3.3. Шахснинг ижтимоий-иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўллари ва воситалари
Шахс манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдидларга муносабатда инсоннинг руҳий ҳолатини фаоллик, бағрикенглик (толерантлик), чидамлилик сифатида тавсифлаш мумкин.
Фаоллик инсоннинг ўз мақсадини танлаши ҳамда унга эришишида куч-қудрат, шижоат, жўшқинлик билан фаолият кўрсатиш ва меҳнат қилишга шайлиги ҳисобланади. Бу ҳол шахснинг маълум билим, касб-малака, маҳоратга эга бўлиб, ўзгарувчан вазиятлар ва ҳолатларда ҳам ўзига муносиб жойни эркин эгаллашга, юқори натижа ва самара билан ишлашга имкон беради. Бундай ҳолатдаги киши рақобатбардош, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиб, ўзининг меҳнати, маҳорати, ишбилармонлиги туфайли кўпгина эҳтиёжларини қондира олади.
Шахснинг хавфсизлиги ҳозирги даврда қуйидагилар билан тавсифланади:
- аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллиги;
- меҳнат унумдорлиги ва ишлаб чиқариш самарадорлигининг ўсиши, иқтисодий ўсишга эришиш;
- тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланиши;
- меҳнатга лаёқатли аҳолининг иш билан бандлигининг ошиши ва ишсизликнинг камайиши;
- аҳоли даромадлари ва истеъмолининг, ўртача даромад даражасининг ўсиши;
- кишиларнинг билим, касб-малака ва маданият даражасининг ўсиши;
- маънавиятнинг ривожланиши;
- фаннинг ривожланиш даражаси;
- камбағаллик ва қашшоқликнинг камайиши;
- аҳоли ўлим даражасининг камайиши;
- аҳолининг ўртача умр кўриш даражасининг ўсиши.
Давлат шахс хавфсизлигини баҳолаш учун жамиятда ижтимоий беқарорликни вужудга келтириши мумкин бўлган қуйидаги кўрсаткичларни таҳлил қилиб бориши керак бўлади:
- жамиятда аҳолининг тор доирада ниҳоятда бой-бадавлат ва келажагига ишончини йўқотган ниҳоятда камбағал кишиларга ажралиши, уларнинг даромадлари ўртасидаги фарқнинг катталашиб бориши;
- ижтимоий низоларни келтириб чиқариши мумкин бўлган даражада ишсизликнинг ўсиши;
- камбағаллик ва қашшоқлик муаммосини келтириб чиқариши мумкин бўлган даражада аҳоли турмуш даражасининг кескин пасайиб кетиши;
- шаҳарларда қишлоқлардагига нисбатан камбағал кишиларнинг кўпайиши, наркомания, фоҳишалик, ташкилий жиноятчиликнинг ўсиши учун шароитнинг вужудга келишини олдини олиш;
- жамиятда ва хўжалик фаолиятида коррупция ва криминаллашувнинг ўсиши.
Шахснинг хавфсизлигини таъминлашда давлатнинг ижтимоий сиёсати муҳим роль ўйнайди. Давлатнинг ижтимоий сиёсати, уни амалга ошириш механизмлари одамларнинг меҳнатдаги фаоллиги ва тадбиркорлигини ўстириш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилиши лозим.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўтиш даврида Ўзбекистонда давлатнинг ижтимоий сиёсати қуйидагиларга қаратилган:
- фуқароларнинг эркин иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат, касб турлари ҳамда соҳаларини эркин танлаш каби конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш;
- меҳнат мотивациясининг кучли механизмини киритиш, аҳолининг иқтисодий фаоллигини ошириш учун шароитлар яратиш;
- аҳолини мақсадли ва манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда кам таъминланган гуруҳларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
- таълим, ижтимоий суғурта, соғлиқни сақлаш тизимларини ислоҳ қилиш йўли билан аҳолининг ижтимоий хизматларга бўлган зарур кафолатни таъминлаш1. Шунингдек, давлат ижтимоий сиёсати аҳолининг даромад ва мулкка эгалик даражаси бўйича кескин табақалашувининг олдини олиш ҳамда аҳолининг тўлов талабларини кенг миқдорда қондириш ва унинг ўсишини таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширади.
Ҳар бир шахс, фуқаро хавфсизлигини таъминлашда фуқаронинг ўзи, у ишлайдиган меҳнат жамоаси, давлат, жамоат ташкилотларининг ижтимоий ҳамкорликдаги фаолияти талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |