2. Ходимларни ўқитиш ва билимларини текшириш 2.1. Ходимларнинг йўриғи.
Ходимларнинг йўриғи кириш йўриғи ва иш жойидаги йўриққа бўлинади. Иш жойидаги йўриқ ўз навбатида бирламчи, даврий ва навбатдан ташқари йўриққа бўлинади.
2.1.1. Кириш йўриғи.
2.1.1.1. Муассасага ишга кирган барча ходимлар, бошқа ташкилотларнинг шу муассасада ишлаш учун сафарбар қилинган ходимлари (малакаси, иш стажи ва тажрибасидан қатъи назар), шунингдек амалиётчилар ва шогирдлар мустақил ишни ёки стажировкани бошлагунга қадар кириш йўриғидан ўтишади.
2.1.1.2. Ходимларни кириш йўриғидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг ходими ёки унинг вазифалари юклатилган бошқа ходим ўтказиши лозим.
2.1.1.3. Жабрланганларга биринчи тиббий ёрдамгача бўлган ёрдамни кўрсатиш тўғрисидаги йўриқ, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа махсус масалалар бўйича йўриқлар тегишли мутахассислар томонидан ўтказилади.
2.1.1.4. Кириш йўриғи ўқув материалининг аниқ мазмуни ва ишлаб чиқариш талабларига тўғри келадиган замонавий техник воситалар, кўргазмали қуроллар ва адабиётдан фойдаланган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилиш хонасида ўтказилиши керак.
2.1.1.5. Кириш йўриғи бир гуруҳ ходимлар билан ҳам, алоҳида-алохида ходимлар билан ҳам ўтказилиши мумкин. Гуруҳ таркиби, одатда, 10 кишидан ошмаслиги керак.
2.1.1.6. Кириш йўриғини ўтказганлик тўғрисида кириш йўриғини рўйхатга олиш дафтарига ёзиб қўйиш ва ходимни қабул қилиш хатида тегишли белгиларни қўйиш лозим. Дафтарнинг шакли 1-иловада берилган.
2.1.2. Иш жойидаги йўриқ.
2.1.2.1. Кириш йўриғидан ташқари барча ходимлар иш жойидаги йўриқдан ўтишлари лозим.
2.1.2.2. Иш жойидаги йўриқдан мақсад - ҳар бир ходимни ишлашнинг тўғри ва хавфсиз усуллари ҳамда услубларига ўқитишдир. Йўриқ жараёнида ходимни асбоб-ускуналар механизмлар, мосламалар, уларнинг тавсифи ва тузилиш хусусиятлари, юз бериши мумкин бўлган хавфлар, ишлашнинг хавфсиз услублари ва усуллари ҳамда иш жойини тайёрлаш тартиби билан таништириш керак.
2.1.2.3. Иш жойидаги йўриқни ўтказиш ходим бевосита бўйсунадиган устага юклатилади. Зарур ҳолларда йўриқ тегишли мутахассислар (механиклар, энергетиклар ва бошқа мутахассислар) иштирокида ўтказилади.
2.1.2.4. Электротехник бўлмаган ходимларга электр хавфсизлигига доир йўриқ ўтказиш ва малака гуруҳини бериш ишларини бош энергетик хизмати ходими амалга оширади.
2.1.2.5. Бевосита иш жойидаги йўриқ ишларни хавфсиз юритиш қоидалари ва йўриқномалари асосида цех, участка бошлиқлари томонидан ишлаб чиқилган ва муассаса бош муҳандиси томонидан тасдиқланган дастурлар бўйича ўтказилади. Бундай йўриқномалар ва уларнинг рўйхати муассаса бош муҳандиси томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
2.1.2.6. Ишларни хавфсиз юритиш йўриқномаларини ишлаб чиқиш ва ишлаётганлар ҳамда иш жойларини улар билан таъминлаш участкалар, лабораторияларнинг раҳбарларига юклатилади.
2.1.2.7. Дастлабки йўриқ.
2.1.2.7.1. Дастлабки йўриқ бевосита иш жойида амалий ўқитиш (стажировка) билан биргаликда ходимларни мустақил ишлашга қўйишдан олдин, бошқа ишга ёки бошқа турдаги иш участкасига ўтказишда (ишлаб чиқариш шартлари ўзгарганда) ўтказилиши лозим.
2.1.2.7.2. Муассасага ишга кираётган киши амалий ўқитиш (стажировка)ни тажрибали ва малакали ходим қўлида ўтиши керак. Стажировка учун ходимни кимга бириктириш муассаса раҳбарининг
буйруғи билан расмийлаштирилади, бунда ўқитиш муддати ва доимий назоратни олиб бориши керак бўлган масъул шахс (уста) кўрсатилади.
2.1.2.7.3. Дастлабки йўриқни ўтказганлик тўғрисида иш жойидаги йўриқларни рўйхатга олиш дафтарига ёзиб қўйилади. Дафтарнинг шакли 2-иловада берилган.
2.1.2.8. Даврий йўриқ.
2.1.2.8.1. Касби бўйича иш стажи ва малакасидан қатъий назар ходимлар камида ҳар 3 ойда бир марта ишларни хавфсиз юритиш бўйича даврий йўриқдан ўтишлари керак.
2.1.2.8.2. Даврий йўриқдан мақсад - ходимлар томонидан бажариладиган асосий ва бошқа ишларни хавфсиз бажариш бўйича ходимларнинг билимини кўрсатилган бирон вақт ўтгандан сўнг янгилаб ва тўлдириб туриш.
2.1.2.8.3. Даврий йўриқ алоҳида ёки гуруҳ билан (бир турдаги касблар ва айрим иш турлари бўйича) бўлиши мумкин ва участка ёки муассаса амалиётидан олинган мисолларни суҳбат тарзида батафсил муҳокама қилиб ўтказилиши керак.
2.1.2.8.4. Бирон-бир сабабга кўра (таътил, касаллик, хизмат сафари ва ҳоказо) белгиланган вақтда йўриқдан ўтмаган ходимлар ишга чиққан куни йўриқдан ўтишлари керак.
2.1.2.8.5. Даврий йўриқ ўтказилганлиги тўғрисида иш жойидаги йўриқларни рўйхатга олиш дафтарига ёзиб қўйилиши лозим.
2.1.2.9. Навбатдан ташқари йўриқ.
2.1.2.9.1. Ишларни хавфсиз юритиш бўйича ходимларни қуйидаги ҳолларда навбатдан ташқари йўриқдан ўтказиш керак:
- ишлаб чиқариш жараёни ўзгариш, бир асбоб бошқа турдаги асбоб билан ўзгартирилиши ва ҳоказолар натижасида меҳнат қилиш шароитлари ўзгарган ҳолларда;
- участкада, бригадада бахтсиз ҳодиса ёки авария рўй берганда;
- ишларни хавфсиз юритиш бўйича янги қоидалар ва йўриқномалар киритилишидан келиб чиқадиган қўшимча талабларни ишчиларга етказиш зарур бўлганда;
- кўрилган чора-тадбирлардан қатъий назар меҳнатни муҳофаза қилиш ёнғин хавфсизлиги ва санитария қоидалари ва йўриқномалари, ишлаб чиқариш интизоми бузилган ҳолларда;
- меҳнат хавфсизлиги бўйича қўшимча (юқори) талаблар қўйиладиган ишларда 30 календар куни ва ундан ортик; қолган ишларда - 60 кун ва ундан ортиқ танаффус вужудга келганида.
2.1.2.9.2. Навбатдан ташқари йўриқ ўтказилганда йўриқ сабаби дастлабки йўриқ дастури билан бевосита боғлиқ бўлган қисминигина кўриб чиқиш лозим.
2.1.2.9.3. Ходимларни навбатдан ташқари йўриқдан ўтказиш дастлабки ва даврий йўриқлардагидек бевосита масъул иш раҳбарлари (усталар) томонидан амалга оширилади.
2.1.2.9.4. Навбатдан ташқари ўтказилган йўриқ худди дастлабки ва даврий йўриқлар каби, фақат сабаби ва кўрилган хавфсизлик чора-тадбирлари кўрсатилган ҳолда йўриқларни рўйхатга олиш дафтарида расмийлаштирилади.
2.2. Ходимларнинг билимини текшириш.
2.2.1. Дастлабки йўриқ ва стажировкадан сўнг (мустақил ишга қўйилишидан олдин ёки бир ишдан бошқасига ўтказилганда) ходимлар ишларни хавфсиз юритиш бўйича қоидалар ва йўриқномаларни билишлари текширилиши керак.
2.2.2. Билимларни текшириш дастлабки, даврий ва навбатдан ташқари текширишларга бўлинади.
Билимларни текширишн муассаса раҳбарининг буйруғи билан тайинланадиган ва, одатда, бош муҳандис раислигидаги комиссия амалга оширади. Маълум бир шароитдан келиб чиққан ҳолда, комиссия таркибига механиклар, энергетиклар ёки бошқа мутахассислар киритилиши мумкин.
Зарур ҳолларда, асосий иш бўйича қоидалар ва йўиқномаларни билишини текшириш билан бир қаторда, Давлат техник назорат вакили билан бирга ходимнинг хавфли меҳнат шароитларида ишлашни билиши ҳам текширилиши мумкин.
2.2.2.1. Дастлабки билимлар текшируви.
Ишчининг билими дастлаб текширилгандан сўнг унга билими текширилгани тўғрисида ягона шаклдаги гувоҳнома тегишли тарзда расмийлаштирилиб берилади. Гувоҳноманинг шакли 3-иловада берилган.
Ходимларнинг билимини текшириш иш жойидаги инструктажларнинг дастурлари асосида участка бошлиқлари, мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган саволномалар бўйича ўтказилади.
2.2.2.2. Даврий билимлар текшируви.
Барча ходимлар ҳар бир иш йилидан сўнг (жадвалга кўра) даврий билим текширувидан ўтишлари керак. Жадваллар ҳар йили усталар томонидан тузилади ва участка бошлиқлари томонидан тузилади ва бош муҳандис томонидан тасдиқланади. Жадвалнинг шакли 4-иловада берилган.
2.2.2.3. Навбатдан ташқари билим текшируви.
Навбатдан ташқари ходимларнинг билимини текшириш қуйидаги ҳолларда ўтказилади:
- ишлаб чиқариш жараёни ўзгарганда;
- янги асбоблар ва механизм тадбиқ қилинганда;
- меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича янги қоида ва йўриқномалар кучга кирганда;
- меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоида ва йўриқномаларга риоя қилинмаганда;
- қоидалар ва йўриқномаларни ходимлар томонидан етарли даражада билмаслик ҳоллари аниқланганда муассаса раҳбарияти, давлат назорат идораларининг талаби ва фармойишига биноан навбатдан ташқари билим текшируви ўтказилади.
2.2.3. Билимлар текширувининг натижалари ходимлар билимини текширишни рўйхатга олиш дафтарида расмийлаштирилади ва бир вақтнинг ўзида гувоҳномада акс эттирилади. Текширилаётган ходимнинг билимини баҳолашдан ташқари (яхши, қониқарли, қониқарсиз) ходимни мустақил ишга қўйиш мумкинлиги тўғрисида хулоса берилади.
Дафтарнинг шакли 5-иловада берилган.
2.2.4. Агар текширув вақтида ишчининг билими қониқарсиз эканлиги аниқланса, у мустақил ишга қўйилмайди ва икки ҳафталик муддат ичида қайта текширувдан ўтка-зилади.
2.2.5. Узрсиз сабабли қайта билим текширувига келмаслик ёки текширувга тайёрланмасдан келиш меҳнат интизомини бузиш сифатида кўрилади. Бундай қоида бузарликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан меҳнат қонунлари ва ички меҳнат тартиби қоидаларида назарда тутилган жазо чоралари қўлланилиши мумкин.