5-МАВЗУ: ЖАМИЯТ ВА ИНСОН ФАЛСАФАСИ
РЕЖА:
1. Жамият тушунчасининг моҳияти
2. Цивилизация тушунчаси ва унинг типлари.
3. Онгнинг табиати, структураси ва функциялари.
4. Ҳаётнинг маъноси ва унда инсоннинг вазифаси.
Жамият - табиатнинг бир қисми, одамлар уюшмасининг махсус шакли, кишилар ўртасида амал қиладиган жуда кўплаб муносабатлар йиғиндиси, деган турлича таърифлар бор. Жамият муттасил равишда ривожланувчи, такомиллашиб борувчи мураккаб тизимдир. Ҳар бир янги даврда жамият моҳиятини билиш зарурати вужудга келади. Миллий мустақиллик туфайли жамият моҳиятини янтича идрок этиш эхтиёжи пайдо бўлди.
Жамият моддий ва маънавий омиллар бирлигидан иборат. Ҳозирга қадар адабиётларда моддий ва маънавий ҳаёт бир-биридан кескин фарқланар, моддий ҳаётни тадқиқ этишга кўпроқ эътибор бериларди. Ҳолбуки, жамият моҳияти уни ташкил этувчи инсон моҳияти билан узвий боғлиқ. Худди инсон танасини унинг руҳидан ажратиб бўлмагани сингари, жамиятнинг моддий ва маънавий жиҳатларини ҳам бир-биридан ажратиш ва уларнинг бирини иккинчисидан устун қўйиш мантиққа зиддир. Инсон маънавиятини юксалтириш орқалигина иқтисодий ривожланишга эришиш мумкин. Шунинг учун ҳам ҳозирги даврда аҳоли маънавиятини юксалтиришга, миллий ғоя ва мафкура асосларини шакллантиришга катта эътибор бериляпти. Зеро, кишилар иқтисодий жиҳатдан қашшоқ бўлгани учун илмсиз бўлмайди, балки, аксинча, илмсиз бўлгани учун қашшоқ бўлади. Шунинг учун юртимизда халқ маънавиятини юксалтириш орқали иқтисодий фаровонликнн таъминлашга катта эътибор бериляпти.
Кишиларни оила ва жамоа бўлиб уюшишга нима мажбур қилган, деган масала қадим замонларданоқ улуғ мутафаккирлар эътиборини жалб этган. Бу масалани диний тушуниш - уни илоҳий куч, Аллоҳ билан боғлаб изоҳлашдир.
Дунёвий қарашларга кўра, одамлар ўзларининг моддий ва маънавий эхтиёжларини қондириш учун биргаликда яшашга, жамоа бўлиб бирлашишга интилган. Кишилар ҳаётий тажриба, ақл ва тафаккур туфайли жамият бўлиб яшашнинг қулай, афзал ва зарурлигини тушунган. Бу жараёнда ўзаро муносабатларга киришган кишилар ана шу муносабатларни такомиллаштириш, янада ривожлантириш орқали маънавий камолотга эришган. Бу кишиларни бир-бири билан яқинлаштирган, моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш имконини берган.
Ижтимоий муносабатларнинг амал қилиш жараёнида одамларни уюштиришнинг тарихий шакллари: оила, давлат, жамоа (қишлоқ, шаҳар) вужудга келган. Одамлар ўртасида амал қиладиган ахлоқий, диний, илмий, фалсафий, ҳуқуқий, иқтисодий, мафкуравий ва бошқа муносабатларнинг барчаси бир сўз билан ижтимоий муносабатлар дейилади. Ижтимоий уюшмалар кишиларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қолдиршга ёрдам беради. Улар моҳиятан инсон ва жамият мавжудлигининг зарур шарти ҳисобланади Масалан, оила, давлат, таълим-тарбия, маҳалла, ватан каби қадриятларсиз инсон ва жамият ўз моҳиятини йўқотади.
Инсоннинг моддий эҳтиёжлари озиқ-овқатлар, кийим-кечак. уй-жой, транспорт воситалари, ўзини ҳимоялаш, зурриет қолдириш кабилардан иборатдир. Маънавий эҳтиёжларга оламни билиш, ўзликни англаш, дунёқараш, донишмандликка интилиш, билим, санoат, ғоя, мафкура, гўзаллик, маънавий камолот йўлидаги интилишлар киради. Инсоннинг асл моҳияти моддий эхтиёжларни маданий шаклларда қондиришида яққолнамоён бўлади.
Инсон ақлли мавжудот сифатида моддий эхтиёжларини маданий шаклларда қондириш учун табиат ва жамият моҳиятини билишга, моддий ва маънавий оламни уйғунлаштиришга, табиат ва жамиятни ўз мақсадларига мос равишда ўзгартиришга ҳаракат қилади. Илм-фан ва техиика инсоннинг маънавий ва моддий эҳтиёжларини қондириш қуроли, муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Инсон юксак маънавият туфайлигина ўз эхтиёжларини маданий шаклларда оқилона ва тўлароқ қондириш имконига эга бўлади. Мамлакатимизда маънавият масалаларига алоҳида эътибор берилаётганининг сабаби ҳам ана шунда. Жамиятнинг моддий ва маънавий ҳаёти кишиларнинг моддий ва маънавий эхтиёжлари билан узвий боғлиқ ҳолда вужудга келди.
Жамиятнинг моддий ҳаётига қуйидагилар киради: кишиларнинг яшаши, шахс сифатида камол топиши учун зарур бўлган иқтисодий шарт-шароитлар; озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой, ёқилғи, коммуникация воситалари; моддий неъматлар ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилиш; ишлаб чиқариш жараёнида кишилар ўртасида амал қиладиган иқтисодий муносабатлар мажмуи; моддий бойликлар, табиий заҳиралар.
Жамиятнинг маънавий ҳаётига оламни тушуниш, жамият ва инсон тўғрисидаги қарашлар, назариялар, таълимотлар, ғоялар, мафкура, ижтимоий онг шакллари, таoлим-тарбия, ахборот воситалари, маданият, илм-фан муассасалари ва бошқалар киради.
Жамиятнинг моддий ва маънавий хаётини бошқариш, кишилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда турли сиёсий институтлар (давлат, сиёсий партиялар, ташкилотлар, турли уюшмалар) муҳим ўрин тутади. Жамиятни бошқаришнинг сиёсий-ҳуқуқий жиҳатлари хам муҳимдир. Кишилар тамонидан сиёсий ва ҳуқуқий билимларнинг чуқур ўзлаштирилиши жамиятнинг барқарор яшаши ва ривожланишида алоҳида ўрин тутади.
Меҳнатнинг кишилар қобилиятига қараб ижтимоий тақсимланиши натижасида муайян касб - кор билан шуғулланадиган тоифалар, гуруҳ, қатлам ва синфлар вужудга келади ва улар жамият структурасида ўзига хос ўрин эгалайди, жамият тараққиётига муайян ҳисса қўшади.
Фалсафий тафаккур тарихида жамиятнинг моҳияти ва ривожланишига оид турли назариялар мавжуд. Хусусан, немис файласуфи Гегел жамиянинг шаклланиши ва ривожланиш сабабларини мутлақ руҳнинг ривожланиши билан, Л. Фейербах дин билан боғлаган, ижтимоий тараққиёт сабабларини диний онг тараққиётидан излаган. Француз мутафаккири О. Конт жамиятнинг ривожланиш сабабларини инсоният маънавий тараққиётининг уч босқичи (теологик, метафизик, позитив босқичлар) билан изоҳлаган.
Жамият тараққиёти кўп босқичли жараён экани тўғрисидаги қарашлар АҚШ файласуфи О. Тоффлер томонидан илгари сурилган. Бундай қарашга кўра жамият ўз тараққиётига биноан, аграр жамият, индустриал жамият, постиндустриал жамиятга ажратилган. Адабиётларда жамият тараққиёти борасида цивилизацияли ёндашув ғояси илгари сурилмоқда. Бундай ёндашувга кўра ҳар бир халқ ўзининг бетакрор, ноёб, ўзига хос ва ўзига мос турмуш тарзини сақлаб қолган ҳолда, бошқа халқлар тажрибаларидан ижодий фойдаланиш орқали ижтимоий тараққиётнинг ўзига хос моделини яратади.
Жамият ҳаётига барқарорлик ва беқарорлик ҳам хос. Ҳар бир инсон ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш учун осойишталик ва тинчликка муҳтож бўлгани каби, жамият ҳам ўз олдига қўйган вазифаларни адо этиши учун ижтимоий-сиёсий барқарорликка эҳтиёж сезади.
Барқарорлик - жамият тараққиётининг тарихий ривожланиши, ижтимоий тизимнинг муайян даражадаги бир текис фаолият кўрсатиш имкониятидир. У турғунлик тушунчасидан кескин фарқланади. Ижтимоий-сиёсий турғунлик тушунчаси жамиятдаги мавжуд сиёсий, иқтисодий, маънавий тизимнинг таназзули аломатидир.
Жамиятда барқарорлик беқарорлик билан, инқироз гуллаб-яшнаш билан алмашиниб туриши ҳам мумкин. Жамиятнинг маънавий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий соҳаларида муайян ютуқларга эришилгач, ижтимоий имкониятлар рўёбга чиқарилиб бўлгач, унинг бундан кейинги тараққиёти йўлида янги муоммолар туғилади ва уларни ҳал этиш вазифаси пайдо бўлади.
Беқарорлик ички ва ташқи жараён ва таҳдидлар натижасида вужудга келади. Беқарорлик бир ижтимоий-сиёсий тузумдан бошқа бир ижтимоий-сиёсий тузумга ўтиш даврида кескинлашиши мумкин. Жамият барқарорлигининг издан чиқиши кишилар психологиясидаги салбий ўзгаришларда, қонунларнинг ишламаслигида, ижтимоий бурчнинг адо этилмаслигида, ижтимоий идеалларнинг йўқолишида, ғоя ва мафкурага лоқайдликнинг кучайишида, турли жиноий гуруҳларнинг пайдо бўлишида, ижтимоий адолат мезонларининг бузилишида, давлат идораларининг аҳолини бошқариш қобилияти кучсизланишида, турли зиддиятларнинг кескинлашувида ўз ифодасини топади.
Ижтимоий ривожланиш борасида халқлар одатда икки йўлдан: инқилобий ёки тадрижий йўлдан борган. Инсоният тажрибаси ижтимоий ривожланишнинг кескин инқилобий ўзгаришлар йўли номақбул ва яроқсиз эканини, жамиятнинг тадрижий (эволюцион) тараққиёти барқарор ва табиий ривожланиш йўли эканини кўрсатди.
Жамият ва оила моҳиятан бир-бири билан узвий боғлиқ. Оилада жамиятнинг туб моҳияти ўз аксини топади. Шу маънода, оилани кичик жамият дейиш мумкин. Ҳар бир жамият аoзоси оила бағрида вояга етади, ижтимоий муносабатларни ўзлаштиради ва инсоний фазилатларни намоён этади.Баркамол инсонни шакллантириш, уни ҳаётга, меҳнатга тайёрлаш оиланинг муқаддас вазифасидир. Оилани мустаҳкамлаш жамият барқарорлиги ва кудратининг муҳим шартидир. Шу боисдан ҳам давлат оилани ўз ҳимоясига олади.
2. Цивилизация сўзи лотинча civilis - фуқароликка, давлатга, шаҳарга тааллуқли маъноларини англатувчи ўзакдан келиб чиққан. У лотинчадан таржима қилинганда қўпол, ёввойи сўзига қарши маънода қўлланилган. Цивилизация сўзи инсоният тарихидаги сифат чегарасини белгилаш билан боғлиқ. Ушбу тушунчанинг юзага келиши маърифатпарварлик давридаги Европа ва Осиё фани ва адабиётининг бирдек ютуғидир.1 Аммо, цивилизация ҳақидаги илк тушунчалар анча илгари юзага келган. Қадимги даврлардаёқ инсонлар ўзларининг дунёларини ўзгалар дунёси билан солиштира бошлашган. Антик даврда цивилизация сўзи билан белгиланмасада, ўз тараққиёт даражаларига варварликни қарама-қарши қўйганлар.
Цивилизация тушунчаси “маданият” тушунчаси билан узвий боғлиқ равишда пайдо бўлган. Дастлаб маданият ва цивилизация тушунчалари синоним сифатида қўлланилган. Аммо бора-бора бу икки атама ўртасида фарқ пайдо бўлди. Масалан, немис файласуфи И.Кант бу тушунчалар орасидаги яқинлик ва тафовут мавжудлигини кўрсатиб ўтган эди. Кўпчилик файласуфлар “цивилизация” деганда жамиятнинг моддий-техника ютуқларини, “маданият” деганда эса фақат унинг маънавий қадриятларини тушунишган.
Маданиятнинг пайдо бўлиши инсониятнинг ёввойиликдан кейинги даври билан боғлиқ бўлса, цивилизация - тарихий жараён, ижтимоий ҳодисадир. Унда кишилар маълум бир даврдаги яшаш ва кун кечириш тарзидан бошқача бир янги, енгиллаштирилган ҳаёт тарзига ўтишини тушунамиз. Цивилизациянинг ривожланиши жамиятни юксалишига олиб келади. Натижада, бу, жамият фуқароларининг эркинлигини таъминлаш имкониятини яратади. Цивилизацияли ҳаёт инсонни маданиятли қилади ва унинг ҳар томонлама камол топиши учун шарт-шароит яратади. Кези келганда миллатлар маданиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Цивилизация категориясининг серқирралиги ва кўп маънолиги туфайли унга аниқ таъриф бериш мушкул. “Цивилизация” тушунчасининг юздан ортиқ таърифлари мавжуд бўлиб, ҳар бирида ижтимоий ҳаётнинг маълум жиҳатларига алоҳида урғу бериладики, бу умуман цивилизациянинг ижтимоий ҳодиса сифатидаги моҳиятини тўлароқ англаб етишга хизмат қилади.
Цивилизация тушунчасининг тарихий-фалсафий моҳияти – тарихий жараённинг бирлиги ва ушбу жараён давомида инсониятнинг моддий-техник ҳамда маънавий ютуқларининг мажмуи ва умумжаҳон тарихий жараёнининг ижтимоийликнинг маълум даражасига эришиш билан боғлиқ босқичини англатади. Унинг яна бир маъноси - маданиятнинг замон ва маконда чегараланган тарихий типи. Бунга мисол тариқасида Миср цивилизацияси, Месопотамия, Хитой, Ҳиндистон цивилизацияси ва бошқаларни келтириб ўтишимиз мумкин.
Цивилизация маданият сўзининг синоними сифатида, кўпинча моддий маданият маъносида ҳам қўлланилади. Швейцариялик тарихчи Ж.Старобинскийнинг фикрича, цивилизация тушунчасини илк бор француз иқтисодчиси Виктор Рикети Мирабо (1715-1789 ) ўзининг “Қонунлар дўсти” асарида қўллаган. 1767-йилда цивилизация тушунчаси шотландиялик маърифатпарвар Адам Фергюссон (1723-1816) асарида пайдо бўлди. Ўшанда ушбу атама маданий тараққиётнинг умумий даражасини англатган. Цивилизация маърифатсиз халқларга, қоронғу феодализм даври ва ўрта асрларга қарама-қарши қўйилган.
Тарихни ўрганишга цивилизацион ёндашув асосчиларидан бири, рус табиатшунос олими Н.Й.Данилевскийдир. У ҳар бири алоҳида-алоҳида мавжуд бўлган, фаолиятнинг тўрт муҳим шакли ёки цивилизациялар “асоси” - диний, маданий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий асослар орқали намоён бўлувчи маданий-тарихий типлар ҳақидаги концепцияни илгари сурган. Маданий-тарихий типлар, биологик организмлар каби ташқи муҳит ва бир-бири билан узлуксиз кураш жараёнида пайдо бўлади ҳамда вужудга келиш, вояга етиш, қариш ва ҳалок бўлиш босқичларидан ўтади2.
ХХ аср бошларига келиб, немис файласуфи О.Шпенглер “Европа қуёшининг сўниши” асарида маданият ва цивилизация тушунчаларини бир-бирига қарама-қарши қўйди. Унинг фикрича, цивилизация маданиятнинг энг юқори босқичи бўлиб, ундан кейин эса маданият аста-секин инқирозга юз ўгиради. Яъни, унинг фикрича, “цивилизация” ҳар қандай маданият тараққиётининг муайян тугал босқичини билдиради. Цивилизацияни бундай давр таназзули сифатида тушуниш маданиятнинг бир бутунлиги ва табиийлигига зиддир. О.Шпенглер юқорида келтирилган асарида Ғарбий Европа тарихига хос европацентризм, панлогизм, историзм, тўғри чизиқли прогрессизм принципларини танқид қилди ва маданий - тарихий жараённинг айланма ҳаракати назариясини яратди. Бу назария цивилизациянинг циклли ривожланиши, яъни такрорланиб туриши ҳақидаги концепцияга олиб келди.
Шпенглер ижтимоий тараққиётнинг бир чизиқли европацентристик схемасига танқидий ёндашган. У инсоният тарихида саккиз маданият: Миср, Ҳинд, Бобил, Хитой, Юнон-рим, Шарқ, Ғарбий Европа ва Мая маданиятларини фарқлаган. Шпенглер фикрига кўра, ҳар бир маданий организм маълум ҳаёт муддати (тахминан минг йил) мобайнида мавжуд бўлади. Шундан сўнг у цивилизацияга айланади ва ҳалок бўлади. Ҳар бир маданият ўз теран мазмунига эга бўлади ва тарихий жараёнда бир хил аҳамият касб этади3.
Инглиз тарихчиси ва социологи Арнольд Тойнби (1889-1975) цивилизацияни яхлит ижтимоий тизим сифатида ифодалаган. У ўзининг ўн икки томлик “Тарихни англаш” асарида келтирган ўзаро ўрин алмашувчи локал цивилизациялар концепциясида цивилизацион тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида чақириқ ва жавоб назариясини илгари сурди. Тойнбининг фикрича, дин ҳар қандай цивилизациянинг ўзаги ва таянчидир. Цивилизацияларни бир – биридан фарқлаш ва тасниф қилишда у ёки бу жаҳон динларини асос қилиб олиниши бежиз эмасдир: мусулмон цивилизацияси, христиан цивилизацияси ва ҳоказо. У дастлаб 21, кейинчалик 37 та цивилизацияни санаб ўтиб, тарихий жараённинг тўғри чизиқ бўйлаб ривожланиши ҳақидаги қарашларга қарши чиқди ва цивилизациянинг босқичли, циклли ривожланишини таъкидлади. Тойнби Араб, Хитой, Шумер, Майя, Ҳинд, Эллин, Ғарб, Христиан (Россия), Узоқ Шарқ (Корея ва Япония), Эрон, Миср, Араб, Мексика, Вавилон ва бошқа цивилизацияларни тадқиқ этиш натижасида “Табиий муҳитдаги ва одамлар теграсидаги яшаш шароитларининг оғирлиги цивилизациянинг вужудга келишига сабаб бўлади”, - деган хулосага келади. Тойнби цивилизацияларга “эволюцион типдаги фаол тузилмалар” сифатида ёндашиб, ҳар бир цивилизацияда тарихий мавжудликнинг асосий босқичлари: вужудга келиш, ривожланиш, таназзулга учраш ва завол топишни фарқлаган. Бу асосий босқичлардан ўтгач, цивилизация, одатда, ҳалок бўлади ва унинг ўрнини бошқа цивилизация эгаллайди4.
Немис файласуфи К.Ясперс (1883-1969 ) ўзининг “Тарих манбалари ва унинг мақсади” асарида цивилизацион тараққиётнинг босқичма-босқич ривожланиши концепциясини илгари сурди: тарихгача бўлган давр, қадимги давр маданияти, вақт ўқи (жаҳон тарихининг бошланиши), техник давр (ягона жаҳон тарихига ўтиш). Унинг фикрича, тарихнинг мазмуни ва негизи бутун инсоният учун умумий бўлган эътиқод билан белгиланади. Мазкур эътиқод инсоният вакилларини бир-биридан ажратмайди, балки жипслаштиради. Инсониятга бундай эътиқодни бирон-бир жаҳон дини ёки миллий дин таклиф қилолмайди5.
Социолог П.А.Сорокин (1889-1968) инсоният маданиятининг бутунжаҳон-тарихий тараққиёти назариясини яратди. У бу тараққиётни марказий мазмунга ёки менталликка эга улкан маданий супертизимлар доирасида кўриб чиқди. Бу маданий супертизимлар ёки цивилизациялар инсонларнинг ҳаёти ва хулқини, кўпгина тарихий жараёнлар ва анъаналарни белгилайди. Тарихнинг ҳар қандай даврида, Сорокиннинг фикрича, бешта асосий маданий тизимлар мавжуд: тил, ахлоқ, дин, фан, санъат. У цивилизацияларни моддий маданият ҳеч бир тизимсиз равишда намойишга қўйилган улкан музейлар сифатида талқин қилади, деб таъкидлаган. Сорокин цивилизациялар табиатининг яхлитлиги ғоясига танқидий ёндашиб, унинг таркибий қисмлари ўзаро боғланмаган, деб ҳисоблаган6. Дарҳақиқат, ҳар қандай жамиятда юқоридаги бешта асосий маданият типлари (тил, ахлоқ, дин, фан, санъат) жамулжам бўлган ҳолдагина ўша жамият ўз тараққиёт йўлини белгилай олади.
ХХ асрнинг 70-йилларидан бошлаб индустриал жамиятни бутунлай ўзгача сифатларга эга постиндустриал жамиятга айланиши ҳақидаги ғоялар ишлаб чиқила бошланди. Ушбу назариянинг асосчиларидан бири америкалик социолог Д.Беллнинг фикрича, тарих жамиятда техника тараққиётининг даражасига боғлиқ ҳолда ривожланади. У жамият тараққиётининг уч босқичини ажратиб кўрсатади: индустриягача, индустриал ва постиндустриал7.
Гарвард университети қошидаги Стратегик тадқиқотлар институтининг директори С.Хантингтон 1996 йилда чоп этилган шов-шувли “Цивилизациялар тўқнашуви” асарида цивилизацион тараққиётнинг пессимистик назариясини келтиради. Ушбу асарда инсониятнинг келажагини цивилизациялар қарама-қаршилиги белгилаб беради, деган фикр илгари сурилган. Хантингтон диний омил асос қилиб олинган қуйидаги цивилизациялар рўйхатини келтиради: ғарбий, православ, ислом, хитой, ҳинд, африка (сўроқ остида), Лотин Америкаси. Бу ўринда ғарб цивилизацияси католик-протестант дунё сифатида қаралган8. Шундай қилиб, цивилизацион тараққиёт хусусида бугунги кунда ҳам янгидан-янги ғоялар яратилмоқда, янгича моделлар таклиф этилмоқда. Бу жараёнда глобаллашув ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда.9
Бугунги кунда цивилизацияга доир кенг тарқалган назариялар орасида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: цивилизациянинг чизиқли, босқичли назариялари, локал цивилизациялар ва жаҳон тарихий босқичи назариялари. Ушбу назариялар антик даврлар, ўрта асрларда ва янги даврда ишлаб чиқилган тарихий концепциялар асосида шаклланган.
Бугунга қадар мавжуд бўлган ва бугунги кунда мавжуд цивилизациялар миқдорини аниқлаб бўлмайди, зеро цивилизацияларнинг аниқ вақт ва ҳудудий чегараси, цивилизацияларни ажратиб кўрсатишнинг аниқ универсал мезонлари йўқ. Шу сабабли цивилизация назарияларини ишлаб чиққан турли олимларнинг рўйхатлари бир-бирига тўлиқ мос тушмайди. Масалан, Данилевский тил гуруҳлари асосида 15 та маданий-тарихий типни ажратиб кўрсатган бўлса, Шпенглер саккизта “юксак маданият”ларни санаб ўтган. Бироқ бу барча рўйхатлар мукаммал эмас. Шу ўринда цивилизацияларнинг қуйидаги айрим турларини санаб ўтиш мумкин: дастлабки (автохтон) цивилизациялар, анъанавий цивилизациялар, йўлдош цивилизациялар, янгиланган цивилизациялар, ўрта цивилизациялар, монолит цивилизациялар, синтетик цивилизациялар, аграр цивилизациялар, индустриал цивилизациялар, континентал цивилизациялар, денгиз, океан цивилизациялари. Деярли барча цивилизациялар бир вақтнинг ўзида бир неча турга алоқадор бўлиши мумкин. Масалан, ибтидоий даврдан ўсиб чиққан қадимги Юнон цивилизацияси янгиланган, монолит, аграр, денгиз цивилизацияси эди10.
Цивилизация – дунё халқларининг турли даврларда ҳаётнинг ҳамма соҳаларида, яъни, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳаларда эришган ютуқлари ҳамда тараққиёт босқичига кўтарилиш жараёнларидир. Бу жараёнлар эса инсониятнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши, жамиятнинг ривожланиш даражаси, моддий ва маънавий маданиятнинг юксалиши, қабилалар ва халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни ўз ичига олади. Аслини олганда “цивилизация” тушунчаси муайян бир ҳудуд, давлат, умуман, жаҳон, уларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ривожланишининг маълум бир босқичига нисбатан қўлланилади11.
Хулоса шуки, цивилизацияни айрим тадқиқотчилар маданий-техник тараққиётнинг юқори босқичи, баъзилар жамиятнинг тарихий даври, маълум бир қолипдаги намунаси (“формация” билан тенглаштирилади), бошқалар эса, инсониятнинг ёввойилик ва ваҳшийликдан сўнгги тараққиёт даври деб белгилашади. Бизнингча, маданият ва цивилизация узвий боғлиқ бўлиб, бир бирини тўлдиради, бир-бирисиз содир бўлмайди. Шунинг учун уларнинг ривожланишини қуйидагича тасаввур этиш мумкин: Маданият – цивилизация – Инқироз.
3. Онг муаммоси билан физиология, кибернетика, информатика, психология, тилшунослик, педагогика, социология каби кўпгина фанлар шуғулланади. Онг фалсафанинг азалий масаласи ҳисобланади. Маълумки, инсон доимо маънавий-руҳий тасаллига мухтож бўлиб яшайди. Онг эса бевосита маънавият билан боғлиқ. Онг маънавиятнинг таркибий қисми. Онг инсоннинг ўз ўзини англаш, ўз хатти-ҳаракатларини бошқариш орқали маънавиятга ижобий ёки салбий таъсир ўтказиб туради.
Онг энг аввало инсонни ўз-ўзини англаши, теварак атрофдан ўзини ажратиш қобилияти демакдир. Маънавият ҳам инсонни ўз-ўзини англашидир. У ҳолда онг билан маънавиятнинг фарқи нимада?
Онг англаш, воқеликни билишдир. Маънавият шу билим, онг асосида оламга муносабат билдириш, баҳо бериш ва шу асосда амалий фаолият кўрсатишдир. Маънавият одамларнинг одамларга бўлган онгли муносабатида, тилида, дилида, ҳаракатида намоён бўлади. Кишилар қанча онгли бўлса, маънавияти шунча юксак бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |