Транспорт жараёнининг самарадорлиги меҳнат ва моддий ҳаражатлар билан тавсифланади ҳамда транспорт воситаларининг хавфсизлиги асоси бўлган транспорт воситаларининг конструктив ва фойдаланиш хусусиятларига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Транспорт воситаларининг хавфсизлиги ўз ичига комплекс конструктив ва фойдаланиш хусусиятларини олиб, улар кўрсаткичларини яхшилаш натижасида ЙТҲнинг содир бўлиш эҳтимоллигини, уларнинг оғирлик даражасини ҳамда атроф-муҳитга транспорт воситасининг салбий таъсирини камайтириш кўзда тутилади.
Ҳаракатланиш хавфсизлигига кўплаб омиллар таъсир кўрсатадилар:
- автомобиль йўлларининг ривожланганлиги ва ҳолати ҳамда уларда ҳаракатнинг ташкил этилганлиги ва жиҳозланганлик даражалари;
- транспорт воситалари тузилиши ва техникавий ҳолатларидаги камчиликлар ва ҳ.к.
Автомобилнинг конструктив хавфсизлигини комплекс баҳолаш. Автомобилни аниқ бир шароитда қўллаш ва унинг тузилиши талабларига мос келиши ундан фойдаланиш хусусиятлари орқали аниқланади. Алоҳида фойдаланиш хусусиятларини баҳолаш учун комплекс ўлчамлар ва кўрсаткичлар хизмат қилади.
Ўлчам - автомобилнинг маълум бир фойдаланиш хусусиятларини тавсифловчи кўрсаткичдир. Масалан, автомобилнинг динамик (ҳаракатланувчанлик) ўлчамларига тезлик ва тезланиш киритилади. Ўлчам фойдаланиш хусусиятларини сифат жиҳатидан тавсифлайди. Баъзан у ёки бу хусусиятни тўлиқ баҳолаш учун бир нечта ўлчамлар зарур.
Кўрсаткич - ўлчам катталигининг миқдорий жиҳатини тавсифловчи сондир. Кўрсаткич автомобилнинг эксплуатацион қобилиятини маълум ишлаш шароитида баҳолаш имконини беради. Автомобилнинг тортиш динамик кўрсаткичларидан бири унинг яхши қопламага эга бўлган йўлнинг горизонтал қисмида эришган энг юқори тезлиги ҳисобланади.
Автомобиль сифати деб ўзининг белгиланган вазифасига кўра маълум эҳтиёжларини мос равишда қондирилиши мумкин бўлган қобилиятлар йиғиндиси тушунилади.
Конструктив хавфсизлик- бу транспорт воситаларининг ишлаш жараёнида атроф-муҳитга, ҳаракат қатнашчиларига зарар етказишни йўқотиш, шунингдек, ЙТҲ оғирлик даражасини пасайтириш қобилияти.
Транспорт воситаларининг конструктив хавфсизлиги фаол, суст, ҳалокатдан кейинги ва экологик хавфсизликларга бўлинади.
Фаол хавфсизлик - транспорт воситасининг йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш хусусиятларидир. Фаол хавфсизлик ҳайдовчи транспорт воситасининг (ЙТҲ бошланғич даврига тўғри келади) ҳаракатланиш тавсифини ўзгартиришга қодир бўлган даврда вужудга келади.
Суст хавфсизлик - транспорт воситасининг ЙТҲ оқибатлари оғирликларини камайтирувчи хусусиятидир. Суст хавфсизлик ҳайдовчи хавфсизлик тадбирларини кўришига қарамасдан автомобилнинг ҳаракатланиш тавсифини ўзгартира олмайдиган ва фалокатни бартараф қила олмайдиган (ЙТҲ кульминацион даври) даврда вужудга келади.
Суст хавфсизлик ички ва ташқиларга бўлинади. Ички суст хавфсизлик транспорт воситасининг унинг ичидаги ҳайдовчи ва йўловчиларнинг шикастланмасликлари бўйича хавфсизликларини ошириш ва ҳаётларини сақлаб қолиш ҳамда юкларни сақлашни таъминлаш бўйича конструктив хусусиятини белгилайди.
Ташқи суст хавфсизлик ҳаракатланишнинг бошқа қатнашчилари учун ЙТҲ оқибатлари оғирликларини камайтириш қобилиятидир.
Ҳалокатдан кейинги хавфсизлик - транспорт воситасининг ЙТҲ тўхтагандан кейин (ЙТҲ сўнгги якуний даври) унинг оқибатларини зудлик билан бартараф этиш хусусиятидир (яъни автомобилнинг ёниб кетиши, ҳаракатланишнинг бошқа қатнашчиларини уриб юбориши ва ҳ.к.).
Экологик хавфсизлик - транспорт воситасининг нормал фойдаланиш жараёнида атроф-муҳитга ва ҳаракатланишнинг қатнашчиларига салбий таъсири даражасини камайтирувчи хусусиятлари. Экологик хавфсизлик юқоридаги фақат ЙТҲ да юзага келадиган уч турдаги хавфсизликдан фарқли равишда, транспорт воситасининг кундалик иши давомида намоён бўлади.
Ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш учун автомобил йўлларига фойдаланиш учун чиқарилаётган барча транспорт воситалари уларнинг катталиклари ва массасини чегараловчи талабларга жавоб беришлари шарт.