Сув тошқинидан сўнг қандай ҳаракат қилиш керак? Бинога киришдан аввал, унинг ҳолатини текшириб кўринг. Хоналарни шамоллатинг (газ тўпланиб қолган бўлиши мумкин). Хоналарни тўла шамоллатиб бўлмагунингизча ва газ таъминоти тизимини текшириб кўрмагунча электр ёритгичларни ёқманг, очиқ оловдан фойдаланманг, гугурт ишлатманг. Электр симлари, газ қувурлари, сув ва маиший чиқинди тармоғининг созлигини текширинг. Мутахассислар билан биргаликда ушбу тизимларнинг созлигига ишонч ҳосил қилмасдан улардан фойдаланманг. Хоналарни қуритиш учун барча эшик ва деразаларни очиб ташланг, пол ва деворларни чиқиндилардан тозаланг, ертўлалардаги сувни тортиб чикаринг. Нам теккан озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилманг. Қудуқларни тозалаб, улардаги сувни чиқариб ташланг.
Сув кўтарилиши - сув сатҳининг қисқа муддатда жадал кўтарилиши. Кучли жала, айрим ҳолларда қор эришидан пайдо бўлади.
Сел - тоғ дарёлари ўзанларида тўсатдан юзага келувчи катта ҳажмдаги тоғ жинслари бўлаклари, харсанглар ва сув аралашмасидан иборат вақтинчалик шиддатли оқим.
Ватанимизни ўраб турган тоғлар ва тоғ олди ҳудудлари селдан хавфли ҳудудларга киради. Сел айниқса, Қашқадарё, Наманган, Жиззах, Фарғона, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида кўпроқ учрайди.
Сел оқимларини узоқ давом этган кучли жала, қор ёки музликларнинг жадал эриши, зилзила ва вулқон отилишлари келтириб чиқаради. У тўсатдан юзага келади, катта тезлик (10 м/сония ва ундан ортиқ) билан ҳаракатланади, одатда ўн дақиқадан бир неча соатгача бўлган оралиқ билан бир неча тўлқинлар шаклида ўтади. Сел тўлқини олдинги қисмининг баландлиги 15 м ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Ҳаракатланаётган сел оқимининг гулдураган овози узоқ масофадан эшитилиб туради. Одамлар (сайёҳлар, тоғ разведкачилари, чегарачилар, маҳаллий аҳоли), турар жой бинолари ва йўл иншоотлари табиий офатнинг қурбонига айланишлари мумкин.
Селга қандай тайёрланиш керак? Одатда сел оқимлари келиши мумкин бўлган жойлар маълум бўлади. Тоққа чиқишдан аввал ҳаракатингиз йўналишида мавжуд бўлган шундай жойларни ўрганиб чиқинг, уларни, айниқса кучли ёғинлардан сўнг четлаб ўтинг. Сел оқимига тўқнаш келиб қолинганда қутулиб қолишнинг иложи жуда камлигини доимо ёдда тутинг.
Эвакуация олдиндан ўтказиладиган бўлса, турар жойни ташлаб чиқиб кетишдан аввал электр, газ, сув манбаларини беркитинг. Эшик, дераза ва шамоллатиш тизимларини яхшилаб ёпинг.
Аввалдан ўтказиладиган селнинг олдини олувчи чора-тадбирлар: селдан хавфли ҳудудларда селга қарши дамба ва тўғонлар, сув йўлини ўзгартириб юборувчи каналлар қурилади, тоғ кўллари сатҳи пасайтирилади, ёнбағирлардаги тупроқ қатлами дарахт ўтказиш йўли билан мустаҳкамланади, кузатув ишлари олиб борилади, хабар бериш тизими яратилади ва эвакуация режалаштирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |