Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилди. Агентлик ва инспекция Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5656 сонли Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Қишлок хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–4161-сон ва “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–4162-сон қарорларига мувофиқ ташкил этилди.
2019 йил давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида ҳам аҳолига қулайлик яратиш борасидаги ислоҳотлар давом эттирилди. Давлат хизматлари марказлари томонидан 2018 йилнинг 9 ойида 2,6 млн хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг мос даврида 8,9 млн (3,5баравар кўп) давлат хизматлари кўрсатилган.
Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, 716 та давлат хизматидан 119 таси (17 %) Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган бўлса, йил якунига қадар мазкур кўрсаткич 150 та (21 %) ни ташкил қилади.
Жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича, яъни фуқароларнинг яшаш ва юридик шахсларнинг почта манзилидан қатъи назар республиканинг ҳар қандай ҳудудида олиш имконига эга бўлдилар.
24 та давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилиб, Ягона портал орқали жорий этилди ва жорий этилган электрон давлат хизматлари сони 157 тага етди.
3. Давлат бошқарувида аҳолининг кенг иштирокини таъминлаш, халқ билан мулоқотни янада кучайтириш сиёсати доирасида “Mening fikrim” махсус веб-портали орқали юборилган электрон жамоавий мурожаатларни Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари Кенгашлари билан бир қаторда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳам кўриб чиқилиши тартиби жорий қилинди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг молиявий асосларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган маблағларни ва ҳомийлик хайрияларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2019 йил 30 мартдаги 262-сон қарори қабул қилинди. Мазкур Низом фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган маблағларни ва ҳомийлик хайрияларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.