Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш; ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ахборотни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ахборот соҳасидаги таҳдидларга ўз вақтида ва муносиб қаршилик кўрсатиш. фуқаролик, миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлаш. давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар қудрати ва салоҳиятини ошириш.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда қайд этилганидек, Республикамизда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга, улар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Шу билан бирга, Республикамиздаги диний ташкилотлар мустақил ҳуқуқий шахс сифатида ер майдони ва уй-жойига эга бўлиш, диний адабиётларни нашр этиш, диний мутахассислар тайёрлаш, турли тадбирлар ўтказиш, муқаддас жойларга зиёратлар ташкил этишлари учун барча имкониятларга эгадирлар.
Мустақилликнинг дастлабки кунларидан олиб борилган одилона сиёсатнинг самараси, шунингдек, азалий халқимизнинг юксак фазилатлари сабаб бугун барча миллат ва дин вакиллари юртимизда тинч ва аҳил яшаб, ҳаёт кечирмоқдалар. Айниқса, Президентимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлагани ва бу йўналишнинг бешинчи бандида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш каби масалаларнинг устувор йўналиш сифатида белгиланиши ҳам давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Республикамизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, Юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилади. Республикамизда ислом билан бир қаторда 16 диний конфессия эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг: “Шу азиз ватан – ҳаммамизники. Биздан озод ва обод ватан қолсин”, деган сўзлари шиорга айланган.
Мумтаҳана сурасининг 8-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”.
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”.
Чиндан ҳам, динимиз таълимотига кўра, бағрикенг бўлиш имон белгисидир.
Абдулла Авлоний бағрикенглик бўлмаса, қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида гапирар экан, жумладан шундай дейди: “Қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиги тарих саҳифаларидан маълумдир”.
Ҳазрат Алишер Навоий шоҳ байтида дунё аҳолисига шундай мурожаат қилади:
“Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш…”
Бобокалонимиз “Олам аҳли…” дея миллату ирқ, дину мазҳаб каби тафовутлардан қатъи назар жумлаи оламга хитоб этиб, барча инсониятни тинчликка, тотувликка, ўзаро ҳамжиҳатликка чорлаган.
Бағрикенг юртда ўбекми, русми, қозоқми ёки бошқа миллатга мансуб бўлса ҳам, барча бир юртнинг фарзандларидир. Шу юртда туғилиб ўсган ҳар бир инсон ота-боболари, бувилари аҳил, бирдам яшаш нақадар улуғ фазилат эканлигини онгига болаликданоқ сингдириб улғайтирганлар. Шундай экан, юртимиздаги тинчлик ва хотиржамликни асраб-авайлашга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор.
Юртимизни турли миллатлар ўзида жам бўлган катта бир оилага қиёс қилсак, мустақилликка эришган мамлакатимизнинг миллатлараро тотувлик борасида амалга ошираётган чора-тадбирлари ва қўлга киритаётган ютуқларини ҳисобга олсак, бу ҳар биримиз учун ҳам қувонарли жараёндир. Ота-боболаримизнинг аҳиллик, тинч-тотув ва фаровон ҳаёт учун қилаётган саъй-ҳаракатларидан тўғри хулоса чиқариб, уларнинг бу эзгу ишларини давом эттирсак – Она юртимиз учун муносиб ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |