Кўтариш механизми. Чўмични кўтариш механизми бурилувчи платформага ўрнатилган. У пневматик двигатель, редуктор ва кўтариш лебедкасидан ташкил топган. Кўтариш лебедкаси барабанига пластинкали занжирнинг иккинчи учи ўралади. Кўтариш механизми ишга туширилганда занжир барабанга ўралади ва траверсни тортади. Бу вақтда кулисалар бурилувчи платформа йўналтиргичлари бўйлаб кўтарилади ва чўмич ағдарилади – юк тўкиш бажарилади. Кулисаларнинг йўналтиргичларга нисбатан бурилиш аниқлигини тўртта мувозанатлаштирувчи тросс 3 ва 3’ лар таъминлайди (2-расмга қаранг). Ҳар бир тросснинг бир учи бурилувчи платмормага, иккинчи учи эса кулисага бириктирилгандир.
Юклаш машиналари бир нечта конструкцияларида кулисаларни мувозанатлаштиришнинг бошқача қурилмалари қўлланилган. Тросслар ўрнига конуссимон мосламалар ишлатилиб, улар чўмичнинг кўтарилишида мос равишда платформага таяниб мувозанатни сақлайди.
Машина платформаси чап деворида иккита дастакли бошқарув пульти жойлашган. Чап дастак машинанинг забойга берадиган зўриқмасини ҳосил қилувчи двигателни, ўнг дастак эса – чўмични кўтариш двигатели ишини бошқаради. Бир нечта конструкцияларда бошқарув пульти ўнг тарафда жойлашган бўлиши ҳам мумкин. Машина тоғ жинсини юклаётганда қуйидаги жараёнларни бажаради: рельс бўйлаб ҳаракатланиш, платформа чўмич билан бирга горизонтал текисликда бурилиш, чўмични тоғ жинсига ботириш, чўмични кўтариш ва вагончага юк тўкиш учун ағдариш. Барча санаб ўтилган жараёнлар бир-биридан мустақил ёки бир йўла бажарилиши мумкин.
Тоғ жинсини юклашда машина зўриқма двигатели ёрдамида кичик масофага (1-1,5 м) тезланишини ошириб чўмични забойга ботиради; чўмич тўлатилгандан сўнг кўтариш механизми ёрдамида машинага уланган вагончага юк ағдарилади; бир вақтнинг ўзида ҳаракатланиш механизми орқага юришни таъминлайди, натижада машина забойдан 1-1,5 м узоқлашади. Машинанинг битта иш цикли давомийлиги 12-17 секундги ташкил этади. Лаҳим ёнларидаги тоғ жинсларини юклашда бурилувчи платморма қўл кучи ёрдамида бўйлама ўқига нисбатан 300 га бурилиши мумкин. Платформанинг марказий ҳолатга қайтиши чўмич кўтарилаётган вақтда автоматик бурилиш механизми ёрдамида амалга оширилади. Машина чанг бостириш ҳамда двигател ва ишга тушириш қутисини мойлаш учун автомойлаш тизими билан жихозланган.
1-расм. ППН-1с юклаш машинаси.
2-расм. Юкловчи орган ва чўмични кўтариш механизми.
ППН-2 ва ППН-3 юклаш машиналари – чўмичли тўғридан-тўғри юкловчи машиналарнинг замонавий ва такомиллаштирилган турларидан ҳисобланади. Улар конструктив бир хил, лекин техник тавсифлари билан фарқланадилар.ППН-3А юклаш машинаси қуйидаги асосий қисмлардан ташкил топган: ишчи орган, чап ва ўнг щитлар, бошқарув пульти ва бурилувчи платформа, ҳаракатланиш механизми. Ишчи орган – иккита кулисали пайванд конструкцияли чўмич бўлиб, забойдан қулатилган тоғ жинсини қамраб вагончага юклаш учун хизмат қилади. Чўмич траверс ёрдамида бирлашган кулисаларга парчинмихлар ёрдамида уланган. Чўмич кулисалар ёрдамида бурилувчи платформадаги махсус йўналтирувчилар ёрдамида юқорига кўтарилади ва вагончага ағдарилади. Чўмич билан кулиса бурилувчи платформага мувозанатлаштирувчи канатлар ёрдамида махкамланган. Ўнг ва чап щитлар (деворлар) бошқарув пультини ўрнатишга ва машинистни ҳаракатланувчи механизмлар ( чўмич, кулиса, тортувчи занжир) дан ҳимоя қилиб туради. Бошқарув пульти иккита тақсимлаш механизми ва автоматик мойлаш қурилмасидан иборат бўлиб, пневматик двигатель ва платоформани бурувчи пневмоцилиндрлар ишини бошқаради. Бурилувчи платформа ўтилаётган лаҳим ёнларидаги тоғ жинсларини қамраш учун платформани машина бўйлама ўқига нисбатан ўнг ва чапга буришга, чўмичнинг кўтарилишида автоматик тарзда марказлаштиришга ҳамда чўмични кўтариш ва ағдаришга хизмат қилади. Бурилувчи платформа бурилиш подшипниги ва кўтариш редукторидан ташкил топган.
ППН-2Г юклаш машинаси – чўмичли тўғридан-тўғри даврий юклаш машинаси бўлиб, горизонтал лаҳимларни ўтишда ҳамда қазиш ишларида тоғ жинсларини юклашга мўлжалланган. ППН-2Г машинаси ППН-2 дан фарқи иккита гусеницали тележкага эгадир. Гусеница занжирини редуктор ва ДАР-14м пневмодвигатели ҳаракатлантиради. Редуктор корпуси бир вақтнинг ўзида гусеницали тележка рамаси бўлиб хизмат қилади. Ўнг ва чап тележкалар конструкцияси бир хил.
Do'stlaringiz bilan baham: |