Конфуцийчилик. Бу оқим қадимга Хитойда эрамиздан аввалги VI-V асрларда пайдо бўлган. Кейинчалик диний мазмун касб этган бу таълимотга маърифатпарвар Конфуций (Кун-Цзи, 551-479 йиллар) асос солган.
Конфуцийчилик таълимотида дунёқараш масалаларига эмас, балки ижтимоий ахлоқ муаммоларига кўпроқ ўрин берилган. Унда "ахлоқли киши" бўлиш, донишмандлардан таълим олиш ҳақидаги гоялар илгари сурилади. Бу таълимотга кўра жамиятда ҳукм сурган "жень" инсонпарварликка риоя қилмоғи лозим. Бу эса камтарлик, онглилик, вазминлик, меҳрибонлик, одиллик, сахийликдан иборат. Инсон "жень" қонунини ўзлаштириш учун жамиятда тутган ўрнига қараб "ли" меъёрларини бажариши талаб этилади. Анъаналар, урф-одатлар шунга мувофиқ белгиланади. Паст табақа халқнинг "ахлоқий улуғ" бошлиқларга итоат қилиши зарурлиги шу билан оқланган.
Конфуцийчиликда кишиларни юқори ва қуйи табақаларга ажратишда уларнинг бойлиги ёки ижтимоий келиб чиқиши асосий ролъ ўйнамаган, балки бунда юксак ахлокий фазилатнинг хизмати катта деб ҳисобланган. Бироқ бу ҳукмрон ва қарам табақаларга ажратшп бутунлай инкор этилади, деган гап эмас. Конфуцийнинг фикрича, табақаларга ажратиш тартиби эски анъаналарга асосланиши ва уни давлат бошқариши лозим. Номларнинг тўғриланиши, Чжен-мин сиёсати бу тартибларни амалга ошириш қуроли қилиб белгиланган. Чжен-мин сиёсати бўйича ҳамма нарса ва ҳодисалар ўз исмига мос келиши керак. Ана шунда ҳамма ўз ҳуқуқи ва мажбуриятини билади.
Эрамизнинг бошида конфуцийчиликка диний ғоялар киритилган ва у диний таълимот сифатида талқин қилина бошланган. Конфуцийнинг қабри ёнига кўплаб ибодатхоналар қурилган, унга қурбонликлар қилина бошланган. Шу тарика Конфуций худо даражасига кўтарила бошлаган. XX аср бошларига келиб, Конфуций шарафига қурилган ибодатхоналар сони тобора кўпая борди.
Конфуцийчиликда олий илоҳий куч осмон ҳисобланиб, Хитой ҳукмрони эса худолар билан инсонлар ўртасидаги воситачи, "осмон ўғли", деб талқин қилина бошлаган. Хитой императорларини ҳатто худо даражасига кўтаришгача бориб етилган.
Конфуцийчиликда аждодларга ва рухдарга сиғиниш муҳим ўрин эгаллайди. Шу боисдан қурбонлик қилиш, туғилиш, оила қуриш, дафн ва бошқа маросимлар тантанали режимда ўтказилади. Буларни давлат ҳокимлари, оила ёки уруғ бошлиқлари бошқарадилар.
Конфуцийчиликда кохинлар бўлмаган, дастлабки даврларда ҳеч қандай системали таълимот ҳам бўлмаган. Кейинчалик бу таълимотлар яратилиб, 13 та китобда, шарҳи эса 40 жилддан иборат китобда баён қилинган. Буларнинг энг аҳамиятли қисми 9 та китобдан иборат. Булар: "Сишу" (Тўрт китоб) ва "Уцзин" (Беш китоб)дир. Бу қонунлар ҳам диний "муқаддас", ҳам дунёвий донишмандлик манбаи ҳисобланади.
Конфуцийчилик тарафдорлари диний китоблардаги таълимотга қатъий риоя қиладилар; бу таълимот мавжуд тузумнинг енгилмаслигини тарғиб қилганлиги учун Хитой феодализмининг асосий мафкураси бўлиб қолган.
Do'stlaringiz bilan baham: |