5- мавзу. Ғоялар хилма-хиллиги ва мафкуравий
жараённинг ижтимоий тараққиётга таъсири.
Ғоялар хилма-хиллиги дегнада нимани тушунасиз?
1 . Ғоя ёки идея феномени махсус тадқиқот объекти сифатида Ғарб фалсафаси тарихида илк бор Суқрот ва Афлотун томонидан қўйилган ва ўзига хос «ечимини топган» эди. Хусусан, Афлотун фикрича, идея бу - ҳақиқий борлиқ бўлиб, моддий нарсаларнинг намунаси, андозаси тарзида реал, объектив мавжуд бўлган ғоялар дунёсининг умумий тавсифидир; ҳар бир ғоя ягона ва ўз-ўзига айний бўлгани ҳолда, айни вақтда ҳамма нарсаларда мавжуд бўла олади. Афлотун мушоҳадасига кўра, идеал борлиқ моддий борлиқни, фақатгина белгилабгина қолмай, айни пайтда у ўзида мутлақ умумийлик ва қийматлилик моҳиятларини ҳам мужассам этади. Бинобарин, Афлотун нуқтаи назарича, идеал борлиқ онтологик маънода ҳам (борлиқнинг асоси), гносологик маънода ҳам (ҳиссий, эмпирикка нисбатан мантиқий, назарий), аксиологик маънода ҳам (моддий мавжудликка қарама-қарши ўлароқ идеал муқаррар мавжудлик, мукаммаллик), праксиологик маънода ҳам (жисмий, моддий шаклланиш ва ўзгаришларни белгиловчи фаол, ижодий ибтидо сифатида) бирламчидир.
Ғарб фалсафаси тарихида «идеал борлиқ» атамаси илк бор Афлотуннинг онтологик таълимоти доирасида шаклланган ва унинг фалсафасида «ғоялар дунёси», «ғоя» тушунчалари билан чегарланган. Афлотун мушоҳадасига кўра, ғоялар - конкрет нарса-ҳодисалардан ташқаридаги ҳақиқий объектив реаллик ҳисобланган жисмсиз, идеал моҳиятлардир. Афлотун ғоя тушунчасининг маъно-моҳиятини таҳлил қилишда идеал (идеал борлиқ) категориясига асосланган. Шунга кўра, муайян маънода, Афлотун фалсафасини «ғоялар фалсафаси», дейиш мумкин.
Ҳар қандай тушунча ёки фалсафий категория ўзининг шаклланиш, ривожланиш, мазмунан бойиш ва сайқалланиш жараёнларини ўтайди, турли тарихий даврларда турлича маъно-мазмун касб этади. Ғарб фалсафасининг қадимги даврида Демокрит идея ёки ғоя деганда бўлинмас атомларни назарда тутади.
Ўрта асрлардаги Ғарб фалсафасида «Идея» тушунчаси илоҳий руҳга оид нарсаларнинг тимсоли сифатида талқин этилган бўлса, ХVII-ХVIII асрларда инсон билишининг услуби (эмпиризм ва рационализм) нуқтаи назаридан тавсифланган. Машҳур немис мутафаккири И.Кант фикрича, «идея» ақлга оид тушунча бўлиб, бизнинг ҳиссий дунёмизда унга мос келадиган нарса йўқ; Гегел мушоҳадасига кўра, идея - субъектив ҳақиқат, субъект ва объектнинг мослиги, ривожланиш жараёнининг юқори босқичидир.
Ҳар қандай тушунча ёки фалсафий категориянинг маъно-мазмуни ва моҳияти бошқа тушунчалар ёки категориялар воситаси ёрдамида очилади. Кейинги йилларда ўзбек тилида чоп этилган ғоя ва мафкура тушунчалари таҳлилига бағишланган асосий адабиётларда ғоя тушунчасининг мазмун-моҳиятини очишда онг категорияси асос қилиб олинган. Мазкур адабиётларда онг, шартли равишда, иккита катта қисмга - инсоннинг руҳий ва фикрий оламига, яъни тафаккур оламига ажратилиб, ғоя тафаккур маҳсули сифатида тавсифланади. Хусусан, «ғоя - инсон тафаккурида вужудга келадиган, ижтимоий характерга эга бўлган, руҳиятга таъсир ўтказиб, жамият ва одамларни ҳаракатга чорлайдиган, мақсад-муддао сари етаклайдиган кучли, теран фикр» , дейилган.
Фоя воқелик ва ҳаёт таъсирида вужудга келадиган, уни акс эттириш асосида шаклланадиган дунёни билишнинг ўзига хос шаклларидан биридир. У шахс, жамият, ижтимоий гуруҳ, партия ва бошқаларнинг муайян мақсадларини ифодалайди, уларни бу йўлда бирлаштиради, уюштиради, фаолиятга ундайди, сафарбар қилади. Фоя - ижтимоий фикр сифатида шаклланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |