Биринчидан, мия сиғими чекланган. Тўғри, баъзи инсонлар ҳайратомуз хотирага эгадирлар.
Қадимда ҳам бутун бир вилоятнинг муфассал харитасини ва бутун қонунлар тўпламини хотирасида
сақлашга қодир истеъдодли мутахассислар бўлган. Шундай бўлса-да, ҳатто мнемотехника усталари
учун ҳам ошиб бўлмас довонлар мавжуд. Ҳуқуқшунос Массачусетс штатининг қонунларини сув
қилиб ичиши мумкин, лекин бу штатда Салем жодугарлари жиноий процессидан бошлаб амалга
оширилган барча суд ишларининг тафсилотларини эслаб қололмайди.
Иккинчидан, инсон абадий яшамайди. Вафот этгач, унинг мияси ва мияда сақланган маълумотлар
ҳам йўқликка учрайди. Бошқача айтганда, бу маълумотлар яқин келажакда, бир неча ўн йилликлар
ошиб ўлимга маҳкум. Албатта, маълумотларни бир инсондан бошқа бир инсонга узатиб бориш
мумкин, аммо оғзаки узатиш жараёнида маълумотнинг бир қисми йўқолади ёки ўзгаради.
Учинчи ва энг муҳим сабаб – инсон мияси муайян бир турдаги маълумотнигина сақлаш ва қайта
ишлашга қодир. Қадимда овчи-теримчилар тирик қолиш учун минглаб ўсимлик ва ҳайвонларнинг
кўриниши, хусусияти ва одатларини ёдда сақлаб қолишган. Улар куз фаслида қайрағоч остида
ўсувчи бужмайган сариқ тусли қўзиқоринлар заҳарли, кўриниши уларга ўхшаш, аммо қишда эман
остида пайдо бўлувчи қўзиқоринларнинг ошқозон оғриғига даво эканлигини билишлари шарт эди.
Шунингдек, овчи-теримчилар қариндош-уруғининг феъл-атвори ва ўзаро муносабати ҳақидаги
маълумотларни ҳам ёдда сақлаганлар. Агар Люси Жоннинг шилқимлигидан безиб, ҳимояга муҳтож
бўлса, у кимга мурожаат қилишни билади. Ўтган ҳафта Жон Мэрини ранжитган эди, демак, Мэри
бажонидил Жонга қарши чиқади. Тириклик шартлари инсон миясининг эволюциясига кўмаклашди,
натижада инсон мияси ботаника, зоология, типография ва жамиятга оид сон-саноқсиз
маълумотларни тўплаш ва сақлашни ўрганди.
Аммо Аграр Инқилоб натижасида янада мураккаб жамиятлар вужудга келгач, мутлақо янги
кўринишдаги маълумотлар – математик маълумотлар ҳаётда катта аҳамиятга эга бўлди. Илгари
теримчиларнинг катта-катта сонлар билан ишлашига тўғри келмаган. Уларнинг ҳеч бирида
ўрмондаги барча дарахтнинг мевасини ҳисоблаб чиқиш зарурати бўлмаган, шу сабабли инсон мияси
сонларни сақлаш ва қайта ишлашга мослашиб улгурмаган. Аммо катта бир подшоҳликни бошқариш
учун математик маълумотлар сув ва ҳаводек зарур. Қонунлар чиқариш ва қўриқловчи худолар
ҳақида афсоналар сўйлашнинг ўзи етарли эмас, солиқларни ҳам тўплаш керак. Юз минглаб
фуқарога солиқ солиш учун уларнинг даромадию кўчмас мулклари, шу пайтгача тўлаб қўйилган
пуллар миқдори, қарз ва жарималари, имтиёз ва енгилликлари ҳақида маълумотлар зарур. Бу эса
миллионлаб байт дегани ва уларнинг барчасини сақлаш ва таҳлил қилиш зарур. Ушбу мўл-кўл
маълумотни эга бўлмай туриб, давлат ўз ихтиёрида қандай ресурслар борлигини ва қўшимча қайси
ресурсларни реализация қилишни била олмас эди. Бу рақамларнинг барчасини эслаб қолиш, керак
бўлганда ёдга олиш ва қайта ишлаш заруратига дуч келганда инсон мияси ортиқча зўриқади ёки
ўчиб қолади.
Миянинг бу жиҳати кишилик жамоатининг ўсиш ва мураккаблашиш имкониятини жиддий
равишда чеклайди. Маълум бир жамиятдаги одамлар ва мулклар сони критик қийматга етиши
биланоқ катта миқдордаги математик маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш зарурати туғилди,
инсон мияси эса уни сиғдира олмаганлиги сабабли навбатдаги тизим барбод бўлди. Аграр
инқилобдан минг йиллар кейин ҳам кишилик жамияти анчайин соддалигича қолиб, йириклашмади.
Жанубий Месопотамияда яшаган шумерлар биринчи бўлиб бу масаланинг уддасидан чиқишди.
Қуёшнинг жазирама нурлари остидаги унумдор серлойқа бу текисликларда мўл-кўл ҳосил битиб,
гуллаб-яшнаган шаҳарлар вужудга келди. Аҳоли шиддат билан ўсиб борар, шу билан бирга унинг
ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун зарур бўлган маълумотлар миқдори ҳам ошиб борарди.
Милоддан аввалги 3500-3000 йиллар орасида қайдадир номаълум бир даҳо инсон мияси сиғдира
олмаган маълумотларни сақлаш тизимини – айнан математик маълумотларни ишлаш учун
яратилган тизимни ихтиро қилди. Шундай қилиб, шумерлар инсон миясининг имкониятлари
томонидан қўйилган чекловлардан халос бўлишди ва нафақат шаҳарлар, балки шоҳликлар, ҳатто
империяларни қуриш имконига эга бўлишди. Номаълум шумер томонидан ихтиро қилинган
маълумотларни ишлаш тизими “ёзув” деб аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |