5-ҳикоят. Эр.ав. 206 йилда биринчи марказлашган Хитой императорларининг Цин сулоласини яксон қилиб, энг узоқ давр мобайнида ҳукмронлик қилган Хан (эр.ав. 206-эрамизнинг 220 й.) сулоласига асос солган Лю Бан (эр.ав. 247-195 й.) Циннинг қулашидан кейин пайдо бўлган маҳаллий ҳукмдорлар билан эр.ав. 202 йилгача курашишга мажбур эди.
Унинг рақибларидан бири Вэй подшолиги ҳукмдори Бао (эр.ав. 204 й. вафот этган) эди. Хан қўшинининг ҳужумидан ҳимояланиб, ҳукмдор Бао ўз қўмондони Бо Чжига бутун Вэй қўшини билан Хуанхэ дарёсининг шарқий қирғоғида Пубан атрофида истеҳком қуриб, душманни кутиб туришни буюради. Бо Чжи Хуанхэда қайиқлар қатновини тўхтатади, деҳқонларнинг барча қайиқларини чўктиради ва доимий равишда соҳилни қўриқлаш учун қўриқчи жангчиларни қўяди. Чунки у Хан қўшини Пубандан ташқари Сариқ дарёни кечиб ўтиш имкони йўқ деб ўйларди ва амалга оширган ишларидан мамнун эди.
Хан армиясининг бош қўмондони Хан Син Пубан орқали ҳужум қилиш амалга ошишига кўзи етмасди. Шунга қарамай, у Пубанда Хан қўшинининг асосий қароргоҳини Вэй қўшини рўпарасида қуради. Атрофда кўп байроқларни ўрнатади ва ўзида бор кемаларни ўша жойга олиб келади. Кун бўйи Хан қўшини жангавор дўмбираларни чалиб, шовқин-сурон соладилар, тунлари эса қароргоҳда гулхан ва машъалалар ёнади. Жангчилар ғайрат билан ишлаётгандек фаолият кўрсатишади. Буларнинг бари гўёки Хан қўшини дарёни кечиб ўтишга тайёргарлик кўраётгандек таассуротни уйғотарди. Бо Чжи эса Хуанхэ юқорисида бўлаётган ишларга ҳеч қандай эътибор бермасди.
Бу орада Хан Син яширин ҳолда асосий кучларини шимолга олиб боради ва Сяян деган жойда Хуанхэдан кечиб ўтади. Бу воқеалар масалани ҳал қилади ва ҳукмдор Бао бутунлай тор-мор этилади. Бу тарихий воқеа «Чжунго гудай чжанчжэн гуши» («Қадимги Хитой урушлари ҳақида тарихий воқеалар». Пекин, 1978) китобида келтирилган.
Еттинчи стратагема: Йўқ нарсадан бирор нарса яратиш
Душман ҳушёрлигини алдамчи фронт яратиб, ғафлатга қолдир. Бу ҳийла иш берса, ушбу фронтни бирор бир ҳақиқий нарса билан алмаштир,бу душманни икки карра йўлдан уради. Алдамчи кўриниш ортида кўпинча ёпирилиб келаётган хавф-хатар яширинган бўлади. “36 стратагема”дан Изоҳ: Алдаш санъати аввал алдаб, кейин алдамасликдан иборат. Агар ёлғон бўлмаган нарса ёлғондек кўринса, бу ҳақиқий ёлғондир.
Ҳеч нарса бўлмаган пайт, бирон нарсангни бор қилиб кўрсатсанг – шуни ўзи алдадинг дегани. Бироқ ҳар қандай ёлғоннинг умри қисқа ва осонликча фош бўлади. Шунинг учун мавжуд бўлмаган нарса доим ҳам йўқ дегани эмас. Агар йўқ нарсадан нимадир яратилса, ёлғон ҳақиқатга айланади ва бўш нарса мазмун касб этади.
Мавжуд бўлмаган нарса воситасида душманни мағлуб қилиб бўлмайди. Ундан бор нарсани ярат ва душман мағлуб бўлади.
1-ҳикоят. VIII аср ўрталарида Тан сулоласи даврида саркарда Ан Лушан император Сюан-Цзунга қарши исён кўтарди. Ан Лушаннинг иттифоқчиси генерал Линху Чжао императорга содиқ генерал Чжан Сюн ва унинг саноқли аскарлари яширинган Юнцю шаҳрини қамал қилди. Чжан Сюн сомондан одам бўйи баробаридаги мингта қўғирчоқ ясашни ва уларни ҳар тунда арқон орқали шаҳар деворидан туширишни буюрди. Шаҳарни қамал қилган қўшин шаҳар ҳимоячилари девордан тушаяпти деган хаёлга бориб ўқ узишди. Бу ўқлар сомонга суқилиб қолди. Чжан Сюн қўғирчоқларни кўтаришни буюрди ва шундай қилиб ҳимоячилар бир неча минг ўққа эга бўлишди.
Кейинчалик Чжан Сюн тунда шаҳар деворидан ҳақиқий жангчиларга тушишни буюрди. Лихун Чжао бу сафар ҳам сомон қўғирчоқлар туширилаяпти деб ўйлаб, аскарларига ўқ узишни тақиқлади. Оқибатда Чжан Сюн қўшинидан беш юз кўнгилли жангчилар Лихун Чжао қароргоҳига қўққисдан ҳужум уюштириб, уларни қочишга мажбур қилди.