6-дарс. Маъруза матни: Навоий асарларига бағишланган луғатларнинг матн табдилини нашрга тайёрлашдаги ўрни
Умумий луғатлар учун сўзларни танлаш бир қатор тамойил ва критерийлар асосида амалга оширилади: 1) бош сўзнинг тилда қўлланиш даражаси, частотаси; 2) бош сўзнинг маъно ва коммуникатив қиймати, аҳамияти; 3) бошқа сўзлар билан лексик-синтактик боғланиш хусусияти; 4) сўз ясаш қобилияти; 5) методик-дидактик зарурий тил материали сифати. Ўқув луғатлари тузишда эса бош сўзлар икки хил усулда жойлаштирилади. Биринчиси cўзларни алифбо тартибида жойлаштириш йўли бўлиб, бирор илмий тамойилга асосланмаган бўлса-да, керакли сўзни излаб топиш учун қулайдир ҳамда бир ва икки тилли ўқув луғатлар тузишда кенг қўлланади. Иккинчиси cўзларни идеографик, тематик тамойиллар асосида танланган лексемаларнинг жойлашувидир. Бир тилли ўқув луғатлари тузиш жараёнида сўзнинг маъносини талқин қилиш масаласи катта аҳамиятга эгадир. Бундай изоҳли луғатларда маънодош сўзлар, зид маъноли сўзлар, маънони очиб берувчи кичик матнлар, турли стилистик-грамматик белгилардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Ўқув луғатида кўпроқ бош сўзнинг маъносини таҳлил килиш ва нутқда қўлланиш кўламини кўрсатиш учун турли бадиий, илмий-оммабоп адабиётлар, оммавий ахборот воситалари материалларидан фойдаланилади. Ўқув луғатларида умумий луғатлардан энг фарқли хусусияти шундаки, бош сўзларга берилган стилистик белгилар қай даражада амалга оширилганлиги билан белгиланади. Чет тилининг ўқув луғатларида лексик қатламнинг стилистик нуқтаи назардан асосан қуйидаги изоҳларини бериш мақсадга мувофикдир: 1. Нейтрал сўзлар. 2. Оғзаки мулоқатда ишлатиладиган сўзлар. 3. Қўпол ёки вулгар сўзлар. 4. Юқори даражада ишлатиладиган сўзлар. 5. Поэтик сўзлар. Шунингдек, стилистик маъноли сўзлар. Ўқув луғатларининг назарий ва амалий масалаларини таҳлили асосида мақол ва маталларнинг таржима луғатини ҳам тузиш мумкинки, бу албатта хорижий тилни ўрганишда бир қанча имкониятларни очиб беради. Демак, ўқув луғатлар ўқув лексикографиясига таянилганлиги билан умумий луғатлардан фарқланиб туради.
Алишер Навоий асарлари матн тарихини ўрганишда луғат манбаларининг ўрни беқиёс. Зеро, матншуносликда матн тарихини ўрганишнинг турли омиллари мавжуд1. Шулардан бири матнни ишончли илмий луғат манбаларига таяниб ўқиш ҳисобланади. Унинг тўғри ўқилишини таъминлашнинг яна бир мақбул усули луғатларга асосланишдир. Қолаверса, матншунослик ва адабий манбашуносликнинг муҳим босқичларидан бири бўлган матн тарихини пухта текширмасдан туриб, айниқса, ундаги сўзларнинг шаклий-маънавий хусусиятларини фарқламасдан муаллиф назарда тутган масалалар борасида етарлича тасаввур ҳосил қилинмайди. Бу ҳол муаллиф яратган асарга доир тўлиқ маълумотлар ёки асарнинг бадиий қимматини тўлиқ англашга монеълик қилади. Оқибат натижада, матн тарихи етарлича ўз инкишофини топмайди.
Алишер Навоий асарларини ўқиш жараёнида учрайдиган мураккаб, тушунилиши қийин бўлган сўзларнинг маъносини тушунишга ҳаракат шоирнинг ўз давридаёқ бошланган бўлиб, туркий халқлар ва қўшни давлат туркий ҳукмдорлари фармойиши билан шоир асарларининг шарҳи сифатида бир қанча луғатлар яратилган. Бугунги кунда ҳам Навоий асарларини мутолаа қилишда, албатта, луғатларга мурожаат қилинади. Мутафаккир асарларига махсус луғатларнинг тузилиши Навоийнинг ўз замонида ҳам кўпчилик учун оғирлик қилганини билдиради. Ҳиравийнинг «Бадоеъ ул-луғат», «Абушқа» (XV аср), Муҳаммад Яқуб Чингининг «Келурнома», Мирзо Меҳдихоннинг «Санглох», «Мабонеъ ул-луғот» (XVIII аср), Фатҳ Алихоннинг «Луғати атрокия» (XIX аср), Шайх Сулаймон Бухорийнинг «Луғоти чиғатойи ва туркий усмоний» (XIX) луғати ва яна бир қанча сўзлик – луғатлар Навоий асарларини тушунишда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Шоир асарлари тилига бағишланган мазкур луғатларнинг ҳар бири ўзига хос услубда, маълум мақсадларга қаратилган ҳолда тартиб берилган2. Кейинги асрларда бу анъана Навоий мухлислари томонидан ҳам давом эттирилган. Совет даврида ҳам ўзбек тилининг янгиланиб бориши туфайли замонавий луғатларга эҳтиёж туғилган. Навоий асарларига бағишланган луғатларнинг матн табдилини яратишдаги аҳамиятини ҳисобга олиб, уларни икки қисмга бўлиб кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир:
1. Шарқ мумтоз қомусий луғатларининг Навоий асарларини тушуниш-даги ўрни ва аҳамияти.
2. Собиқ Иттифоқ давридаги Навоий асарларига бағишлаб яратилган луғат-ларнинг аҳамияти ва савияси.
Юқорида таъкидланганидек, Навоий асарларига луғатлар тузиш шоирнинг ўз замонасидан бошланган. Жумладан, бизнинг кунимизгача етиб келган луғатларнинг машҳурлари сифатида «Бадоеъ ул-луғат», «Хамса бо ҳалли луғат», «Абушқа», «Санглох», «Луғати атрокия», «Луғати туркий», «Луғати чиғатойи ва туркий-усмоний», «Ҳалли луғати «Хамса»йи Навоий», «Ҳалли луғоти чиғатойи «Хамса»йи Навоий», «Нисоби Навоий», «Луғати Амир Навоий», «Дар баёни луғати Навоий», «Ҳалли луғоти чиғатой» каби қўлёзма луғат манбаларни санаб ўтиш мумкин3.
Луғатшунос С.И.Баевскийнинг маълумот4 беришича, XV–XVII аср-ларда «Луғати Қори Ҳисорий», «Луғати Рустами Мавлавий», «Луғоти Шоҳи-дий», «Туҳфат ул-ушшоқ», «Саҳҳоҳи Ажамий», «Луғати Халилий», «Лаҳжат ул-луғот», «Санглох», Мабонеъ ул-луғат», «Луғоти атрокийа», «Луғати Навоий», «Фарҳанги ҳазрати Мир Алишер мулаққаб ал-Навоий», «Хамса бо ҳалли луғот», «Луғоти чиғатойи ва турки усмоний», «Луғати Амир Навоий», «Дар баёни луғати Навоий», «Ҳалли луғоти «Хамса»йи Навоий», «Хулосайи Аббосий», «Абушқа», «Бадоеъ ал-луғат» каби кўплаб туркий-форсий, фор-сий-туркий луғатлар яратилган бўлиб, уларнинг аксарияти шоир асарлари матнини ўрганишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Мазкур луғатлар қиёсан кузатилса, уларнинг аксарияти шоир асарларидаги сўзнинг матний маъноларини очиш, сўзнинг лексик-семантик ва ботиний таркибига чуқур назар ташлашга имкон беради ва шунинг учун ҳам матншунослик учун ҳам назарий, ҳам амалий аҳамият касб этиши табиийдир.
Навоий асарлари матнини ўрганиш билан боғлиқ қўлёзма луғатлар-нинг аҳамияти ҳақида йирик турколог олим А.К.Боровков шундай ёзади: «Чиғатой тили Шарқий Туркистон тиллари луғатлари ниҳоятда бой ва қизиқарли манба сифатида тарихий-маданий ёдгорлиги билан муҳимдир. Айниқса, ушбу луғатлар, энг муҳими, Навоий бадиий маҳоратини очишга хизмат қилди. Бундан ташқари мазкур луғатлар Ғарбий Европа луғатлари қаторидан ҳам ўрин эгаллайди»5.
XV аср эски ўзбек тили луғатчилигининг тўлиқ маълумотлари, ундаги сўзлар изоҳи, матн шарҳи, этимологик кузатишларини Алишер Навоий асарлари мисолида кўрамиз. Сўз шарҳи, унинг ўзак ва қўшимчалар таҳлили, шунингдек омоним қаторлар, яъни шаклдошлик ва маънодошлик кўриниш-ларининг илмий тавсифини «Муҳокамат ул-луғатайн» асари билан қиёслаб билиш мумкин.
Тадқиқотчилар томонидан кузатилишича, узоқ ўтмишимизда яратилган луғатларнинг хил ва турлари кўп бўлиб, уларнинг муайян типлари гуруҳлаштирилган6.
Луғатлар дастлаб ўз моҳияти эътибори билан икки типга – энциклопедик ва лингвистик луғатларга бўлинади. Лингвистик луғатларнинг ҳар бири турли мақсадларда тузилган. Бу эса, қадимдан анъана сифатида давом этиб келмоқда. Масалан, «Бадоеъ ул-луғат» ёзув қоидасига шарҳ бериш ва талаффуз нормаларини белгилашга бағишланган бўлса, «Абуш-қа»да қадимги туркий сўзларга изоҳ берилиши амалга оширилган. «Санглох» ва «Мунтахаб ул-луғот»ларда сайланма, яъни матндаги тушунилиши қийин, нотаниш сўзлар шарҳланган. Албатта, мазкур луғатларнинг яратилиш тарихи, тузилиши принциплари луғатшунос, матншунос олимлар томонидан атрофлича ўрганилган7.
Кўринадики, XV–XIX асрда шоир асарларига бағишланган кўплаб қўлёзма луғат манбалари яратилган. Мазкур луғатларнинг ҳаммаси шоир асарлари матн тарихини ўрганишда, асар матнини таҳрир қилишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Бу масалага янада аниқлик киритиш мақсадида матншунос олим Порсо Шамсиевнинг «Хамса» достонларининг илмий-танқидий матнлари ва уларни тузиш тамойиллари бўйича олиб борган илмий кузатувларидан бир намуна келтирамиз. Бу қаторда Абдужамил, ﺻﯿت сўзини ёзаман деб адашиб ﺳﯿط ёзган. Бу хато «А» текстида луғат ёрдамида тўғриланган. ﺎﺍﻧﺘﻓ – йўқолиш, ﺍﻧطﻓﺎ (ўчиш). LXXVI боби «б» қаторининг охиридаги 161 байтда Абдужамил ﺍﻧطﻓﺎ сўзини ёзади. Лекин бошқа қўлёзмаларда бу сўз ﺍﻧطﻓﺎ шаклида ёзилгандир. Маъно жиҳатдан бу икки сўздаги баъзи умумийликка қарамасдан, ҳар ҳолда кўпроқ ﺍﻧطﻓﺎ тўғри келади, чунки сўз қуёш нурининг ўчиши ҳақида бормоқда:
Do'stlaringiz bilan baham: |