Прагматизм фалсафаси
Прагматизм асосчиси машҳур Америка математиги, мантиқшуноси ва файласуфи Чарлз Пирс (1839-1914) эди. Прагматизм асосида «шубҳа – дин» назарияси ётади. Ўз ҳаёти жараёнида инсон қандайдир бирламчи хилдаги фаолиятларни ишлаб чиқади. Бизнинг барча фикрларимиз ушбу фаолиятлар кўникмасини ишлаб чиқишга қаратилгандирлар. Пирс ақидасича, бу мақсадга нимаики тааллуқли бўлмаса, уларнинг барчаси фикрга қадалади, аммо унинг ўзи ёки унинг қисми бўла олмайди. Билиш жараёнида бизнинг барчамиз қандайдир ишончга (нималаргадир шонамиз) ва қандйдир шубҳаларга етиб келамиз. Бизнинг ишончимиз ёки эътиқодимиз (нимагаларгадир ишониш) – бу муайян шароитларда ишлаб чиқилган кўникмалар асосида муайян тарзда фаолият кўрсатишга тайёрлигимиздадир. Эътиқод – бу инсон интилган нарсага ақлнинг қониққан ҳолатидир. Шубҳа эса –қониқтирмайдиган ҳолатдирки, инсон ундан қутилишга ҳаракат қилади. Пирс фикрича, ҳар қандай, шу жумладан илмий тафаккурнинг ҳам мақсади барқарор эътиқодга (қатъий фикрга) эришишдир. Ҳақиқат шундай нарсадирки, биз унинг борлигига ишонамиз.
Шубҳадан ишончга ўтиш уч босқични босиб ўтади: абдукция (гипотезани, тахминни ўртага суриш), дедукция (тахминдан оқибатни келтириб чиқариш ва унинг аниқлигини текшириш) ва индукция (оқибатларни тажрибавий текшириш). Ҳосил қилинган ишонч тўртта восита орқали мустаҳкамланиши мумкин.
Тиришқоқлик усули. Тиришқоқликка амал қилган киши танқид ва далилларга қармай ўз қарашларида собит туради. Обрўга эътибор усули. Бу усул қоидасига биноан баъзи ишончлар қўллаб-қувватланади, баъзиларига эса тақиқлар қўйилган. Маъқул кўрилган ишончлар бошқа фикрдагиларни тақиқ қилиш ёрдамида ўрнатилади. Ушбу усул ўрта асрлар даврида кенг тарқалган эди. Априор усул. Бунда барқарор ишончларнинг шаклланиши метафизик назарияларнинг туғилиш жараёнида ўз ифодасини топади. Бу назарияларнинг яратувчилари кўп ҳолларда ўз эътиқодларини ақл билан мувофиқликда турган деб тасаввур қиладилар.
Илм-фан усули. Турли кишилар илмий усулни қўллаб бир хил хулосаларга етиб келишлари лозим. Пирс фикрича, бу усул асосида шундай гипотеза ётадики, биринчидан, бизнинг фикримизга боғлиқ бўлмаган аниқ ашёлар мавжуд; иккинчидан, доимий қонунларга мувофиқ бу воқейлик бизнинг ҳис-туйғуларимизга ўз таъсирини ўтказади ва, учинчидан, агарчи бизнинг ҳиссиётларимиз ва муносабатларимиз объектларга нисбатан турлича бўлса ҳам, мулоҳаза юритиш ёрдамида биз ашёларнинг воқейликда қандай эканликларини аниқлашимиз ва бирдан бир тўғри хулосага келишимиз мумкин.
«Ашёларнинг воқейликда қандай эканлиги ҳақидаги «ҳақиқий хулоса»нинг ўзи нимадан иборат? Машҳур «Пирс қоидаси» шундай дейди: «Агар биз ўзимиз ўйлаган «амалий оқибатлар»ни кўриб чиқсак, улар бизнинг тушунчаларимизнинг объекти бўлиши мумкин, унда ушбу оқибатлар ҳақидаги тушунча, бизнинг объект ҳақидаги тўла тушунчамиз бўлади». Пирс фикрича, прагматизм ҳар бир тушунча амалий оқибатларнинг фикрий тушунчаси ҳақидаги таълимот.
Кейинчалик прагматимз ғоялари кенг тарқалиб, ўз ривожини Уильям Джемс (1842-1910) ва Джон Дьюи (1859-1952) асарларида топди.
У Джемс Пирснинг прагматик қоидаларини ривожлантириб унга волютаризм нуқтаи назаридан ёндошганлиги туфайли, унинг оқибатида иродага асосланган ҳақиқат назарияси вужудга келди. Ана шу ирода инсон тажрибасида марказий ўринни эгаллайди. Биздан ташқарида бўлган ашёларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда бизнинг тажрибамизда бўлган барча нарса иродага боғлиқдир. Шундай қилиб, дунё тўғрисидаги бизнинг билимларимиз воқейликнинг инъикоси эмас, балки иродавий қурилманинг ўзидир. «Ҳақиқий» ва «фойдали» ифодалари Джемс назарида бир хил маънога эгадирлар. Ўз навбатида, фойдали нарса ирода орқали ифодаланади. Джемс фикрича, воқейликни биз қандай тасаввур этсак, шундайлигича намоён бўлади, яъни биз уни қандай кўришни хоҳласак, ўшандай кўринади. Инсоний ҳис-туйғу ҳақида тўхтаб, Джемс шундай ёзади: «Ўз хулосаларимиздан қайси бирига диққат-эътибор қаратишимиз, қайси бирини белгилашимиз ва улардан қайси бирини қатъий талаб қилишимиз бизнинг шахсий манфаатларимизга боғлиқдир. Ва биз нимага урғу беришимизга боғлиқ равишда ҳақиқатнинг бутунлай турли-туман ифодалари келиб чиқади»23.
Джемснинг диний эътиқодининг асосида ҳам ирода ётади. Гарчи файласуф ҳеч қаерда Худонинг мавжудлиги ҳақида ёзмаган бўлса ҳам, унинг фикрича, тарихий тажриба шуни кўрсатадики, Худога ишонишнинг кишилар учун улкан аҳамияти бор. Худога ишониш – бу бизнинг иродамизнинг омилидир.
Пирс ва Джемс ғояларини ривожлантириб Д.Дьюи ўз эътиборини муаммовий вазият деб аталмиш нарсага қаратдики, у ўзининг тараққиёт босқичларида шубҳадан ишончга (имон-эътиқод) ўтиши хусусиятлари билан ажралиб туради. Дьюи назарида тушунчалар, ғоялар ва назариялар инструменталиклик («асбоб ва қурол») хусусиятига, яъни уларнинг ҳақиқийлиги қай даражада муаммовий вазиятни хал қилишга қодирлиги билан ифода қилинади.
Неопозитивизм Янги позитивизм (неопозитивизм) ёки мантиқий эмпиризм – ХХ аср фалсафасида энг кўзга кўринган оқимлардан биридир. У позитивизм ривожида учинчи босқичдир. Фалсафий оқим сифатида янги позитивизм Вена тўгараги асосида 20-нчи 30-нчи йилларда шаклланди. Янги позитивизмнинг асосий вакиллари – Л.Витгенштейн (1889-1951), М. Шлик (1882-1936), Р.Карнап (1891-1970), О.Нейрат (1882-1945), Г.Рейхенбах (1891-1953), Б.Рассел (1872-1970), А.Айер (1910-1989) ва бошқалар эдилар.
Янги позитивизмга мувофиқ илмий билимни икки табақага бўлиш мумкин: формал имлар (математика ва мантиқ) ва фактуал илмлар. Биринчи илмларда баён қилинган нарсалар таҳлилий ёки аналитикдирлар, яъни тажрибадан мустақил бўлиб, дунё ҳақида маълумотларга эга эмас. Уларнинг ҳақиқийлиги мантиқий жиҳатдан ифодаланиб, фақат уларни ташкил этган атамаларнинг маъносигагина боғлиқдир. Фактуал илмлар синтетик баёнотлар билан иш кўрганликларидан мазмунга эгадирлар ва воқей ҳодисаларга асосланадирлар. Улар тажрибавий «кузатиш гапларига» тенгдирлар.
Янги позитивистлар илмий билимнинг тажрибавий асосида аниқ (протокол услубидаги) гаплар ётадилар, деб ҳисоблайдилар. Илмларнинг барча гаплари уларга келиб тақалиши зарур эди ёки бошқача айтганда, верификация қилиниши (тасдиқланиши) лозим эди. Верификация қоидаси янги позитивизм гапларни фикрий барқарорлигини ўрнатувчи метологик талаб сифатида марказий ўринни эгаллайдики, унинг моҳиятида ҳар қандай фикрий ифоданинг тўғрилигини текшириш ётади. Бундай текширишдан ўтмайдиган барча нарса, илмлардан бартараф этилиши лозим бўлади.
Верификация қоидасига мувофиқ равишда янги позитивистилар барча метафизикани (анъанавий фалсафани) бемаъни деб эълон қиладилар. Янги позитивистга талқинда фалсафа фан тилининг мантиқий таҳлилига айланиб қолади. Унинг вазифаси фан тилини беъмани, «сохта илмий» гаплардан тозалашдир. Янги позитивизмнинг фанлар талқинига хос хусусияти дескриптивизм (фанларни вазифасини тарифлаш), услубий эмпиризм (назарий билимларни баҳолашда тажрибавий текширишлар жараёнини мутаронлаштириш), ўта индуктивизм (илмий билимнинг мантиқий-услубий муаммоларини ҳал этишда индуктив мантиққа ягона восита сифатида ишониш) ва ўта сўл сиентизм (илмийликка таяниш) дир.
ХХ асрнинг иккинчи ярмида янги позитивизм ўз таъсирини йўқота бошлайди. Шу нарса ошкор бўлиб қолдики, янги позитивизм беъмани нарса сифатида бартараф қилмоқчи бўлган (улоқтирмоқчи бўлган) дунёқараш, жамият ривожига ҳам, шунингдек, фаннинг ўзига ҳам ўлган аҳамиятлидир. Шу нарса ўз исботини топдики, фундаментал фанларнинг энг муҳим назарий асослари верификация қилиб бўлмайди, илмий билимнинг эса, ўз ривожи ва олдига қўйилган вазифасини бажариши мураккаб омиллар тизимини, жумладан, унинг таркибида ҳиссий тажрибага таянмайдиган ва «метафизик» (фалсафий) хусусиятга эга бўлган дунёқарашга ва услубий асосларга (замин) эга бўлганлигидан келиб чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |