3.3-Мавзу. Ягона ер солиғининг мохияти
Режа
1. Ягона ер солиғини моҳияти ва тўловчилари
2. Ягона ер солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби. Солиқ имтиёзлари
Таянч сўз ва иборалар
Қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчилар, соддалаштирилган солиқ тизими, ягона ер солиғи, солиқ базаси, солиқ юки.
1. Ягона ер солиғини моҳияти ва тўловчилари
1999 йилда қишлоқ хўжалик корхоналарини солиққа тортиш тизимида туб ўзгаришлар юз берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 октябрдаги “Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилар учун ягона ер солиғини жорий этиш тўғрисида” ги ПФ-2086-сонли Фармонига мувофиқ 1999 йилнинг 1 январидан бошлаб қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғи жорий этилди.
Қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғини жорий этилиши, ўз навбатида уларни қуйидаги солиқлар ва йиғимларни тўлашдан озод қилди:
фойда солиғи;
қўшилган қиймат солиғи;
экология солиғи;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
ер солиғи;
ер ости бойликларидан фойдаланганлик учун солиқ;
мол-мулк солиғи;
ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи;
бошқа маҳаллий солиқлар ва йиғимлар.
Ягона ер солиғи тўловчилари ҳисобланган қишлоқ хўжалик товарлари ишлаб чиқарувчилари учун божхона тўловлари, давлат божи, лицензия йиғимлари, бюджетдан ташқари фондларга ажратмалар, шунингдек акцизости маҳсулотларга акциз солиғини тўлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинди.
Ягона ер солиғини жорий қилишдан мақсад қишлоқ хўжалик ерларидан фойдаланиш самарадорилигини ошириш, қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчиларини меҳнатининг пировард натижаларидан иқтисодий манфаатдорлигини кучайтириш, қишлоқ хўжалик корхоналарини солиққа тортиш тизимини соддалаштириш ва бирхиллаштиришдан иборатдир.
Мазкур солиқнинг амалга киритилиши қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларни тасарруфидаги ерларидан янада оқилона фойдаланишга даъват этади, чунки ҳар бир гектар ер майдони учун ундан даромад олиш ёки даромад олмаслик ҳолатидан қатъий назар белгиланган миқдордаги солиқ суммасини тўлаш лозим бўлади.
Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғининг жорий этилиши солиққа тортиш тизимида унинг амал қилиши жараёнини янада такомиллаштиришдан далолат беради. Солиққа тортишнинг ушбу тизими хўжаликлар ҳисобчиларининг солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш борасидаги ишларнини кескин камайтирди. Илгари қишлоқ хўжалик корхоналари ўнлаб турдаги солиқлар ва йиғимларни тўлашарди. Агар айрим солиқ турларининг ҳар ойда ва ҳар йилнинг ҳар чорагида тўланишини ҳисобга оладиган бўлсак, унда айрим хўжаликлар давлат солиқ органларига солиқлар бўйича 30 дан ортиқ ҳисоб-китобларни тақдим этиши, 1 йилда ана шунча тўлов топшириқномаларини тўлдириши керак бўлар эди. Эндиликда эса хўжаликлар 1 йилда 1 марта бир турдаги солиқ суммаини ҳисоблаб чиқишади.
Do'stlaringiz bilan baham: |