II БОБ. СЧЁТЛАРНИНГ БОҒЛАНИШИ
III қисм. Мажбуриятлар
VI бўлим. Жорий мажбуриятлар
VII бўлим. Узоқ муддатли мажбуриятлар
Ҳисобварақлар режаси III қисмининг счётлари мажбуриятларнинг барча турлари бухгалтерия ҳисобини тартибга солиш учун қўлланилади.
Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асосга мувофиқ (Молия вазирлиги томонидан 1998 йил 26 июлда 17-07/86-сон билан тасдиқланган, ЎзР АВ томонидан 1998 йил 14 августда 475-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мажбуриятларнинг асосий тавсифи шундан иборатки, бунда хўжалик юритувчи субъект бошқа юридик ва жисмоний шахслар олдида жорий мажбуриятларга эга бўлади.
Мажбуриятлар - бу ҳисобот ёки олдинги даврларда вужудга келган кредиторлик қарзидир ва унинг қопланиши (тартибга солиниши) иқтисодий нафни камайтиришга олиб келиши мумкин, яъни амалдаги активлар камайиши тўғрисида ишонч мавжуддир. Мажбуриятда қопланиши лозим бўлган аниқ белгиланган қарз ёки муайян ҳаракат қилиш, масалан, сотилган маҳсулотнинг яроқсизлигини тузатиш ёки олдиндан ҳақи тўланган ишни бажариш мажбурияти (ниманидир бажариш) мужассамланади.
Мол етказиб бериш ёхуд олди-сотди шартномасининг тузилиши мажбурият вужудга келганлигини англатмайди. У тайёр маҳсулот етказиб берилгандан кейин ёки унга эгалик қилиш ҳуқуқи расмий равишда ўтказиб берилгандан кейин вужудга келади. Хизматларни истеъмол қилиш, бажарилган ишни қабул қилиш мажбуриятлар вужудга келишига ва улар учун олдиндан тўлов амалга оширилмаган тақдирда, бунинг учун ҳақ тўланиши лозимлигига олиб келади.
Муайян ҳуқуқий чекловларда, масалан, бекор қилиниши кўзда тутилмаган мол етказиб бериш тўғрисидаги шартнома тузилганда, мол етказиб берилишидан қатъи назар ҳам мажбуриятлар вужудга келади. Молни қабул қилишдан воз кечиш катта миқдордаги пул суммаси (боқимонда)нинг тўланишини талаб қилади ва тегишли мажбуриятлар вужудга келишига олиб келади.
Мажбуриятларни қоплаш одатда муайян активларни кредиторга ўтказиш ёки бошқа усуллар билан амалга оширилади. Хусусан, мажбуриятларни қоплаш мажбуриятларнинг қийматини пул маблағлари билан тўлаш ёки уни қоплаш учун шунга мос келадиган қийматдаги бошқа активларни ўтказиб бериш; мажбуриятга тенг бўлган суммага хизматларни кўрсатиш ёки ишларни бажариш; бир мажбуриятни бошқа мажбурият билан алмаштириш; ўзаро келишув бўйича қопланган мажбуриятларга тенг суммада акцияларни ёки бошқаришда ва фойдада иштирок этиш бошқа ҳуқуқларини тақдим этиш йўли билан корхона капиталига мажбуриятни киритиш орқали тартибга солиниши мумкин. Кредитор томонидан ўз талабларини бекор қилиш ёки талаб қилиш ҳуқуқини йўқотиш ҳам мажбуриятларни қоплаш усулларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Мажбуриятларни қоплаш активларни камайтирувчи муайян харажатларни талаб қилганда ёхуд бошқа йўл билан келгуси иқтисодий нафларни камайтиради деган тахмин қилишга асос мавжуд бўлган тақдирдагина мажбуриятлар ҳисобга олиниши мумкин. Бу тўловни талаб қиладиган битимни ижро этиш, ижро учун қабул қилинган суд қарорлари, боқимондани тўлаш ёки бюджетга солиқни тўлаш ниятига эга бўлишдир.
Чет эл валютасида ифодаланган мажбуриятлар чет эл валютасини қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда қайта ҳисоблаш йўли билан счётларда миллий валютада ҳисобга олинади.
Мажбуриятларни ҳисобга олиш тартиби қуйидаги асосий қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади:
- Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асос (Молия вазирлиги томонидан 1998 йил 26 июлда 17-07/86-сон билан тасдиқланган, ЎзР АВ томонидан 1998 йил 14 августда 475-сон билан рўйхатдан ўтказилган);
- Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низом (ЎзР МБ бошқарувининг 2002 йил 12 апрелдаги 60(1/4)-сон қарори билан тасдиқланган, ЎзР АВ томонидан 2002 йил 15 апрелда 1122-сон билан рўйхатдан ўтказилган);
- Чет эл валютасидаги операцияларни бухгалтерия ҳисоби, статистика ва бошқа ҳисоботларда акс эттириш тартиби тўғрисидаги низом (2004 йил 2 сентябрдаги ЎзР МВнинг 98-сон, ИВнинг 41-сон, ДСҚнинг 2004-57-сон, МББнинг 257-В-сон ва Давстатқўмнинг 8-сон қарори билан тасдиқланган, ЎзР АВ томонидан 2004 йил 17 сентябрда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган);
- Бухгалтерия ҳисобида ижара операцияларини акс эттириш тартиби тўғрисидаги низом (молия вазирининг 2009 йил 11 майдаги 54-сон буйруғи билан тасдиқланган, ЎзР АВ томонидан 2009 йил 1 июнда 1961-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ва б.
Ҳисобварақлар режасининг III қисми VI бўлим "Жорий мажбуриятлар" ва VII бўлим "Узоқ муддатли мажбуриятлар"дан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |