3-mavzu. Statik raqobat
Режа:
3.1. Kontsentratsiyalashgan bozorlar.
3.2. Narx orqali raqobatlashuv.
3.3. Tabaqalashtirilgan va dinamik narx belgilash.
3.4. Auktsion raqobatlashuv. Paketlashtirish.
3.1. Kontsentratsiyalashgan bozorlar.
Номукаммал рақобат XIX асрнинг охирларида ишлаб чиқариш ва капиталнинг концентрацияси жараёнининг кучайиши натижасида монопол тузилмаларнинг таркиб топиши билан вужудга келди. «Монополия» атамаси (грекча monos – ягона, poleo – сотаман) тармоқнинг ягона ишлаб чиқарувчидан иборат бўлишини англатиб, у ишлаб чиқариш ҳажми ва нарх устидан назорат ўрнатиш имкониятига эга бўлади. Монополистнинг асосий белгилари сифатида ишлаб чиқаришнинг юқори даражадаги концентрациялашуви; унинг муайян товар бозоридаги устун мавқега эгалиги; ишлаб чиқариш ҳажмига бевосита таъсир ўтказиш орқали монопол нархни белгилаши ва, тегишли равишда, монопол фойда олиш имконияти.
Монополиялар тармоққа киришдаги иқтисодий, техник, ҳуқуқий ва бошқа кўринишдаги тўсиқларнинг мавжуд бўлиши натижасида пайдо бўлиб, уларнинг асосийлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
а) ишлаб чиқариш миқёси келтириб чиқарадиган тўсиқлар;
б) табиий монополиялар тавсифидаги тўсиқлар;
в) патент ва лицензиялар;
г) иқтисодий ресурсларнинг муҳим турларига хусусий мулкчилик ва ҳ.к.
Олигополия тушунчаси (грекча oligos – озчилик, poleo – сотаман) ишлаб чиқариш ва бозорда унча кўп бўлмаган йирик ишлаб чиқарувчиларнинг ҳукмрон мавқеини англатади. Шунга кўра, олигополистик рақобат тармоқдаги товар ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажмини тўлиқ эгаллаб олган бир неча йирик фирмалар ўртасидаги иқтисодий курашни ифодалайди. Олигополистик тармоқда бир хил (пўлат, мис, алюминий, қўрғошин, темир ва бошқалар) ёки табақалашган (автомобиллар, кир ювиш воситалари, тамаки маҳсулотлари, маиший электр буюмлари ва бошқалар) маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Олигополия шароитидаги рақобат ўзаро боғлиқ бўлиб, бундай тармоқдаги ҳеч бир фирма ўзининг нарх сиёсатини мустақил ўзгартиришга ботина олмайди. Чунки, олигополия бозорида нарх воситасидаги рақобатлашув унинг иштирокчиларига наф келтирмайди. Агар рақиблардан бири, бошқаларни бозордан сиқиб чиқариш мақсадида, нархни пасайтирса, қолган ишлаб чиқарувчилар ҳам ўз харидорларини йўқотмаслик учун ўз товарлари нархларини пасайтирадилар. Натижада мазкур товарнинг умумий нархи пасайиб, олигополистларнинг фойдаси камаяди, бозордаги улушлар эса аввалги ҳолатида сақланиб қолади. Бошқа фирмалар товарларининг нархи ўзгармагани ҳолда, бирон-бир фирманинг ўз товарлари нархини ошириши эса, унинг бозордаги сотиш ҳажмининг қисқаришига ёки бозордан сиқиб чиқарилишига олиб келади.
Шунга кўра, олигополистик рақобат шароитида фирмалар нарх сиёсатини ўзаро боғлиқ ҳолда олиб борадилар. Бунда нисбатан йирик фирма нарх белгилаш бўйича етакчилик қилиб, қолган фирмалар эса унинг хаттиҳаракатига эргашадилар.
Бироқ, олигополистик тармоқда фирмалар сонининг кўп бўлмаслиги яширинча келишув, яъни нархларнинг мақбул даражасини белгилаш, сотиш бозорларини бўлиб олиш ва бошқа йўллар орқали рақобатни чеклаш учун имконият яратади.
Шунингдек, олигополия шароитида нархсиз рақобатга асосий ўрин берилади. Чунки, бир томондан, рақобатчилар учун ўз маҳсулотлари сифати ва рекламасини ўзгартириш анча мураккаб жараён ҳисобланса, бошқа томондан, камдан-кам ҳолда нархсиз рақобатни таъминлаш учун етарли молиявий ресурсларга эга бўладилар.
Монополистик рақобат монополия ва рақобат унсурларининг уйғунлашуви орқали рўй беради. Баъзи бир манбаларда уни «маҳсулотларнинг табақаланиши» деб ҳам аталади.1 Чунки, монополистик рақобатнинг хусусиятли томонларидан бири – бу мазкур маҳсулотнинг табақаланиши, яъни бошқа ўхшаш маҳсулотлардан фарқ қилувчи жиҳатлари (масалан, сифати, таркиби, қадоқланиши, дизайни ва бошқалар)нинг мавжудлиги ҳисобланади. Натижада, мазкур маҳсулот эгаси, у қадар аҳамиятли бўлмасада, ишлаб чиқариш ҳажми ва унинг нархини белгилашда маълум даражада монопол мавқега эга бўлади. Бироқ, бу каби маҳсулот ишлаб чиқарувчилар сонининг кўплиги айни пайтда ушбу ишлаб чиқарувчини рақобатлашишга ҳам мажбур қилади.
Шунингдек, баъзи адабиётларда номукаммал рақобатнинг монопсония, олигопсония, дуополия, билатерал монополия сингари шаклларининг мавжудлиги ҳам таъкидланади.
Жумладан, «Монопсония – муайян товарнинг ягона харидори монополияси мавжуд бўлган бозор тузилмаси тури. Ўз харид ҳажмини чеклаш орқали харидор сотувчи даромадининг бир қисмини йўқотиш ҳисобига монопол фойда олиш имконига эга бўлади.
Олигопсония – муайян товарнинг бир гуруҳ харидорлари мавжуд бўлган бозор тузилмаси тури.
Дуополия – муайян товарнинг фақат икки нафар етказиб берувчиси мавжуд бўлган ва улар ўртасида нарх, сотиш бозорлари, ишлаб чиқариш квотаси бўйича монополистик келишувлар бўлмаган шароитдаги бозор тузилмаси тури.
Билатерал (икки томонлама) монополия – ягона мол етказиб берувчи ва ягона (бирлашган) истеъмолчининг қарама-қарши кураши вужудга келувчи бозор тузилмаси тури».2
Бундан кўринадики, рақобат шаклларининг бозордаги айрим, хусусий ҳолатлардан ҳамда унинг иштирокчилари сони ва мавқеидан келиб чиққан ҳолда махсус ҳолларда қўлланилувчи бошқа атамаларини ҳам келтириб чиқариш мумкин бўлиб, бундай ҳолат хориж адабиётларида кўплаб кузатилади. Юқорида билдирилган фикр-мулоҳазаларга асосланган ҳолда, рақобатнинг турларини 2-иловада махсус тизимга солинган чизма шаклида ифодалашни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга таъкидлаш жоизки, рақобат турларининг бундай шаклда туркумланиши ўзининг мантиқий якунини топган, деб бўлмайди. Мазкур жараённинг турли қирраларини таҳлил қилиш даражасини янада кенгайтириб бориш билан унинг ўзига хос хусусиятларини очиб берувчи янги турларининг келиб чиқиши шубҳасиздир.
Do'stlaringiz bilan baham: |