6-МАВЗУ. МЕНЕЖЕРНИ РАҲБАРЛИК УСЛУБИ ВА БОШҚАРИШДАГИ ЎРНИ
6.1. Менежер ва раҳбарлик услуби тушунчаси
6.2. Раҳбарлик усулубига қараб раҳбарнинг турларга ажратилиши
6.3. Раҳбар фазилатлари тўғрисида Гиппократ фикрлари
6.4. Раҳбарга қўйиладиган талаблар. Раҳбар маданияти
Таянч сўз ва иборалар: менежер, менежерлик поғоналари, маъмурий бошқарувчилар, иш услуби, раҳбар-инноватор, автократик раҳбар.
6.1.Менежер ва раҳбарлик услуби тушунчаси
Менежер - бу махсус тайёргарлик кўрган, бошқаришнинг сир-асрорлари, қонун-қоидаларини пухта эгаллаган малакали мутахассисдир. Менежер бу ёлланма бошқарувчи бўлиб, алоҳида ижтимоий қатламга мансуб бўлади.
Компания, фирма, корхона, банк, молия муассасаларининг ижроия ҳокимиятига эга бўлган бошқарувчи, директор, раҳбар, мудир, маъмурий бошқарувчилар менежерлар деб юритилади.
Менежерлар бошқарув поғонасига биноан уч тоифага бўлинади:
Юқори поғона менежерлари.
Ўрта поғона менежерлари.
Қуйи поғона менежерлари.
Юқори поғона менежерлари фирма истиқболини белгилаш, унинг келажаги учун аҳамиятли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Бир сўз билан айтганда фирма режасини ишлаб чиқади ва уни амалга оширади.
Ўрта поғона менежерлари фирма фаолиятининг айрим томонларини, чунончи, ишлаб чиқариш, товарларни сотиш, нарх белгилаш, молия фаолияти, янги товарларни ўзлаштириш, технологияни қўллаш, меҳнатни ташкил этиш кабиларни бошқариш билан шуғулланади.
Қуйи поғонали менежерлар қуйи бўғинда, масалан, цех, бўлим, бригада доирасида ишни ташкил этиш, кунлик, ҳафталик, ойлик иш топшириқларининг бажарилишини бошқариб боради.
Иқтисодий алоқалар мураккаблашган сари менежер хизматига талаб ошади, ўз ишининг устаси бўлган махсус ижтимоий тоифа-менежерлар тоифаси пайдо бўлдики, унинг алоҳида ижтимоий мақоми бор. Менежер ғоят мураккаб, ўта масъулиятли иш билан шуғулланиши, фирманинг ҳаёт-момотига жавобгар бўлганлиги учун ҳам ёлланиб ишловчилар орасида энг катта хизмат ҳақи олади.
Бошқарув функцияларини бажаришда ва жамоат ишлаб чиқаришида замонавий менежер:
раҳбар-бошқарувчи;
раҳбар-дипломат;
раҳбар-мураббий, тарбиячи;
раҳбар-инсон;
раҳбар-тадбиркор;
раҳбар-инноватор сифатида майдонга чиқади.
Ҳар бир менежер ўзига хос бошқарув услубига эга. Услуб - бу ишлаш, бошқаришдаги ўзига хос йўл, усул маъносини англатади. Шу нуқтаи назардан қуйидаги тушунчаларни ажрата билиш лозим:
бошқарув услуби;
иш услуби;
раҳбарнинг иш услуби.
Do'stlaringiz bilan baham: |