8-Мавзу: Ўзбекистон Республикасидаги ижтимоий ўзгаришлар.
Режа:
1. Мустақиллик арафасида ижтимоий-иқтисодий ва демографик вазият.
2. Мустақилликнинг дастлабки йилларида амалга оширилган ижтимоий чора-тадбирлар.
3. Мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш тизими ва унинг ривожланиши.
4. Ўзбекистон шароитида давлат ижтимоий сиёсат концепциясининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши.
5. Мустақиллик йилларида ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг демографик жараёнларга таъсири.
1. Мустақиллик арафасида ижтимоий-иқтисодий ва демографик вазият.
Мустақиллик арафасида совет ҳокимияти томонидан узоқ йиллар олиб борилган самарасиз ижтимоий-иқтисодий сиёсат натижасида 1980-йилларнинг охирига келиб барча иттифоқдош республикалар қаторида бўлганидек Ўзбекистон аҳолисининг ҳам яшаш шароитларини оғирлаштириб, уни кўплаб муаммолар исканжасига солиб қўйган эди. Бу муаммоларнинг барчаси 1980-йилларнинг охири, 1990-йилларнинг бошларида Ўзбекистонда ижтимоий кескинликнинг кучайишига сабаб бўлди. Хусусан: - республикада демографик вазиятнинг мураккаблашди. Статистик маълумотлар таҳлили аҳоли рўйхатга олинган давр оралиғида, яъни 1979-1989 йиллар давомида республикада жами аҳоли сони 15379,4 минг кишидан 19810,0 минг кишига ёки 28,8 фоизга кўпайганини кўрсатади. Бу даврда аҳолининг ўртача йиллик ўсиш суръати 2,8 фоизни ташкил қилган. 1991 йилга келиб мамлакатда аҳоли сони 20,7 миллион кишидан ортиб, 1990 йилга нисбатан 386,0 минг кишига ўсган. Бу эса Ўзбекистонда аҳолининг ўсиш суръатлари Иттифоқ суръатларига қараганда уч баробардан зиёд бўлган.
- республикадаги ижтимоий аҳволнинг, одамларнинг ижтимоий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг мутлақо қониқарсизлиги. Айниқса, қишлоқ аҳолисининг канализация ва водопровод билан таъминланиши атиги 5 фоизни, ичимлик сув билан таъминланиши салкам 50 фоизни, табиий газ билан таъминланиши 17 фоизни ташкил этар эди. Бу даврда республика барча асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича Иттифоқдаги ўртача даражадан ҳам анча орқада бўлиб, мамлакатда охирги ўринлардан бирига тушиб қолди. Аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш бўйича Иттифоқдаги ўртача даражадан 2 баробар, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш бўйича 2,5 баробар, саноатдаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан 2,5 баробар, қишлоқ хўжалигидаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан эса 2 баробар, аҳолининг ўрта ҳисобда гўшт маҳсулотлари, тухум, сут ва сут маҳсулотлари истеъмоли бўйича 2 баробар орқада қолган. Шўролар даврида ишсизлик фақат капитализмга хос иллат сифатида қараб келинди. Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятлари эътиборга олинмай, республикамизга хос демографик жараёнлар чуқурроқ таҳлил қилинмади. республикада меҳнатга лаёқатли бўлган 1.680 минг киши халқ хўжалигига жалб қилинмади. Улардан 780 минг меҳнатга лаёқатли бўлган аҳоли ортиқча ишчи кучи сифатида ишлаб чиқаришдан четда қолди. Айниқса аҳоли ўта зич жойлашган Фарғона водийсида ишсизлик масаласи янада ўткир муаммога айланди. Ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожланиш эҳтиёжларини етарлича ҳисобга олмаслик ижтимоий норозилик даражасининг ошишига, баъзан можаролар хусусиятига эга бўлишига олиб келди. 1989 йилда Фарғона вилоятида, 1990 йилда Бўка, Паркент, Андижонда бўлган воқеалар ана шундан далолат беради. Шундай қилиб, ХХ асрнинг 80-йиллар охири ва 90-йиллар бошларида Фарғона водийсидаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни таҳлили бу ердаги мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазият – тарихий мерос, иқтисодий-демографик жараёнларнинг икки ёқлама (дуал)лиги, ишлаб чиқаришнинг аграр соҳага ихтисослашуви, қишлоқ аҳолисининг кўпчиликни ташкил этиши билан боғлиқ бўлганини кўрсатди. Асосий муаммо борган сари ошиб бораётган ижтимоий-демографик омилнинг ижтимоий инфратузилманинг нотекис ривожланиши билан номувофиқлигида эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |