4 мавзу. СТАТИСТИК МАЪЛУМОТЛАРНИ ЖАМЛАШ ВА ГУРУҲЛАШ
1. Статистик кузатиш маълумотларини жамлаш
Статистик кузатиш натижасида ўрганилаётган ҳодисаларнинг ҳар бири тўғрисида жуда кўп маълумотлар тўпланади. Лекин бу маълумотлар бирор белги бўйича тартибга келтирилмаганлиги сабабли ҳодисалар тўғрисида умумий хулосалар қилишга имкон бермайди. Шунинг учун навбатдаги вазифа-маълумотларни жамлаш, бир тизимга келтириш ва қайта ишлашдир. Бу босқич ҳар қандай статистик тадқиқотнинг иккинчи босқичи бўлиб, статистик кузатиш материалларини жамлаш ва гуруҳлаш деб юритилади.
Статистикада жамлаш тор ва кенг маънода тушинилади. Тор маънода жамлаш деганда кузатишдан олинган маълумотларни бирор белгисига қараб гуруҳламасдан, тўпламнинг умумий йиғиндисини (якунини) ҳисобланиш тушунилади. Масалан, Республика бўйича терилган пахтанинг умумий миқдори, ўрилган ғалла майдони, институт бўйича ўқийдиган барча талабалар сони ва хоказо.
Кузатиш маълумотларини махсус дастур асосида муҳим белгиларига қараб гуруҳларга ажратиб ўрганиш кенг маънода жамлашдир. Масалан, терилган пахтани қўлда ва машинада терилган гуруҳларга ажратиш, талабаларни курсларга, мутахассисликларга, кундузги ва сиртқи белгилари бўйича гуруҳларга ажратиб ўрганиш.
Маълумотларни жамлаш-ташкил этилишига қараб марказлашган ва марказлашмаган жамлашларга бўлинади. Марказлашган жамлашда кузатишдан олинган барча маълумотлар бир жойда тўпланади, ҳамда қўйилган мақсад ва вазифага қараб гуруҳланади ва қайта ишланади.
Марказлашмаган жамлашда бошланғич кузатиш маълумотлари дастлаб жойларда (туман, вилоят) статистика органларида қайта ишланади, кейинчалик марказга - Давлат статистика органларига юборилади. Ҳар иккала усулнинг ҳам салбий ва ижобий тамонлари мавжуд. Маълумотларни марказлаштирилган тарзда қайта ишланганда, ҳозирги юқори унумли техникадан самарали фойдаланиш, ҳамда ягона услубий яндошишга имкон яратади, лекин маҳаллий, худудий кўрсаткичларни ҳисоблаш чекланади, кузатиш маълумотларини таққослаш, текшириш учун қийинчилик туғулади.
Марказлаштирилмаган жамлашда кузатиш хатоларини тўғрилаш енгиллашади, худудий кўрсаткичлар ҳисобланади, лекин кузатиш материаллари тарқоқ ҳолда бўлади. Амалиётда кузатишнинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, ҳар иккала усулдаги жамлаш қўлланади.
Кузатиш маълумотларини тўплаш ва қайта ишлаш қўлда ёки машинада бажарилиши мумкин. Қўлда унча катта бўлмаган кузатиш тўплам маълумотлари йиғилади ва қайта ишланади. Жамлаш қўлда бажарилганда кўп меҳнат ва вақт сарфланади.
Маълумотларни йиғиш ва жамлаш машинада бажарилганда қисқа вақт ва кам меҳнат сарфланади. Ҳозирги шароитда Республикамизда барча статистика органлари микроЭХМлар билан таъминланган ва статистик ишлар замонавий компьютерлар ёрдамида олиб борилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |