Рационализм (рационалистлар) инсонда туғма ғоялар, адолат, инсонийлик, уйғунлик ғоялари ва тажрибадан олиниши мумкин бўлмаган бошқа ғоялар мавжудлигидан келиб чиқади. Зотан, тажриба тўла адолат, ялпи инсонийлик мавжуд эмаслигини, бизни қуршаган дунёда уйғунлик устидан хаос ҳукм суришини кўрсатади. Бунда айрим ашаддий рационалистлар (масалан, Платон, Августин ва уларнинг ҳамфикрлари) кўрсатиб ўтганидек ғоялар инсон ақлига хос туғма ғоялар бўлиб, уларни инсон фақат ўз ақлидан олишини қайд этадилар; бошқа, мўътадил рационалистлар (масалан, Лейбниц, Вольф, Баумгартен) эса, ғоялар ақлга боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлса-да, бироқ улар фақат ақлда тафаккур ва фалсафий мушоҳада юритиш жараёнида туғилишини таъкидлайдилар.
Эмпиризм (эмпиристлар, Френсис Бэкон, Локк, Гоббс, Юм, Фейербах), аксинча, инсон, инсоният шахсий ёки ижтимоий тажрибага эга бўлгунга қадар бирон-бир ғоя мавжуд бўлинишни инкор этадилар. Улар барча ғоялар инсон онги замирида ё шахсий тажриба, ё бошқалар тажрибаси, бутун инсоният тажрибасини умумлаштириш орқали туғилишини қайд этадилар ва бу тезисни исботлашга ҳаракат қиладилар. Уларнинг фикрига кўра, тажриба инсон онгида унинг сезгилари ва ўзини қуршаган дунёни идрок этиши орқали акс этади. Фалсафада идрок этишни перцепция (лотинча «perception» - идрок этиш) деб аташ одат тусини олган. Перцепция ўзини қуршаган дунёдаги нарсалар ва ҳодисаларни сезгилар орқали идрок этишга айтилади, борлиқни ақл билан англаш, билиш, уларни ғояларда ифодалаш эса апперцепция деб аталади.
Гносеология инсон билимининг чегаралари тўғрисидаги масалани ечишни ҳам ўз ичига олади. Кўпгина эмпириклар (масалан, Давид Юм, Дюбуа Раймонд, агностиклар) ва рационалистлар (масалан, Кант ва унинг ҳамфикрлари) инсон нафақат умумий нарса ва ҳодисаларни, балки муайян, конкрет нарсаларни ҳам билиши мумкин эмас, деган фикрга қўшиладилар. Айрим нарсалар, ҳодисалар ва концепциялар борки, улар перцепциямизнинг чегараларига ҳам, тафаккуримиз, рефлексиямиз (лотинча «reflexes» - орқага қайтиш) доирасига ҳам сиғмайди. Масалан, Кант Коинот ибтидоси ёки ибтидосизлиги, Худонинг борлиги ёки йўқлиги, жоннинг боқийлиги ёки фонийлиги, ахлоқнинг сабабийлиги ёки сабабсизлиги ақлнинг билиш чегараларига сиғмайдиган, оқилона ўрганиб бўлмайдиган трансцендентал (лотинча «transcendentalism» - чегарага сиғмайдиган) масалалардир, деб ҳисоблаган. ХХ аср позитивистлари, эмпиризм ғояларини ҳимоя қилган йирик олимлар (Морис Шлик, Рудольф Карнап, А.Ж.Айэр) Катннинг трансцендентал муаммоларини мантиқсиз деб эълон қилдилар.
Гносеология инсон билими ва билишга доир жуда кўп муаммолар билан шуғулланади. У бизнинг билимларимиз қай даражада эътиқод, қай даражада кўр-кўрона ишонч ва қай даражада реал борлиқнинг ҳақиқий инъикоси эканлигини аниқлашга ҳаракат қилади. Сўнгги ўн йилликларда гносеологияда билимлар ўртасидаги фарқ, «нимани биламан», «қандай биламан», «шахсий тажрибамдан биламан», «далилга кўра биламан» каби иборалар мазмунининг ўзаро нисбати масалалари муҳокама қилинмоқда. Бир сўз билан айтганда, гносеология борлиқни тўлиқ қамраб олиб, унда бирон-бир тафсилотни назардан қочирмасликка ҳаракат қилади. Демак гносеология фалсафанинг энг муҳим омилидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |