Ведалар (Ведизм). Милоддан аввалги иккинчи минг йилликлар ўрталарида Ҳиндистонга, Панжоб ҳудудига ғарбдан Ҳиндиқуш довони орқали орий жангари халқлар бостириб келганлар. Улар Эронга кўчиб келган қўшни қабила тилларига яқин ҳинд-европа тилларида сўзлашар эдилар. Улар ҳарбий ишларда, шеъриятда уста бўлиб, ўзлари билан муқаддас ёзувлари-Ведалар (санскрит-муқаддас билим)ни олиб келганлар.
Ҳинд адабиёти бой бўлиб, унинг анчагина қисми йўқолиб кетган. Унинг бошланиши Ведалардир.
Ведалар таркибига турли даврларда ёзилган бир неча китоблар кириб, уларда ибодат, маросимлар, фалсафий таълимотлар, тарихий воқеалар баён этилган. Ведалар тўрт йирик тўпламдан иборат:
Ригведа (“Мадҳиялар ведаси”);
Самаведа (“Қўшиқлар ведаси”);
Яжурведа (“Қурбонликлар ведаси”);
Атхарваведа (“Афсун ва жодулар ведаси”);
Ригведа. Ригведа худоларга айтилган мадҳияларнинг тўплами, диний ёдгорликлар бўлиб, унинг муаллифлари риши куйловчиларнинг асосий вазифалари худоларни орий томонга оғдириш бўлган. Ригведада зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто” билан ўхшаш афсона ва маросимлар бор. Ригведа Панжобда, Ҳинд ҳавзаси ва унинг оқимида милоддан аввалги VI асрда пайдо бўлган. Унда Шимолий Ҳиндистонда милоддан аввалги 2-1-минг йилликларда юз берган воқеалар ҳақида маълумот берилади.
Самаведа. Ригведага кўпроқ боғлиқ бўлиб, у ҳозирги даврга икки таҳрирда етиб келган (cakha – айнан, шаҳобча); Каутхума (Kauthuma) ва Ранаяния (Ranayaniya).
Каутхума тўплами 1810 шеърдан иборат бўлиб, ундан фақат 76 таси Ригведада учрамайди. Ундаги шеърлар Ригведанинг VIII ва IX мандаласидан олинган бўлиб, тантанали қурбонлик маросими пайтида ўқилади. Тўплам икки қисмдан иборат: биринчи қисм ҳажми Агни, Индра, Сама худоларига, иккинчи қисм Сомага қурбонлик келтириш маросимида айтиладиган қўшиқлардан иборат. Самоведанинг мақсади диний маросимларда айтиладиган қўшиқларни ўргатишдан иборат. Ҳиндистонда ҳозирда ҳам ведаларни куйга солиб куйловчилар-самовединалар сақланиб, уларнинг мактаблари мавжуд.
Яжурведа. Яжурведа шраута (қурбонлик маросими) билан боғлиқ бўлиб, унинг асосий қисмини қурбонлик усуллари – яжус ташкил этади. Бу маросимларда тўлин ойли тунда, янги ой чиққан пайти Агни учун қурбонликлар ўтказилган.
Веданинг бу мактаблари қора ва оқ яжурведага бўлинган. Қора яжурведанинг турли мактабларга хос бўлган Катхоха, Капиштхала-Катха, Майтрайани, Тайттирия каби таҳрирлари мавжуд. Оқ Яжурведанинг Важасанейи номли биргина таҳрири бор.
Яжурведанинг таркиби уч асосий босқични ташкил этади. I.Маросим. II. Яжус ва мантралар. III. Брахмана шарҳлари.
Атхарваведа. У мил.ав. 1-минг йилликлар бошларига бориб тақаладиган қадимий ҳинд афсунларини ўзида акс эттирган. Қадимий ҳинд жамиятида мавжуд бўлган барча тарафларни, нуқсон ва камчиликларни ўзида акс эттирган. Атхарававеда афсонавий руҳоний Атхарвана (“Олов руҳонийси”) номи билан боғлиқ бўлиб, афсун ва жодулар ўша даврда олов устида бажарилган. Атхарваведа 6 минг шеърдан иборат бўлиб, 371 мадҳияни ўз ичига олади. Улар йигирмата китобда жамланган.
Ведаларда бутун табиатнинг илоҳийлиги ҳақидаги таълимот илгари сурилади. Ҳиндистонда кўпхудолик кенг тарғиб қилинади. Худолар орасида “энг улуғи, энг кичиги, энг қариси, энг ёши бўлмай, улар барчаси улуғликда тенгдир. Бир худо баъзида бутун борлиқнинг ҳукмдори бўлиши ва шу билан бирга у иккинчи бир худога тобе бўлиши мумкин. Масалан, Индра ва барча худолар Варунага тобе бўлиши мумкин. Варуна ва бошқа барча худолар Индрага бўйсунадилар. Бу Веда илоҳиётчилигига хос бўлиб, шу муносабат бошқа худоларга ҳам тегишлидир.
Ведаларда худолар осмон худолари қуёш худолари, ҳаво худолари, ер худолари, аёл худолар каби худолар тоифаси ҳақида мадҳиялар баён этилган.
Осмон худолари. Дяус, Варна, Индра каби худолар осмонларни бошқариб турувчиларга кирганлар. Кейинчалик Варуна сув ва денгизлар худосига айланиб кетган.
Қуёш худолари. Ригведада қуёш энергиясининг турлича намоён бўлишидан беш худо юзага келганлиги ҳақида сўз юритилади. Митра (дўст) – қадимий худодир. Суря – қуёшнинг ёрқинроқ намоён бўлган кўринишидир. Савитри -қуёшнинг қувват берувчи кучида намоён бўлади. Пушан мурувватли бўлиб, қуёшнинг маҳсулдорлик фаолиятини ўзида намоён қилади. Вишну худолар орасида абадий бўлиб, ҳозир Ҳиндистонда улуғланади.
Яна Ашвина ва Ситвар номи билан аталувчи икки тонг худоси қўшилади.
Индра осмон подшоси ва орийларнинг миллий худосидир. Ёмғир худоси Панжания, шамол худоси Вайюлар Ведаларда аниқ тасвирланмаган. Улар Индра билан жамланган ҳолда тасвирланади.
Рунада одамлар қўрқиб унга бағишлаб мадҳия, дуолар ўқиганлар. У Ригведада Шива (ёқимли) номи билан зикр этилади. Шива Вишну билан кейинчалик Ҳиндистонда унутилган худолар туркумини эгаллади.
Ер худолари. Агни – олов худоси, у ҳақидаги афсоналар Ҳиндистондан ташқарида вужудга келган. У одамларнинг қурбонликларини худоларга етказувчи руҳоний сифатида тасаввур қилинган.
Ушас – тонг ва унинг нури маъбудасидир. Сарасватилар – дарё худоси, кейинчалик сўз худоси сифатида тасвирланган.
Веда ибодатлари икки турга бўлинган. Биринчиси, дуолар, иккинчиси, худоларга атаб қилинадиган қурбонликлар ёки нарсаларни тақдим қилишдан иборат бўлган. Дуо китоблари бўлмаган пайтда ибодатлар фақат қурбонликлар шаклида амалга оширилган. Кейин Ригведа, Атхарваведа каби мадҳия ва дуоларни ўзида жамлаган китоблар пайдо бўлгач, ибодатнинг иккинчи кўриниши – дуо ва мадҳиялар худоларга атаб ўқиш одат тусига кирган.
Do'stlaringiz bilan baham: |