7-МАВЗУ: ХАВФСИЗЛИК, МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНИЙ
БАҒРИКЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ
РЕЖА:
Фуқаролик, миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлаш.
Давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш. Давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш.
Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш.
Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини ҳал этиш.
Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсати амалга ошириш.
1. Бугун юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик ўз-ўзидан вужудга келган воқелик эмас, балки давлатимиз миллий сиёсатининг ҳосиласидир. Чунки бу сиёсатнинг энг муҳим, устувор йўналишларидан бири барча миллатларнинг равнақи учун тенг шароит ва имконият яратишдан, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдан иборат. Бугун мамлакатимизда 130 тадан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандларидек яшаб, тараққиётимизга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Мустақиллик арафасида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун сиёсий, иқтисодий вазиятни изга солиш билан бирга миллатлараро муносабатларнинг барқарор тизимини яратиш, одамларда эртанги кунга ишонч, бир-бирига нисбатан аҳил-иноқлик, оқибат туйғусини уйғотиш зарур эди. Бу борада, биринчи навбатда, Ватанимизда яшаётган турли халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва бирдамликни мустаҳкамлашга, унинг қонуний асосларини яратишга жиддий эътибор қаратилди.
Миллий сиёсатни бевосита ҳаётга татбиқ этаётган ташкилотлардан бири Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур йўналишдаги ислоҳотлар бутунлай янгича маъно-мазмун касб этиб бормоқда. Чунончи, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишларидан бири Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат этиб белгиланган. Бугун шу асосда аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллатлар вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни, яқин қўшниларимиз билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ишлар олиб борилмоқда. Унга кўр 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек, концепциялар ва “йўл хариталари”ни ишлаб чиқишн ўз чига олган 29 та чора-тадбирдан иборат 28 та биндни амалга ошириш назарда тутилган давлат дастури қабул қилинди:
- Ўзбекистон Республиасининг давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш;
- киберхавфсизлик соҳасидаг норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
- Орол фожиаси оқибатида юмшатиш бўйича тизимли чора-тадбирларн кучайтириш;
- асосий хорижий шериклар билан муносабатларни йўлга қўйишнинг асосий принципларини белгилаб олиш;
- халқ дипломатиясини фаоллаштириш Ўзбекистон хориий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши фаолиятини такомиллаштириш;
- Ўзбекистон Республикасининг халқаро миқёсидаги нуфузини мустаҳкамлаш.
Мамлакатимиздаги миллатларни ягона Ватан туйғуси бирлаштиради. Барча қонунларимизда, хусусан, Ўзбекистон Конституциясида фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилган. “Ўзбекистон халқи” тушунчаси эса юртимизда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик учун маънавий асос бўлиб хизмат қилади. Ана шундай оқилона сиёсат натижасида мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллатларга мансуб фуқаролар Ўзбекистонни ўз Ватани, тақдирларини Ўзбекистон тақдири билан туташ, миллий маданиятлари ривожини Ўзбекистон тараққиётининг узвий қисми, деб билмоқдалар.
Ҳозир юртимизда 139 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатяпти. Улар мамлакатимизда истиқомат қилаётган бошқа миллатлар қадриятларини асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналари бардавомлигини таъминлаш баробарида ёшларимизни ўзга элатлар маданиятини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан миллий маданий марказларнинг молиявий имкониятларини яхшилаш орқали улар томонидан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, марказлар фаолиятига кенг жамоатчилик вакилларини, айниқса, ёшларни жалб қилишга доимий тарзда амалий кўмак кўрсатиб келинмоқда.
Жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг гранд маблағларини қўлга киритиш ҳамда кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш ишларига услубий ёрдам берилмоқда.
Бунинг натижасида 2019 йил давомида гранд танловларида ғолиб бўлган ҳамда ижтимоий фойдали лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган миллий маданий марказлар сони 20 тага етди. 2018 йилда улар сони атиги 6 та эди.
Халқаро ҳуқуқда “миллий озчилик” тушунчаси бор. Лекин Ўзбекистонда бу ибора ишлатилмайди. Чунки бу тушунчада барибир халқни кўпчилик ва озчиликка бўлиш мазмуни бор. Бизда эса Ўзбекистон фуқароларининг тенг ҳуқуқлилиги давлат томонидан кафолатланган. Бу мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликнинг, пировардида тараққиётнинг гаровидир.
Республикамизда таълим 7 тилда – ўзбек ва қорақалпоқ тилларидан ташқари рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида ҳам олиб борилади. Ана шу тилларда ҳам ўрта, ҳам олий таълим олиш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, кўпгина маданият марказларида якшанба мактаблари очилган. Уларда ёшларга она тили ва давлат тили, урф-одат ва анъаналар, маданият ва санъат ўрганилади. Бундай машғулотлар халқ таълими бўлимлари билан келишган ҳолда умумтаълим мактабларида ёки марказларнинг ўзида якшанба кунлари ташкил қилинади. Бугунги кунда Корейс маданият марказлари уюшмаси, рус, арман, яҳудий, поляк, грек, грузин, хитой, татар ва бошқа марказларда ана шундай мактаблар муваффақиятли ишламоқда. Телерадиокўрсатув ва эшиттиришлар 12 та тилда эфирга узатилмоқда, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилмоқда.
Юртимизда яшаётган барча миллат вакиллари, турли байрамларни, жумладан, Наврўзни ҳам ҳар йили кенг нишонлайди. Шунингдек, русларнинг Масленица, болгарларнинг Мартиница, арманларнинг Вардавар, полякларнинг Дожинки, корейсларнинг Чхусок, татар ва бошқирдларнинг Сабантуй, грекларнинг Охи сингари байрамлари барча миллат вакиллари иштирокида кенг нишонланиб келинади.
Республикада 36 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда, яна 2 та шундай жамият тузиш режалаштирилган. Яқин ва узоқ хорижий давлатлардаги ўзбек маданий марказлари билан доимий мулоқотлар ўрнатилган.
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамиятимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишига алоҳида тўхталиб, 2017 йил 30 июль – Халқаро дўстлик куни муносабати билан юртимизда биринчи марта “Дўстлик ҳафталиги”ни ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказишни таклиф этди.
Фуқаролар, миллатлар, конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш соҳасида:
- Миллий маданият марказлари ва дўстлик жамиятларининг ролини, шунингдек, уларнинг жамоатчилик ҳаётидаги иштирокини янада оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури (жами 141 та тадбир) тасдиқланди;
- Миллатлараро тотувлик принципларини қарор топтиришда минтақа мамлакатлари билан тизимли ҳамкорлик ўрнатиш, Марказий Осиёда миллатлараро кескинлик таҳдидларига биргаликда қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди;
- Ўтган йилнинг 15 ноябрь куни Тошкент шаҳрида хорижий мамлакатлар экспертлари ва олимлари иштирокида “Марказий Осиё – умумий уйимиз” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
2019 йилда Ўзбекистонда бир қатор муҳим халқаро тадбирлар, шу жумладан, “Халқаро бахшичилик санъати фестивали” (5-10 апрель, Термиз шаҳри), “Шарқ тароналари” (20-26 август, Самарқанд шаҳри) ва “Биринчи халқаро амалий санъат” (10-15 сентябрь, Қўқон шаҳри) фестиваллари ўтказилди.
Ўзбекистон кўпмиллатли, кўп конфессияли давлат шароитда диний бағрикенглик мамлакатимизда қурилаётган демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб қолаётганлиги табиий ҳолдир.
«Диний бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир Ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади».
Азал-азалдан диёримизда ислом, насронийлик, иудаизм каби динлар ёнма-ён яшаб келган. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир дамларида ҳам улар ўртасида диний асосда мажоро ва зиддиятлар бўлмаган. Ҳозирда Ватанимизда турли динлар ва дин вакиллари ўртасида умумбашарий қадриятлар асосида биродарликни мустаҳкамлашга муҳим аҳамият берилмоқда. Бунда республикамизда мавжуд бўлган 16 та диний конфессия бирлашмалари фаолияти катта аҳамият касб этаётир. Уларнинг ўз фаолиятини амалга ошириши ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиши учун ҳамма шароитлар яратилган.
Бу борадаги хуқуқий асослар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» ги қонунда ўз ифодасини топган. Диний бағрикенглик ғоясининг амалдаги тасдиғини 1995 йилда мусулмон ва христиан илоҳиётчилари иштирокида «Бир само остида» мавзуидаги халқаро христиан-мусулмон конференцияси; шунингдек Рус православ черкови Тошкент ва Ўрта Осиё эпархиясининг 125 йиллиги ҳамда Эвангелъ – Лютеран жамоасининг 100 йиллиги нишонланганлигида; ҳамда 1998 йилдан Тошкент Православ диний семинарияси, Самарқанд Протестант семинариялари фаолият кўрсатиб келаётганлигида кўришимиз мумкин.
Мамлакатимизда диний ташкилотлар учун барча шароитлар яратилган. Шу билан бирга, диний ташкилотларнинг сони ўсганини қайд этиш зарур. Хусусан, 1990 йилда республикамизда 119 та диний ташкилот (89 та исломий ва 30 та ноисломий) мавжуд бўлган бўлса, 1991 йилда 179 тага (146 исломий ва 33 ноисломий) етди, 2007 йилнинг январига келиб эса, уларнинг сони 2227 тани (2046 та исломий, 181 та ноисломий) ташкил этди. Улардан энг йириги Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Рус Православ черковининг Тошкент ва Ўрта Осиё Епархияси, Евангел христиан-баптистлар черкови, Рим-католик черкови, Тўлиқ Инжил христианлари черкови, Ўзбекистон Библия жамияти. Шунингдек, 1987 та масжид, 163 та христиан черкови, 8 та яҳудий синагогалари, 6 та Баҳоийлар жамоаси, 1 та Кришнани англаш жамияти, 1 та Будда ибодатхонасида фуқаролар эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча шароитлар яратилган.
“Жамиятимизда ҳукм сураётган ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада ривожлантириш, қайси миллат, дин ва эътиқодга мансублигидан қатъи назар, барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқларни таъминлаш эътиборимиз марказида бўлади“ (Ш.М. Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти).
Мамлакатимиз эришган барча ютуқларнинг пойдевори ҳам ана шу аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, тинчлик ва барқарорликдир.
2. Тинчлик бу бебаҳо, битмас-туганмас, қадри абадий бойликдир. Ривожланиш, ўсиш суръатлари, умуман олганда, жамиятнинг тараққий этиши аввало тинчлик қарор топишига бевосита боғлиқдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Бутун дунёда мураккаб вазият юзага келаётган, терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бораётган бугунги шароитда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаш — хавфсизлик ва барқарорликни ҳамда халқимизнинг осойишта ҳаётини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва кафолатидир”.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, ўзининг янги мудофаа тизимини яратиш, замонавий, ихчам армиясини барпо этиш вазифасини ўз олдига қўйди. Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 6 сентябрдаги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги тузилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И. Каримовнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди.
Жумладан, мудофаа ва хавфсизлик тузилмалари сафи миллий кадрлар билан тўлдирилди, барча талабларга жавоб берадиган, тезкор ва ҳаракатчан, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва техникага эга миллий армиямиз барпо этилди. Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматга чақириш бир йилда бир марта ташкил этилиб, уни ўташ муддати бир йил қилиб белгиланганлиги, сержантлар таркибининг сезиларли даражада кенгайгани, сафарбарлик чақируви резерви хизмати жорий этилгани миллий армиямиз қиёфасини ва мазмун-моҳиятини тубдан ўзгартириб юборди.
Профессионал армияни шакллантириш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли унда хизмат қилиш Ўзбекистон фуқароси учун нафақат конституциявий бурч, балки энг нуфузли касблардан бирига, том маънодаги шон-шараф ишига айланганлигини, бугунги кунга келиб ҳарбий хизматни ўташ истагида бўлган ёшларнинг сони кундан-кунга ортиб бораётганлиги бу йўналишдаги ислоҳотлар нақадар тўғри бўлганлигини кўрсатиб турибди. Бундай модернизация жараёнлари армиямизнинг қиёфасини, унинг мазмун-моҳияти ва жанговар имкониятларини, ҳарбий жамоалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни ижобий томонга ўзгартирди.
«Ҳозирги кунда дунёда олдиндан айтиш қийин бўлган вазият ҳукм сураётган мураккаб бир шароитда мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини чуқур англаган ҳолда, биз 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича қабул қилган Ҳаракатлар стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантиришни устувор йўналишлардан бири сифатида белгиладик» (Ш.М. Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти).
Мамлакатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар қудратини ошириш йўналишида:
- давлат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар қудрати ва қобилиятини ошириш мақсадида Мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, қуролли кучларнинг жанговар қобилиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар комплекс дастури ҳамда Хорижий шериклар билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни фаоллаштириш тизимини такомиллаштиришга доир амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди;
- 2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси мудофаа саноат комплексини ривожлантириш дастурининг лойиҳаси ва уни тасдиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара назорати сифатини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
- мамлакат ҳудуди ҳимоясининг вазифаларини ҳал этишда куч тузилмалари бўлинмаларининг яқин ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида жанговар тайёргарлик тадбирлари жадаллиги ўртача 1,5-2 бараварга ошди, ҳамкорликдаги куч тузилмалари билан 73 дан ортиқ биргаликдаги тактик, оператив миқёсдаги турли ўқувлар ва тадбирлар ўтказилди;
- Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар ва кундалик фаолиятини бошқариш маркази, Марказий ҳарбий округи ситуацион маркази, бошқа ҳарбий округ ва қўшилмаларнинг қўмондонлик пунктлари фаолияти йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, “Армия ва халқ бирлиги” тамойилига таяниб, республика мактабларидан тортиб олий ҳарбий таълим муассасаларигача ўзига хос ноёб ‒ узлуксиз ҳарбий-ватанпарварлик таълимининг яхлит тизими яратилди. Янги Қуролли Кучлар Академияси шакллантирилди, ҳарбий билим юртлари фаолияти такомиллаштирилди, айрим лицей ва коллежларда йигитларни олий ҳарбий билим муассасаларига тайёрлаш бўйича ихтисослик жорий қилинди, Қуролли Кучлар тизимида Ёшлар иттифоқи бирламчи бўлинмалари тузилди.
Миллий мудофаа-саноат мажмуаси шакллантирилди. Бу ишда биринчи қадам сифатида республиканинг барча ихтисослаштирилган корхоналарини бирлаштирган Мудофаа саноати давлат қўмитаси тузилди. Хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ҳарбий ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган саноат қувватлари яратиш чоралари кўрилди.
Ҳарбийлар, уларнинг оила аъзолари ва Қуролли Кучлар пенсионерларининг ижтимой ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилди. Уй-жой қурилиши дастури доирасида 1 200 нафар ҳарбий хизматчи оилалари учун 56 та уй бунёд этилди. Давлат чегарасини муҳофаза қилиш ва қуриқлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс ташкилий-амалий чоралар амалга оширилди.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизимини ҳар томонлама такомиллаштириш борасида:
- аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген ҳусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, ёнғинга қарши курашишни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатдан янги тизими жорий этилди;
- аҳоли барча қатламларини фавқулодда вазиятларга тайёрлаш тартибини такомиллаштириш ва оптималлаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди;
- Вазирлар Маҳкамасининг радиация аварияларини прогноз қилиш, аниқлаш ва тезкор ҳаракат қилиш бўйича ягона давлат тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори лойиҳаси тайёрланди.
Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида:
- жамоатчилик ва фуқаро хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарори қабул қилинди;
- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, Бош прокурори ва Миллий гвардия қўмондони республика ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат органлари, ташкилотлар ва жамоатчилик тузилмаларининг фаолияти ташкил этилиши ва мувофиқлаштирилишини таъминлаш учун бириктирилди.
«Global Terrorism Index - 2019» рейтингида терроризм хавфи даражаси бўйича Ўзбекистон 2018 йилга нисбатан ўз позициясини уч поғонага оширди ва 2019 йилда 132 ўриндан 135 ўринга кўтарилиб, дунёнинг энг хавфсиз мамлакатлари қаторида қолди.
Рейтингдан дунёнинг 160 мамлакати терроризмнинг хавфлилик даражаси бўйича ўрин олган. Шунингдек, энг хавфсиз давлатлар қаторида Туркманистон ва Белоруссия (138 ўрин) тан олинган. Эстония 123 ўринни, Латвия 117, Литва 107, Озарбайжон 103, Грузия 90, Қирғизистон 87, Қозоғистон 85, Тожикистон 50 ўринни эгалламоқда. Россия Федерацияси эса террористик хавф бўйича 4,9 баллни қайд этиб, рейтингнинг 37 ўрнини тўлдириб турибди.
3. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг аҳолиси энг кўп, бой табиий ресурсларга эга ва географик жиҳатдан қулай жойлашган мамлакати бўлиб, минтақанинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида ҳал қилувчи ўрин тутади.
Шунинг учун ҳам давлатимиз олиб борадиган ташқи сиёсат, қўшни мамлакатлар билан муносабати қарийб 70 миллионлик аҳолиси бўлган бутун минтақа тақдирига дахлдорлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Халқаро экспертлар, жаҳон оммавий ахборот воситалари асосий эътиборини Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг минтақа давлатлари билан олиб бораётган ташқи сиёсатига қаратаётганининг боиси ҳам аслида шунда.
2017 йил Ўзбекистон учун халқаро ҳамкорлик борасида ўзига хос самарали йил бўлди. “Марказий Осиё – ташқи сиёсатимизнинг бош устувор йўналиши” тамойили сўзда эмас, амалда ҳаётга татбиқ этилишига эришилди. Фақатгина 2017 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан минтақадаги давлат раҳбарлари билан қарийб 20 та учрашув ва музокаралар ўтказилди, юқори доирада 9 та давлатга 14 та ташрифлар уюштирилди. Хусусан:
- Туркманистон билан стратегик шериклик ўрнатилди, икки давлат ўртасида Амударёдан ўтувчи автомобиль ва темир йўл кўприклари фойдаланишга топширилди, қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш соҳасида ўзаро алоқалар мустаҳкамланмоқда.
- Қозоғистон билан муносабатларимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Икки давлат ўртасидаги чегара ўтказиш пунктлари (М-39) фаолияти қайта тикланди. “Тошкент-Олмаота”, “Самарқанд-Остона-Нурли Жол” йўналиши бўйича темир йўл қатновлари йўлга қўйилди. 2 миллиард АҚШ долларидан ортиқ ҳажмдаги савдо ва сармоявий битимлар имзоланди, ҳудудлараро алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
- Қирғизистон билан муносабатларда кўплаб баҳсли масалалар ҳал этилди. Давлат чегараси тўғрисида шартнома, Чегара ҳудудида ишонч чоралари тўғрисида битим ва Стратегик шериклик тўғрисида декларация имзоланди. Ўзбек-қирғиз давлат чегарасидаги қатор ўтказиш пунктлари очилди.
- Тожикистон билан ўзаро муносабатлар ижобий суръатларда ривожланиб бормоқда, савдо-иқтисодий алоқалар кенгаймоқда. Тошкент ва Душанбе ўртасида авиа қатнови йўлга қўйилди, икки мамлакатда маданият кунлари ўтказилди.
4. Маълумки, минтақа марказида жойлашган Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан умумий чегарага эга. Унинг узунлиги 7000 километрдан зиёд, жумладан, Қозоғистон билан – 2356,31, Қирғизистон билан – 1476,12, Тожикистон билан – 1296,9, Туркманистон билан – 1831,49, Афғонистон билан – 143 километрни ташкил этади.
Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан ҳамкорлиги фаоллашиши баробарида, Марказий Осиё мамлакатлари билан чегараларни делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича музокаралар жараёни мунтазамлик касб этди. 2016 йил август ойидан 2019 йил декабр ойига қадар Ўзбекистон ҳукумати делегацияси қўшни мамлакатлар ҳукумат делегациялари билан жами 65, жумладан, Қозоғистон билан 18, Қирғизистон билан 28, Тожикистон билан 9, Туркманистон билан 9, Афғонистон билан 1 учрашув ўтказди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 сентябрдаги Қирғизистон Республикасига, 2018 йил 9 мартдаги Тожикистон Республикасига давлат ташрифлари давомида ўзбек-қирғиз давлат чегараси ҳақидаги шартноманинг келишилган қисми ва Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг айрим участкалари ҳақидаги шартнома имзоланиши чегарани делимитация ва демаркация қилиш, чегараолди муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этди.
Пировардида, Ўзбекистон Президентининг очиқ ва прагматик сиёсати туфайли Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги давлат чегараларининг туташув нуқтасини белгилаб олиш масаласида англашувга эришилди. 2017 йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё бўйича юксак даражадаги Халқаро конференция доирасида бу борада тегишли шартнома имзоланди.
Қозоғистон билан давлат чегарасини делимитация қилиш ниҳоясига етиб, 2020 йил 23-24 январ кунлари бу ҳақидаги шартнома учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш бўйича музокаралар ўтказилди.
2017 йил март ойида мамлакатимиз Президентининг Туркманистонга давлат ташрифи чоғида Ашхободда эришилган юксак даражадаги келишувга мувофиқ, узоқ йиллик танаффусдан сўнг чегара масалалари бўйича ишчи гуруҳлар музокаралари тикланди.
2018 йил февраль ойида Афғонистон расмийлари билан бўлган учрашувда Амударё соҳиллари бўйлаб чегара чизиғини мустаҳкамлаш масаласи кўриб чиқилди.
5. Ўтган йили дунёнинг асосий йирик давлатлари билан давлатимизнинг муносабатлари сезиларли даражада мустаҳкамланди. Халқаро Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи, Туркия, Жанубий Корея раҳбарлари билан ўтказилган учрашув ва музокаралар Ўзбекистоннинг ушбу давлатлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштиришга ҳисса қўшди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки билан алоқалар қайта тикланди. Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорлик муносабатлари ривожланди. Хорижий давлатлар ва молия институтлари билан савдо-иқтисодий, инвестициявий-технологик ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришда улкан натижаларга эришилди. Хорижий ҳамкорлар билан 340 дан зиёд келишувлар тузилди, 53 миллиард доллардан зиёд битимлар имзоланди.
Ўзбекистоннинг БМТ Бош Ассамблеяси сессияси, ШҲТ, ИҲТ, МДҲ саммитлари ва Хитойда бўлиб ўтган “Бир макон – бир йўл” форумида халқаро хавфсизлик ва минтақавий ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш юзасидан илгари сурган янгича ёндашув ҳамда ташаббуслари халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланди. Хорижлик шериклар билан бирга БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси, БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” ҳақида махсус резолюциясини ишлаб чиқиш, ўсиб келаётган ёш авлодни турли террорчилик ва радикал тузилмаларга қўшилиб кетишининг олдини олиш бўйича биргаликдаги ишлар бошлаб юборилди.
БМТ махсус тузилмалари билан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлигимиз сифат жиҳатдан янги босқичга чиқди. Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар қабул қилинди.
“Бугунги кунда ён-атрофимизда диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” деган турли бало-қазоларнинг хавфи тобора кучайиб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу сўзларнинг чуқур маъноси ва аҳамияти янада яққол аён бўлади. Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда.
... Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим“ (Ш.М. Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти).
Ҳаракатлар стратегияси БМТ Бош Ассамблеяси қатнашчилари бўлган мамлакатлар диққат марказида 2017 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига тарихий ташрифи амалга оширилди ва илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. Президент нутқи ўзининг мазмундорлиги ва кўтарилган масалаларнинг аҳамияти билан алоҳида ажралиб турди. Нутқ замонамизнинг энг долзарб мавзуларини, жумладан Ўзбекистондаги ислоҳотлар, демократия, инсон ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, диний бағрикенглик, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология ва умуман, 2017‒2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини беш устувор йўналишда ривожлантириш Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурининг асосини ташкил этувчи бошқа йўналишларни қамраб олди ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлди.
Президентнинг Бош ассамблея мажлисидаги “Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши экани” ҳақидаги баёноти бу йўналишда илгари кўрилмаган фаол саъй-ҳаракатларнинг тасдиғи бўлди. Ўн йиллар давомида ҳал этишни ва бунинг оқибати сифатида минтақадаги вазиятни яхшилашни талаб этган минтақавий аҳамиятга молик долзарб вазифаларни ҳал этиш узоқ кутилган воқелик эди.
Президент таъкидлаганидек, “биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли минтақада кейинги ойларда сиёсий ишонч сезиларли даражада ўсди”. Бунинг натижаси сифатида трансчегаравий хусусиятга эга бўлган ва чорак асрлик тарихни қамраб олган “оғриқли масалалар” ўз ечимини топмоқда – булар чегараларнинг делимитацияси, сувдан адолатли ва оқилона фойдаланиш ва бошқа кўплаб масалалардир. Президент ўз нутқида Орол ҳалокатига ҳам алоҳида тўхталиб, ушбу кўп йиллик ва минтақа учун бирдай оғриқли муаммога халқаро ҳамжамият эътиборини кучайтириш жуда муҳим аҳамият касб этишини маълум қилди.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича позициясини ҳам маълум қилиб, “Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – бу марказий ҳукумат ва асосий ички сиёсий кучлар ўртасида дастлабки шартларсиз бевосита мулоқотдир”, деб таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги нутқи ниҳоятда мазмундор бўлганини, унинг фикрича, Ўзбекистон раҳбари БМТнинг юксак минбаридан туриб билдирган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга ва ўз вақтида илгари сурилганлигини ҳамда ушбу ташаббусларни халқаро майдонда илгари суришга кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилди ҳамда Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. БМТ раҳбари Ўзбекистон томонидан минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирларни юқори баҳолади ҳамда Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияни илгари суриш, Орол денгизи билан боғлиқ экологик фалокат оқибатларини юмшатишга халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини қаратиш учун барча имкониятларини ишга солишини билдирди.
“Биз Ўзбекистон ташқи сиёсатини фаоллаштириш юзасидан бошлаган кенг кўламли ишларни, миллий манфаатларимизга жавоб берадиган, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат йўлини давом эттирамиз. Олис ва яқиндаги барча давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини, узоқ муддатли ва кўп қиррали шерикликни янада кучайтирамиз”(Ш.М. Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти).
Бу борада Мурожаатномада қуйидаги вазифалар белгилаб берилди:
Do'stlaringiz bilan baham: |