Логистика тизими 7 асосий қисмдан иборат бўлади: 1-қисм. Ишлаб чиқариш захиралари. Ишлаб чиқариш захиралари бутун иқтисодиёт тизимининг тежамли ва самарали ишлаши учун шароит яратади. Бу захираларни ишлаб чиқарувчи корхоналарда жойлаштириш ёки истеъмолчиларга яқинроқ жойларда сақлаш мумкин. Захиралардаги маҳсулот ҳаракатсиз қолган, деб ҳисобланмаслиги учун захира миқдори энг мувофиқ (оптимал) бўлиши керак. Захираларнинг энг мувофиқ миқдори доимо ўзгариб турадиган эҳтиёж таъсирига жавоб беради ва транспортнинг бир текисда ишлашини таъминлашга шароит яратади.
2-қисм. Хомашё ва материаллар сотиб олиш.Хомашё ва материаллар ишлаб чиқаришни ташкил этишда асосий манба ҳисобланади.
3-қисм. Транспорт. Юклар транспорт орқали таъминловчилардан корхоналарга ташиб олиб борилади. Омборларга, бир омбордан бошқа омборга ва истеъмолчиларга етказиб берилади.
Барча транспорт алоқалари ҳаттоки тижорат воситачи орқали таъминловчи ёки истеъмолчилар орқали кирага олинган транспорт ҳам ҳисобга олинади.
Масалан, таъминловчининг истеъмолчига қараганда арзонроқ транспортдан фойдаланиш имконияти бор. Бундай вазиятда у рақобатда устунликка эга бўлади. Агар истеъмолчи транспорт харажатларини ўзига олса, нархлар пастроқ туширилади. Транспортнинг асосий кўрсаткичлари қиймати ва ишончлилигидир.
4-қисм. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш.Ишлаб чиқариш билан боғлиқ логистика бўлимлари эҳтиёжни аниқлашдан ташқари, бозордаги талаб ва таклифларнинг ўзгаришини юмшатиш қобилиятига эга бўлиши керак.
Баъзи мутахассислар ишлаб чиқариш бўлинмалари логистика тизимида киритилиши керак эмас, деб ҳисоблайдилар. Лекин кўпчиликнинг фикрича, ишлаб чиқариш бўлинмалари логистика тизимида катта аҳамиятга эга. Бу ерда энг муҳим муаммолардан бири - ишлаб чиқариш корхоналари катталиги ва жойлаштириш ўрнини аниқлаш.
5-қисм. Омбор хўжалиги.Бу қисмга корхона омборхоналари, кўтара савдо ва баъзи ҳолларда чакана савдо учун мўлжалланган минтақавий ва маҳаллий омборлар киради.
6-қисм. Ахборот алоқаси ва назорат.Ҳар бир логистика тизими ахборот ва назорат тизимчалари орқали бошқарилади. Бу тизимчалар орқали буюртмалар қилинади, юкларни ортиш ва транспортировка қилиш тўғрисидаги талаблар етказилади. Бу тизимча ёрдамида захиралар талабга мос бўлган миқдорда сақлаб турилади. Бу тизимча умумий информатсион тизимнинг бир қисмидир.
7-қисм. Ходимлар. Бу қисм логистика тизимининг энг муҳим қисми ҳисобланади. Унда ходимларни танлаш ва тайёрлаш масалаларига катта аҳамият берилади.