалик фаолияти планетар миқёсларга кўтарилди. Табиатга тушувчи антропоген юклар шу қадар кўпайдики, улар янги геологик кучга айланди. (В.И.Вернадский). Бу куч планетанинг бутун қиёфасини ўзгартиришга, биосферада ортига қайтмас сифат ўзгаришларига олиб келишга қодир. Бу ўринда озон қатламининг бузилганлиги ёки тропик ўрмонларнинг йўқ қилинганлигини эслашнинг ўзи кифоя. Вазият шундайки, инсоннинг ўзининг яшаб қолиши ҳақидаги масала кун тартибига қўйилган.
2. Ижтимоий ривожланишидаги нотекислик, мустамлакачилик, шунингдек, дунё бойликларини истеъмол қилиши ва тақсимлашдаги адолатсизлик шунга олиб келдики, бой ва камбағал мамлакатлар пайдо бўлди. Бу ҳол собиқ мустамлака ва ривожланаётган мамлакатларнинг қолоқлиги ва шу билан боғлиқ бўлган очлик, саводсизлик каби глобал муаммоларни туғдирдики, бу ўз навбатида инсоният олдига ана шу узилишни йўқотишга қаратилган янги тартибни яратишдан иборат глобал муаммони қўяди.
Ижтимоий ривожланишдаги ана шу нотекислик урушларга ҳам сабаб бўлди. Бироқ ХХ асргача давлатлар ўртасидаги низолар ва уларнинг оқибатлари локал-минтақавий хусусиятга эга эди. ХХ аср жаҳон урушларини юзага келтирди. Ҳозирги қурол-яроғларнинг хусусиятини ҳисобга оладиган бўлсак, учинчи жаҳон уруши юз бергудек бўлса, бўлса, бутун инсоният йўқ қилиниши масаласи пайдо бўлади. Шу сабабли халқлар ва давлатларнинг тинч-тотув яшашлари инсониятнинг глобал муаммосига айланиб қолмоқда.
Илгари маълум бўлган глобал муаммолар (демографик, экологик, озиқ-овқат ва ҳоказо) билан бир қаторда ХХ аср охирида ва ХХI аср бошида глобал муаммолар хусусиятига эга бўлган янги хавфлари юзага келди: халқаро терроризм, халқаро уюшган жиноятчилик ва бошқалар.
Ана шундай ўзига хосликлар туфайли глобал муаммоларни халқаро ҳамжамиятнинг иштирокисиз ҳал қилиш мумкин эмас. Уларни ҳал этишнинг зарур шарти инсониятнинг якдиллиги бўлиб, бу ўз навбатида интеграциянинг ўсиши ва жаҳон ҳамжамиятида бир-бирини тушунишнинг ортиб боришини тақозо қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |