Эркин сайловларни ўтказишда оммавий ахборот воситаталарининг роли
Сўз ва фикр эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли. Айни чоғда, сайлов жараёнлари билан боғлиқ ҳолда таҳлил этадиган бўлсак, ҳам миллий, ҳам халқаро амалий таж-рибага мувофиқ, ана шу муҳим ижтимоий-сиёсий воқеага тайёргарлик, уни ўтказиш даврида аҳолининг уч қатлами сўз ва фикр эркинлиги ҳуқуқига эга бўлиши айниқса жиддий аҳамият касб этади. Булар:
умумий аҳолининг муайян қисми ҳисобланувчи сайловчилар;
оммавий ахборот воситалари;
сайланадиган ўринлар учун курашаётган ёки овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатадиган сиёсий кучлар.
Сайловчиларнинг бу борадаги эркинликлари таъминланиши, шакшубаҳасиз, уларнинг тўла ва аниқ ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи нечоғли ижобат этилишида намоён бўлади. Сиёсий партиялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларининг бундай эркинликлари эса ўз қарашларини эркин, ҳеч қандай сохталаштиришларсиз баён эта олиш, шунингдек, бу фикрлар сайловчиларга тушунарли бўладиган даражада етарли вақтга эга бўлиш лаёқатига боғлиқдир.
Демократик сайловларни эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Негаки, улар фуқароларнинг сиёсий партиялар фаолияти, уларнинг сайловолди дастурлари, депутатликка кўрсатаётган номзодлари, сайлов жараёнининг барча босқичлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаши лозим. Шундай қилиб, оммавий ахборот воситалари демократик сайловларни очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик асосида ўтказишда муҳим восита бўлиб, фуқаролик жамиятининг сайловда фаол иштирок этишига жиддий таъсир кўрсатади.
Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарлик кўриш жараёни ва сайлов қандай ўтаётганини ёритиб бориши мустаҳкамланган. Сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда оммавий ахборот воситалари тенг шарт-шароит ва имкониятлар принципига амал қилган ҳолда, депутатликка номзодларга, сиёсий партиялар вакилларига ўз эфир вақти ва нашр майдонини қонунда белгиланган тартибда тақдим этади. Бундан ташқари, улар фуқаролик жамияти институтларидан бири сифатида сайлов жараёнида жамоатчилик назорати вазифасини бажаради.
Сайлов жараёнининг барча босқичлари очиқлиги, ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликни сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида ОАВ орқали ўз вақтида холис хабардор қилиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан 2014, 2015 ва 2016 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ташкил қилинди. Ушбу марказ Марказий сайлов комиссияси сайлов компаниясининг асосий босқичларига бағишлаб ўтказадиган брифинглар, матбуот анжуманларини ташкил этади, мамлакатимиз ва чет эл ОАВ вакилларини мазкур муҳим демократик жараён билан боғлиқ зарур ахборот материаллари билан таъминлайди. Журналистларни Марказий сайлов комиссиясининг www.elections.uz сайтида эълон қилинган аккредитациядан
ўтказиш тартибига мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясига хорижий ва миллий ОАВ вакиллари билан қайтма алоқалар ўрнатилди.
Оммавий ахборот воситалари эркин демократик сайловларни ўтказишнинг муҳим бўғини ҳисобланади. Эркин ва адолатли сайловларнинг мазмун-моҳияти фақат мақбул муҳитда ўз овозини беришдан иборат эмас, балки сайлов жараёнларида барча сайловчиларга сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар, рўйхатга олинган депутатликка номзодларнинг сайловолди дастури, шунингдек, сайлов жараёнининг моҳияти ҳақида тўлиқ ахборот олиш шарт-шароитлари таъминланиши лозим. Бунинг натижасида сайловчилар тўлиқ ва етарли ахборот асосида ўзлари онгли равишда муносиб номзодни танлаб овоз бериш имконига эга бўлади.
Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида оммавий ахборот воситаларининг сайлов кампаниясини ёритиб бориш, сайловларнинг адолатли ҳамда қонуний ўтишига билвосита кўмаклашиш имконияти ҳуқуқий кафолатланган. Бинобарин, ушбу кафолатлар оммавий ахборот воситаларининг мамлакатимиз сайлов тўғрисидаги қонунларида назарда тутилган ҳуқуқ ва эркинликлари, мақсад ва вазифалари, бурч ҳамда масъулияти билан ўзаро уйғунлик касб этади.
Мамлакатимиздаги барча оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини кенг ёритишлари улар фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Эркин ва адолатли сайловлар нафақат муайян муҳитда фуқароларнинг ўз овозларини бериш имконияти таъминланганлиги, балки уларнинг тегишли номзодлар ва умуман бутун сайлов жараёни тўғрисидаги ахборотларга доир ҳуқуқларни кафолатлаш билан ҳам амалга оширилади. Зеро, ҳар бир сайловчи ўзининг муайян номзодга бўлган овозини ушбу номзод ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлган тақдирдагина ишончли ва асосли бериши мумкин. Шу жиҳатдан олганда, демократик сайловларни эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Сайловлар жараёнида оммавий ахборот воситалари томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назорати сайловчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат давлат томонидан кафолатланганлигини, балки давлат органлари фаолиятида уларнинг устувор бўлишини ҳам муайян даражада таъминлайди.
Оммавий ахборот воситалари давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайлови жараёнида сайловчиларни хабардор қилишда холис ва ҳаққоний бўлишлари, номзодлар ва партияларнинг тенглиги тамойилини бузмасликлари керак. Айнан ушбу ҳолат оммавий ахборот воситаларининг мазкур жараёнда амалга оширадиганфаолиятининг хусусияти ҳисобланади.
Сайловда иштирок этадиган барча номзодлар, сиёсий партиялар, қонунларга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ, ўз ташвиқотини олиб бориши учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишлари, радиоэшиттириш, телекўрсатувларда сайловолди дастурлари билан чиқишлари учун тенг ва адолатли шарт-шароит яратилади. Ташвиқот фаолиятини юритишда оммавий ахборот эркинлиги суиистеъмол қилинишига, шу жумладан, давлатнинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилган, халқнинг соғлиги ва маънавиятига тажовуз қиладиган, уруш, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этадиган, Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга, фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини камситишга қаратилган даъватларга йўл қўйилмайди.
Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, Марказий сайлов комиссияси қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмоқда. Матбуот марказининг асосий вазифаларидан бири мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакилларини сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича тегишли расмий маълумотлар, зарур материаллар билан таъминлашдир. Бу ерда ОАВ вакилларининг профессионал фаолияти учун барча зарур шарт-шароит мавжуд, интернет ҳамда алоқа воситаларидан фойдаланиш имкониятлари яратилган.
Бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларига ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, интернет фаол татбиқ қилинмоқда. Айни шу нуқтаи назардан, сайловчиларнинг катта қисми интернетдан кенг фойдаланадиган ёшлар ҳисобланади. Шу боис сайлов жараёнига оид барча ахборотлар Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайти
(www.elections.uz)га жойлаштирилиб, доимий равишда янгилаб борилмоқда. Марказий сайлов комиссияси сайти орқали фуқаролардан келиб тушаётган сайловга тайёргарликнинг бориши ва қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида сўровларга ҳам ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |