- Оддий зиғир - Лён обыкновенный (Linum usitatissimum L.).
Оддий зиғир - Linaceae оиласига мансуб 1 йиллик, культиген ўт. Маданий ҳолда Россия, Украина, Белорус, Грузия, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатларида зиғир мойи олиш учун экилади. Хом-ашё сифатида ўсимликнинг уруғларидан фойдаланилади. Доривор восита сифатида, ўсимликнинг уруғлари қорин бўшлиғида дам бўлганда ҳўқна (клизма) қилишда, ошқозон-ичак касалликларини даволашда юмшатувчи мақсадида қўлланилади [20].
Шўр тупроқларда оддий зиғир уруғидан экилиб, унувчанлиги -29,3% ва сақланиш 83,3% ни ташкил этди. Ўсимликлар вегетация давомида шўрланишга тез мослашади ва онтогенезнинг ҳамма даврларини ўтайди. Ўсимликларнинг асосий поялари 52,1±2,32 см ўсиб, уларда 6,0±1,09 та барглар ва ўртача 42 та баргчалар ҳосил бўлади. Асосий пояларда июн ойида, 16,4±1,43 та 1-тартибли новдалар ҳосил бўлиб, уларнинг узунлиги -13,4±1,97 см га етади. Июл ойида эса, 2-тартибли новдалар ҳосил бўлади. Уларнинг сони 7,2±1,07 та, узунлиги -10,0±1,64 см ва барглар сони 7,2±1,43 та ни ташкил этади. Ўсимликлар июл ойида ғунчалаш ва сўнгра (10-15 кун давомида) гуллаш даврини бошлайди. Бутун вегетация давомида ғунчалаш ва гуллаш давом этади, сентябр ойида, бир туп ўсимликда ўртача 3,4±1,03 та тўп ғунчалар; 3,8±1,02 та тўп гуллар; 20,0±1,61 та шаклланган тўп мевалар ва 19,0±2,61 та пишган тўп мевалар кузатилди (3.9-жадвал).
Шундай қилиб, шўр тупроқларда оддий зиғир чидамли ўсимлик бўлиб, вегетация давомида жадал ўсиб ривожланди ва шўрланишга тез мослашди.
- Оддий игир - Аир болотный (Acorus calamus L.).
Оддий игир - Araceae оиласига мансуб кўп йиллик, илдизпояли ўт. Табиатда Шарқий Осиё, Шимолий Америка, Болқон ярим ороли, Россиянинг Европа қисми, Ғарбий ва Шарқий Сибир, Кавказ (жуда кам) нинг ўрмон ва чўл ҳудудларидаги ариқ бўйларида, ботқоқликларда, сув тўпланиб қолган кўлмаклар ва кўллар бўйида ўсади. Ўсимликнинг илдизпояси доривор хом-ашё сифатида ишлатилади. Расмий тиббиётда ўсимлик илдизпоясидан тайёрланган спиртли тиндирма (настойка) ва кукун (порошок) лар ошқозон-ичак касалликларини даволашда, хушбўй ҳид бериб иштаҳани очишда ва организмга қувват берувчи восита сифатида фойдаланилади [97] (илова-290-бет).
Шўр тупроқларда ўсимликлар илдизпоядан зовур бўйига экилди. Зовур сувлари шўрланган бўлиб, 16 г/л ни ташкил этган. Экилган илдизпоянинг кўкарувчанлиги ва сақланиши 100% гача кузатилган. 1-вегетация йилида ўсимликнинг асосий поялари 18,1±1,97 см га ўсди ва уларда 9,8±0,366 та барглар ҳосил бўлди. 2-вегетация йилида эса асосий поялар 79,0±2,18 см га ўсиб, 11,0±1,0 та барглар ҳосил бўлади. Ўсимликлардаги барглар узунлашиб 50-60 см га етади. Ўсимликнинг илдизпояси 1-вегетация йилида 7-8 см га ва 2-вегетация йилида 17-19 см га ўсади. Икки йил давомида бир туп ўсимликда 7-8 та янги асосий поялар ҳосил бўлганлиги кузатилади (3.9-жадвал).
Шундай қилиб, оддий игир шўр сувли зовурлар бўйида жуда яхши ўсади ва кўпаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |