Франция архивлари. Францияда биринчи ва иккинчи жаҳон урушлари оралиғида, XVIII-XIX асрлар мобайнида шаклланган архив иши ташкилоти фаолият кўрсатишда давом этган, ушбу архив ишининг асослари ҳозирги кунларга қадар ҳам амал қилмоқда. Марказлашган архивлар тизимига қуйидагилар кирган: 1) Париж шаҳрида жойлашган Миллий архив, умумдавлат аҳамиятига эга бўлган материалларни марказий сақловхонаси ҳисобланади; 2) департаментлар архивлари, маҳаллий давлат архивлари сифатида фаолият кўрсатади; 3) архивларнинг қуйи тармоғи ҳисобланган коммунал (шаҳар хўжалигига оид) ва госпиталь (даволаш муассасалари) архивлари, буларнинг фаолияти давлат архив муассасалари томонидан регламентга (регламент, иш (ишлаш) тартиби) солинган ва назорат қилинган. Архивлар тизимини бошқариш, маориф Вазирлиги ҳузуридаги архивлар бошқармаси томонидан амалга оширилган ва бошқармага Франция миллий архивлари директори раҳбарлик қилган. Олий архив комиссияси ва архивлар бўйича бош инспекция, архивлар бошқармаси билан ҳамкорликда фаолият кўрсатган. Франция ҳамон архивларни марказлаштиришни амалга оширган мамлакат ҳисобланган. Бунинг учун асос сифатида, давлат архивлари тармоғини бир-бирларига мос, мантиқан уйғун тармоғини мавжудлиги, хизмат қилган. Давлат архивларининг фондлари учун турли илмий асосланган маълумотлар берадиган аппарат (бўлим) ни ташкил этилгани ва фондларнинг рўйхатларини чоп қилингани, давлат архивларини ишидаги барча кўринишларда шакллар ва усулларнинг уйғунлиги – буларнинг барчаси учун «Хартиялар мактаби» орқали кадрлар тайёрлаш ягона тизимининг мавжудлиги асос бўлиб хизмат қилади.
Бироқ, Францияда биринчи ва иккинчи жаҳон урушлари оралиғида, архив ишининг ҳолатида маълум даражада турғунлик кузатилади, архив иши ривожланмасдан, илгариги аҳволда қолди. Келгусида ривожланиш учун, юзага келадиган янги вазифаларни ҳал қилишга бўлган мойиллик, интилиш кузатилмади. Архив муассасаларининг оғир шароитдаги моддий аҳволи ҳам, архив ишининг ҳолатига кучли таъсир кўрсатган. Биринчи жаҳон урушида эришилган ғалаба, кутилган “гуллаш даври” га олиб келмагани учун, Франция хукумати, давлат бюджети (даромад-буромад) тизимида қийинчиликларни бошдан кечирди, энг аввало, маориф соҳасидаги ҳаражатларни қисқартирди, ва ушбу вазиятда айниқса давлат архивлари зиён кўриб, жабрланди. Бу ҳолат давлат архивларининг шароити ва фаолиятининг барча томонларида акс этди, кўринди. Миллий архив бу даврда, ўзи жойлашган, ўтмиш даврдан фойдаланиб келинаётган алоҳида уй, меҳмонхона (отель) ларни кенгайтириш ва таъмирлаш ишларида нафақат муваффақиятга эриша олмади, балки ҳужжатларларни сақлаш учун муқова ёки жилдларни сотиб олишда ҳам қийинчиликларга дучор бўлган. Префектура (маъмурий-территориал бирликни бошқариш органи) лардан кредитлар олган департаментлар архивлари, худди мана шундай қийин, мураккаб шароитда фаолият юритган. Молиявий қийинчиликлар, архив идораларидаги штат бирликлари масаласида ҳам намоён бўлди – давлат архивларининг сарф-харажатлари, штат бирликлари бўйича шу даражада қисқартирилганки, давлат архивларининг шахсий таркиби кундалик ишларини қийинчиликлар билан уддалай олган. Бош архив инспекциясининг штат бирликлари бу вақтда 1 ёки 2 нафар инспектор лавозимидан иборат бўлган, бу ҳолат эса, албатта, маҳаллий архивларнинг устидан олиб бориладиган назоратни тўла равишда таъминлашни имкониятини бермаган. Аслини олганда эса, жами архив бошқармасини ўзи ҳам бир нечта ходимдан иборат бўлган ва амалда фақат Миллий архив учун қўшимча, ортиқча чиқим ҳисобланган, бу ҳолат давлат архивларини бошқариш ишида Миллий архивнинг тутган мавқеини пасайтирган.
Архив қонунчилигида, архив иши тизимида етилиб қолган, мураккаб, оғир муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳеч қандай интилишлар, мойилликлар сезилмади. Мана шундай муамммолардан бири, Миллий архивни амалда фаолият кўрсатаётган муассасаларнинг материаллари билан тўлдиришдан иборат бўлган, бу масала эса бутунлай, тамоман, муассаса ва идораларга боғлиқ бўлиб, бу иш мунтазам тарзда амалга оширилмаган ва ҳеч қандай режа асосида юритилмаган. Мана шунинг учун ҳам Миллий архивга тақдим қилинган янги даврга оид материаллар жуда ёмон ҳолатда жойлаштирилган, булар кўпинча тарқоқ ҳолатдаги фондларнинг бир қисмини ташкил этган, чунки янги даврга оид материалларнинг жуда кўп қисми муассасалар архивларида сақланган. Архив материалларининг жуда кўп қисми кутубхоналарда сақланган. Ишнинг бундай ҳолати, Франция тарихи бўйича ёзма ёдгорликларнинг асосий сақловхонаси ҳисобланган Миллий архивнинг ролини, тутган мавқеини пайсайтирган. Францияда Ҳалқ фронти хукумати амалда фаолият кўрсатган вақтда, 1936 йил 21 июлда, муассасаларнинг материалларини давлат архивларига топширишни ташкил этиш тўғрисида янги декрет қабул қилинди, архившунослар ушбу декретга катта умид блан қарашди. (Декрет-қонун кучига эга бўлган қарор, фармойиш). Декрет бўйича, муассасаларнинг кундалик иш юритиш фаолияти учун зарур бўлмаган материаллар, вақти-вақти билан, мажбурий тартибда давлат архивларига топширилиши назарда тутилган, бироқ декретда, ҳужжатларни архивга топширишни аниқ, муайян муддатлари ва шартлари белгиланмаган ва кўрсатилмаган. Бир қатор вазирликлар ва муассасалар материалларни давлат архивларига топшириш мажбуриятидан олдиндан қилинган, буларни сафида Давлат кенгаши, ташқи ишлар вазирлиги, ҳарбий, денгиз, авиация, мустамлакалар бўйича вазирликлар бўлган; бундан ташқари декрет, бошқа муассасаларни ҳам “истисно тариқасида” материаларни топширишдан озод этишни сўраб хукуматга расмий илтимос билан мурожжат қилишига рухсат берган, айрим муассасалар ушбу имкониятдан дарҳол фойдаланишган. Шундай қилиб, 1936 йилда қабул қилинган декрет, амалда мавжуд бўлган қонунларга жиддий ўзгартиришлар киритмади, аммо ҳар ҳолда Миллий архивни керакли ҳужжатлар билан тўлдириш қоидаларини ҳуқуқий асосларини мустаҳкамади ва муассасалар томонидан материалларни давлат архивларига янада жадаллик билан ва мунтазам равишда топширилиши учун туртки бўлиб хизмат қилди.
Франциядаги давлат архивларининг фаолиятида эришилган муваффақиятлардан бири, архившуносларнинг ва ниҳоят, нотариал архивлар тўғрисдаги масалани қисман бўлсада ҳал этишгани бўлди. Франциянинг ижтимоий ва иқтисодий тарихини ўзида акс эттирган муҳим ҳужжатларни ўзида жамлаган мазкур архивлар, қонунга биноан нотариусларнинг идораларида асраб турилган, ва одатда материаллар жуда ёмон шароитда, тартибсиз ҳолатда сақланган ҳамда тадқиқотчиларнинг фойдаланишлари учун рухсат берилмаган. Ниҳоят, 1928 йил 14-март кунги декретга кўра, 125 йил илгариги даврни ўз ичига олган нотариал архивлари, давлат архивларига топширилиши лозим бўлган. Ушбу талаб эса давлат архивларини анча кўп миқдордаги материаллар билан тўлдирилишига олиб келди. Миллий архивнинг ўзи фақат Сена департаменти нотариал идораларининг материалларини қабул қилди. Бу эса 4 километр узунликдаги полка (архив ҳужжатларини сақлаш учун тахтадан қилинган токча) ни эгаллади. Мазкур ҳужжатларни жойлаштириш учун Миллий архивга, собиқ Миллий типография – ўтмишдаги бой феодалларнинг саройларидан бири (“Роан отели”) нинг биноси ҳам қўшилиб, бирлаштирилди. Бироқ, масаланинг ўзига хос томони шундаки, муддати 125 йил илгариги даврга доир ҳужжатлардан тадқиқотчиларнинг фойдаланишлари учун, мазкур нотариал ҳужжатларини Миллий архивга топширган нотариус ходимининг рухсати, ижозати керак эди. Бу даврда ҳавфсизлик масалалари билан боғлиқ ҳужжатлар Франция архивларида мана шундай тарзда сақланган.
Биринчи жаҳон урушидан кейин, ҳаракатдаги армиялар, ҳарбий муассаса ва ташкилотларнинг улкан миқдордаги ҳужжатли ёзма ёдгорликлари, Франциядаги архивларда сақланиб қолди. Ҳарбий вазирлик архивида фақат асосий оператив (бошқариш ва жанг ҳаракатларига оид) материаллар сақланган. Бошқа материаллар эса, XX-асрнинг 20-йилларида Париж шаҳрида ташкил этилган “Уруш архиви ва кутубхонаси” дан жой олган, айрим ҳужжатлар эса йўқ қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |