Хусусийлик тушунчаси зикр этилган категориялар мазмунини очиб берувчи асосий тушунчадир. Хусусийлик – «нарса» тушунчасининг синоними, яъни борлиқнинг нисбатан мустақил, сифат жиҳатидан муайян парчаси. У хоссалар тўпламига эга. «Хусусийлик» яккалик ва умумийлик ўртасидаги оралиқ категория ҳисобланади. Хусусийлик – яккага нисбатан умумий бўлган ва умумийга нисбатан якка бўлган нарса ёки ҳодиса. Масалан: модда (қонун моддаси) – якка; қонун – хусусий; ҳуқуқ - умумий. «Қонун» тушунчаси «модда» тушунчасига нисбатан умумийдир. Ўз навбатида «қонун» тушунчаси «ҳуқуқ» тушунчасига нисбатан яккаликни акс эттиради.
Яккалик, умумийлик ва хусусийлик категориялари билиш жараёнида унинг таянч нуқталари, билимсизликдан билим сари босқич ролини ўйнайди.
Моҳият ва ҳодиса. Бу категориялар билишнинг турли босқичларини белгилайди ва уларнинг ҳар бири объектни англаб етишнинг ўзига хос даражасини акс эттиради.
Моҳият объектив борлиқнинг ички, нисбатан яширин ва барқарор томонини ифодалаш учун мўлжалланган бўлиб, у нарса, жараённинг табиатини ва уларга хос бўлган қонуниятларини белгилайди.
Ҳодиса – бу нарса, жараёнда қаршимизда бевосита намоён бўлувчи хоссалар, томонлар йиғиндисини ифодалаш учун мўлжалланган категория.
Ҳозирги фалсафий адабиётларда моҳият предмет борлиғи барча ранг-баранг ва қарама-қарши шаклларининг барқарор бирлигидан иборат бўлган предметнинг ички мазмуни сифатида тавсифланади. Моҳият ҳар қандай тизимнинг асосий жиҳатлари ва тенденцияларини белгиловчи теран алоқалар, муносабатлар, хоссалар ва ички қонунлар мажмуидир. Муайян моҳиятсиз жисм, жараён бўлмаганидек, муайян ҳодисада ўз ифодасини топмаган моҳият ҳам бўлиши мумкин эмас.
Фалсафада ҳодисанинг икки маъноси шаклланган. Биринчидан, ҳодиса воқеа, табиат ва жамиятдаги жараёнладир. У мазкур жараёнлар бизнинг онгимиз, идрокимизда акс этишини англатади. Масалан, момақалдироқ, камалак, қор ёғиши, сув тошиши, ер қимирлаши, вулқон отилиши – буларнинг барчаси табиат ҳодисаларидир. Инсон табиат ҳодисаларини тушуниш, тушунтиришга ҳаракат қилган ва уларнинг ўз онгидаги инъикоси билан амалдаги ифодаси ўртасида муайян фарқ мавжудлигини аниқлаган. Табиат ҳодисаларини уларнинг инсон биринчи навбатда идрок этадиган ва пировард натижада уни алдайдиган юзаки, ўзгарувчан жиҳатлари тавсифлайди. Шу тариқа ҳодиса категориясининг моҳиятнинг зидди сифатидаги фалсафий маъносига эга бўлади.
Иккинчидан ҳодиса – моҳиятни аниқлаш усули. У, одатда, нарсалар ўзаро таъсирга киришганида, моҳият ўзини намоён этиши натижасида юз беради. Нарса қандай бўлса, кўрсатилган алоқалар ва ўзаро таъсирлар хусусияти ҳам шундай бўлади. Масалан, йиртқич ҳайвон уни ўтхўр ҳайвонга айлантиришга қанча уринмасинлар, барибир йиртқич бўлиб қолади. Аммо у қандай муҳитда ва ўз иштаҳасининг қайси потенциал қурбони билан тўқнаш келишига қараб, унинг хулқ-атвори ўзгаради. Айни шу сабабли ҳодиса нарсанинг моҳиятини, унинг муайян ички ва муҳим хоссасини у ёки бу тарзда намоён этади.
Ҳақиқийлик мезонига жавоб берувчи билимни олиш билишнинг муҳим вазифасидир. Бундай билим ўрганилаётган нарсанинг моҳиятига кириш демакдир. Моҳиятни билиш ривожланишнинг асосий жиҳатлари ва тенденцияларини белгилайдиган теран алоқалар, муносабатлар ва қонунларни аниқлашни назарда тутади. Табиатнинг моҳияти чексиз-чегарасиз бўлгани боис, уни билиш жараёни ҳам чексиздир. Моҳият тушунчаси билишни тўлиқ, мукаммал билимга эришишга йўналтирувчи тартибга солиш тамойили аҳамиятига эгадир. Ҳодиса тушунчаси моҳиятни билиш усулини кўрсатади ва шу боисдан методологик аҳамият касб этади. Ўрганилаётган объект ўзи учун ғайритабиий шарт-шароитларга солинадиган илмий эксперимент бутунлай янги ҳодисаларни қайд этиш ва шу тариқа ўз шаклланиши ва фаолиятининг илгари номаълум бўлган қонунларини кашф этиши тасодифий бир ҳол эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |