Диалектик зиддият – бир-бирини истисно этувчи қарама-қаршиликларнинг билвосита бирлигидир. Қарама-қаршиликлар – зиддиятларнинг негизи, боғловчи бўғинлар эса – уларни ечиш механизмидир. Қуйидаги далиллар боғловчи бўғинлар роли ва қарама-қаршиликлар тушунчасига мисол бўлиши мумкин: Ирсият ва ўзгарувчанлик қутбларида нафақат организмнинг аввалги ҳолати, балки ўзлаштирилган янги белгилари ҳам сақланишини таъминловчи генетик код боғловчи бўғин ҳисобланади. Ижтимоий ҳаётда жамиятнинг ўта бой ва ўта қашшоқ қатламлари қарама-қаршиликлари ўртасида боғловчи бўғин вазифасини ўрта синф бажаради. Ўрта синф мамлакат аҳолисининг аксарият қисмини ташкил этиши лозимлиги, акс ҳолда жамият ҳолати доимо беқарор бўлишини Аристотель қадим замонлардаёқ қайд этган. Зеро, майда мулкдорлар олган даромадининг бир қисмини ўз ишини ривожлантиришга йўналтиради, бозор конъюнктурасини ўрганади ва унга жуда тез мослашади, бозорни зарур товарлар ва хизматлар билан бойитади. Яна бир мисол – шахс ва жамият муносабатлари. Маълумки, шахс ва жамият қарама-қаршиликлар ҳисобланади, шахс аъзо бўлган ижтимоий гуруҳлар уларнинг ўртасида боғловчи бўғин сифатида амал қилади. Бу ва бошқа далиллар билишда ички қарама-қаршиликлар мавжудлгини ҳам, боғловчи бўғинларни ҳам ҳисобга олиш муҳим эканлигини кўрсатади. ХХ аср 30-йилларининг бошида инглиз физиги Поль Дирак позитронлар, яъни электронларга ўхшаш, лекин мусбат зарядга эга бўлган зарралар мавжудлигини башорат қилди. Гарчи олим ўз назариясида бирон-бир хато топмаган бўлса-да, аксилзарралар мавжудлигига унинг ишончи йуқ эди.
Шундай қилиб, қарама-қаршиликлар алоқаси ва зиддиятларни ечишнинг бир-бири билан билвосита боғлиқлиги умумий хусусият касб этади, алоқа усули эса боғланиш хусусияти билан белгиланади. Боғловчи бўғинларнинг ўзи зиддият қарама-қарши аъзолари хоссаларининг уйғунлигидан ташкил топади.
Тафовут - аввалги ҳолатдан сақланиб қолган хоссалар устунлик қилгани ҳолда, айни бир предмет хоссаларининг мос келмаслигидир. «Тафовут» - ҳар хиллик, ўз-ўзига, бошқа нарсалар, ҳодисалар, жиҳатларга мос келмаслик муносабати. Тафовут кучли ёки аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Кучли тафовут – предметнинг ўз-ўзи билан зиддиятга киришиш омили. Бу қарама-қаршилик босқичи бўлиб, унинг ечилиши предметнинг бутунлай ўзгаришига олиб келади. Шундай қилиб, зиддиятларнинг кучайиши ва ўз ечимини топиши ривожланиш манбаи ҳисобланади.
Ривожланиш манбаи ва ривожланишни ҳаракатлантирувчи кучни фарқлаш лозим. Ривожланиш манбаи – ички ҳодиса, предметнинг ички зиддиятларидир. Ваҳоланки, ташқи зиддият ҳам ривожланишни ҳаракатлантирувчи куч бўлиши мумкин. Масалан, сиз шамоллаб қолдингиз. Айни ҳолда ташқи муҳит сизнинг ҳолатингиз ўзгаришини ҳаракатлантирувчи куч бўлди. Диалектик зиддият таркибида асосий томон манфий хусусиятга эга, чунки у мазкур зиддиятни бартараф этиш, инкор қилишга қаратилган. Мусбат томон мазкур зиддиятни сақлашга қаратилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |