Қуръони Карим илоҳий китоб бўлиб, у фаришта Жаброил алайҳиссалом томонидан Муҳаммадга нозил этилган. Бу муққадас китоб Ер юзи мусулмонларининг дастуруламали, диний аҳкомлар манбаидир. Қуръони Карим саҳифаларини бир китобга жамлаш ҳалифа Абу Бакр даврида бошланиб ҳалифа ҳазрати Усмон даврида якунланган ва тўрт нусхада кўчирилган. Ана шу кўчирилган дастлабки нусхалардан бири Мовароуннаҳр мусулмонлари диний идорасида сақлаб келинган, ҳозирда эса буюк бобокалонимиз номи билан боғлиқ Тошкентдаги Темурийлар даври музейида сақланмоқда. Бундай муқаддас китобнинг юртимизда бўлиши Оллоҳнинг бизнинг юртимизга бўлган инояти деб билмоқ лозим. Қуръони Каримда 114 сура, 6236 та оят бор. Мустақиллик шарофати билан турли маросимларимиз Қуръони Карим қироатларидан бошланмоқда. Бу ўтмишда бир орзу эди, холос.
Илоҳиётда Ислом дини уч элементдан - иймон, Ислом, эҳсондан иборат деб эътироф этилган. Иймон талаблари 7 та ақидани - оллоҳга, фаришталарга, муқаддас китобларга, пайғамбарларга, охират кунига, тақдирнинг илоҳийлигига ва ўлгандан кейин тирилишга ишониш талабларини ўз ичига олади. Ислом талабларига, яъни дин асослари - арқон ад-дин деб ном олган 5 та амалий маросимчилик талаблари киради. Булар - калима келтириш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш ва имконияти топилса Ҳаж қилиш талаблари. Эҳсон ақидаларга сидқидилдан ишониш ва маросимларни адо этишдир.
Ҳижратнинг учинчи асри ҳадисшуносликнинг олтин даври деб аталади. Ислом оламининг ўша даврдаги маданий марказларидан саналган Боғдод, Куфа, Басра, Дамашқ, Бухоро, Самарқанд, Ургенч, Термиз каби шаҳарларда ҳадис илми билан шуғулланувчи муҳаддислар кўп бўлган. Улар ичида энг ишончли манба саналганлари олтита бўлиб, Буларни имом Бухорий, имом Муслим, имом Абу Давуд, имом Ат-Термизий, имом Ан-Насоий ва имом ибн Можжа тузишган. Бу буюк муҳаддисларнинг тўрт нафари туронзаминлик бўлгани бизнинг фахримиздир. 1998 йилда Имом Ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги бутун мусулмон дунёси, шу жумладан юртимизда кенг нишонланди. Мустақил Ўзбекистонда бу муносабат билан халқаро анжуман ўтказилди. Муҳаддислик шу қадар шарафли ва сермашаққат иш бўлганки у мухаддисдан ақл-заковатни, куч-кувват, фидойилик юксак иқтидор ва ҳофизани талаб қилади. Масалан, имом Бухорий жами 600 минг ҳадис тўплаб, шулардан 100 минг «Саҳиҳ» ва 200 минг «ғайри саҳиҳ» ҳадисларини ёд билганликлари айтилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |