Йўлнинг фойдали узунлиги тўлиқ узунлигининг ҳаракат таркиби (поезд) жойлашадиган қисми бўлиб, ҳаракат таркибининг туриши ёндош йўллардаги ҳаракатга халақит бермаслиги керак. Чиқиш сигналлари бўлмаган очиқ йўлларнинг фойдали узунлиги шу йўлларга тааллуқли стрелкали ўтказгичларнинг чегара қозиқчалари билан чегараланади, берк йўлнинг фойдали узунлиги эса бир томондан стрелкали ўтказгичнинг чегара қозиқчаси ёки стрелка бошланишидан иккинчи томон йўл охиридаги тўсиққача ҳисобланади.
Агар йўллар чиқиш сигналлари билан жиҳозланган бўлса, у ҳолда очиқ йўлнинг фойдали узунлиги бир томондан чиқиш сигнали ва иккинчи томондан чегара қозиқчасигача, ёки стрелка бошигача ҳисобланади. Чегара қозиқчаси стрелкали ўтказгичдан тармоқланувчи йўл ўқлари орсидаги кенглик 4100 мм бўлган жойда қўйилади ва ушбу чегара қозиқчасидан ўтиб тўхташ ён йўлдаги ҳаракатга хавф туғдирмайди. Стрелкали ўтказгич марказидан чегара қозиқчасигача ёки сигналчага бўлган масофа крестовина маркаси, крестовинадан кейинги эгри радиуси ва йўналиши, йўл оралиғи ва светофор таглигининг кенглигига боғлиқ бўлиб ҳисоблаб топилади.
Магистрал темир йўлларда станция йўлларининг фойдали узунлиги 1250 ва 1050 м стандарт узунликда лойиҳаланади. Янги лойиҳаланадиган I ва II даражали темир йўлларда фойдали узунлик 1050м.дан кам бўлмаслиги керак.
Йўловчи поездларни ўтказиш, қабул қилиш ва сақлаш йўлларининг фойдали узунлиги ушбу йўлда муомалада бўлиш учун мўлжалланган поездлар узунлигидан кам олинмайди. Кейинги йилларда йўловчи поездларнинг таркибини 24 вагондан, шаҳаратроф электрпоездлар таркибини 12 ёки 14 вагондан ортиқ узунликда тузиш амалга оширилмоқда. Бунинг учун станция йўллари ва платформалар узунлигини тегишлича узайтириш лозим бўлади.
Станцияларда саралаш йўлларининг узунлиги тузиладиган поезд таркибидан 10% узунроқ олинади. Саралаш ва участка станцияларда манёвр тортиш йўлларининг узунлиги поезд таркибининг тўлиқ узунлигига, оралиқ станцияларда эса камида ярим поезд узунлигига тенг олинади. Эҳтиёт берк йўлининг фойдали узунлиги камида 50м, тутиб қолувчи берк йўл узунлиги эса тегишли ҳисоблар бўйича олинади.
Станцияларда ҳар бир йўли ва стрелкали ўтказгич рақамланади. Бош йўллар рим рақамлари, қолганлари эса тартиб бўйича араб рақамлари билан белгиланади.
Стрелкали ўтказгичлар жуфт рақамли поездлар келадиган томондан биринчи стрелкадан бошлаб тартиб бўйича жуфт, тоқ йўналиш поездлари томонидан эса тоқ араб рақамлари билан белгиланади. Жуфт ва тоқ томонларни ажратиш чегараси қилиб станцияа йўловчи биносининг ўқ чизиғи, ёки катта станцияларда алоҳида паркларнинг ўртасида йўлларга кўндаланг ўқ чизиқ олинади.
Кириш сигнали станцияни ёндош перегон томонидан ажратиб чегаралайди ва поезднинг станцияга киришига рухсат беради ёки тақиқлайди.
Чиқиш сигналлари поезднинг станциядан перегон томонига жўнаб кетиши учун рухсат беради ёки тақиқлайди.
Чиқиш светофори ҳар бир йўлдан жўнайдиган поезд локомотиви тўхтаб турадиган жой олдида қўйилади. Чиқиш сигналларини қўйишнинг уч хил ҳолати бўлиб, улар тўғрисидаги маълумот тегишли адабиётларда батафсил ёритилади. Қуйидаги 8.1-расмда станцияларда кириш ва чиқиш сигналларининг қўйилиши кўрсатилган.