3.Фуқаровий фаоллик ва унинг фуқаролик жамиятидаги ўрни
Фуқаровийлик ва фуқаровий онг фуқаровий фаолликда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам шахснинг бу сифатлари фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим рол ўйнайди. Зеро, фуқаролик жамияти нафақат фуқаровийлик хусусиятларига эга онгли фуқаролар воситасида, балки фаол фуқаролар фаолияти натижаси ўлароқ шаклланади. Ана шу фаолликни келтириб чиқарувчи омилларни ўрганиш – фуқаролик жамиятини шакллантиришнингт назарий жиҳати сифатида муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, бу тушунчалар фуқаролик жамиятини барпо этишнинг умумий ва хусусий қонуниятларини англашга имкон беради.
Фуқаровий фаолликни ижтимоий-сиёсий ва меҳнат фаолиятига ижодий ёндашув сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Айнан, инсоннинг фуқаровий фаоллиги шахснинг тўлақонли ривожланишига, ундаги имкониятларнинг тўлиқ намоён бўлишига хизмат қилади. Фуқаролик позицияси ҳамда фуқаровий фаолликка эга бўлиш жамиятда рўй бераётган барча воқеа-ҳодисаларни, уларнинг оқибатлари билишга имкон яратади, бу жараёнда пайдо бўладиган муаммоларнинг ечимини топишга ёрдамлашади.
Ижтимоий фаоллик тушунчаси фуқаролик жамияти тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Бунда жамиятнинг давлат фаолиятидан холи ҳолда жамоавий ташаббуслар билан ривожланиши назарда тутилмоқда. Бу сиёсий партияларга аъзоликни назарда тутувчи сиёсий фаоллик, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш, турли ижтимоий ташаббуслар ва ижтимоий ҳаракатларга интилишларни англатади. Шу маънода, жамият учун фойдали бўлган турли дастурлар, лойиҳалар ва жамоат бирлашмаларида иштирок этиш ҳам фуқаровий фаоллик сирасига киради.
Аслини олганда, жамият аъзоларининг асосий кўпчилиги жамиятда мавжуд қоидалар асосида фаолият юритган ҳолда доимо ҳам ижтимоий фаоллик кўрсатавермайди. Бу каби лоқайдлик жамоат тартибини сақлаш нуқтаи назаридан қандайдир даражада мақбул бўлсада, фуқаролик жамиятини қуришга салбий таъсир кўрсатади, ваҳоланки, фуқаролар фаоллиги бу каби жамият қуришнинг асосий шартларидан биридир. Зеро, лоқайд фуқаролар ҳеч қачон ўз ҳуқуқлари учун курашмайди. Фуқаровий фаоллик - бу ўз кучига ишониш, мавжуд вазиятни ўзгартиришга қодирлик ҳиссининг яққол намоён бўлиши билан вужудга келадиган омилдир. Кўпчилик ҳолларда фуқаровий фаолликнинг бошланғич нуқтаси кўпроқ социологларни қизиқтирган масала ҳисобланади. Зеро, аксарият жамиятлардаги ижтимоий ўзгаришлар давлат етакчилигида амалга оширилади ва жамият аъзолари кейинчалик бу ўзгаришларга мослашиб боради.
Кўпинча фуқаровий фаоллик сифатлари ёшларда кузатилади. Албатта, фуқаровий фаолликка таъсир кўрсатувчи омиллар фақат ёш билан чегараланмайди. Унга шахснинг билим даражаси, дунёқараши, тарбияи ва ҳатто яшаш манзили ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Аксарият ҳолларда ёшлар фуқаровий фаоллик кўрсатишни исташса-да, сиёсий соҳада бундай фаолият кўрсаишга унчалик қизиқмайди. Бошқача айтганда, ёшлар давлат сиёсати ўта мураккаб ҳодисалардан иборат бўлганлиги учун ҳам ўз мафаатлари ва истакларини сиёсатчиларга сингдиришга қодир бўлмайди. Бошқа тарафдан ёндашилганда, сиёсий соҳа ёшлардан анча узоқ бўлганлиги туфайли ёшлар ўз манфаатларини давлат сиёсати билан мувофиқлаштиришда турли мураккабликларга дуч келади. Шу туфайли фақат уларнинг озчилик қисми сиёсий партияларга аъзо бўлишади, аксарияти қисми эса умуман сиёсатга қизиқмайди.
Жамиятнинг бирон-бир соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш имконияти кўпроқ нодавлат нотижорат ташкилотларида мавжуд бўлганлиги туфайли кўпчилик ёшлар шу каби ташкилотларга аъзо бўлиб киришади. Давлатнинг бошқарув тузилмаларида профессионал фаолиятга кириш ёшлардан маълум бир вақт ичидаги шаклланадиган тажриба, билим ва кўникмаларни талаб қилса, жамоат бирлашмаларига аъзо бўлиб кириш учун бу каби тажриба талаб этилмайди, балки уларга аъзо бўлиш учун фақат қизиқишнинг ўзи етарлидир.
Ўтиш даврини ўз бошидан кечираётган мамлакатларда фуқаролар ижтимоий жараёнларни бошқариш, мавжуд вазиятни ўзгартириш, ижтимоий муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз ташаббусларини илгари суриш зарурлигини англаб етишга интилади. Бу ҳолат эса турли кўнгиллилар уюшмаларининг тузилишига сабаб бўлади. Инсонларда бошқаларга ёрдам бериш, айниқса, муаммоли вазиятга тушиб қолган ватандошларига, қўшниларига кўмаклашиш ҳисси мавжуд бўлади. Айнан бошқаларга ёрдам қўлини чўзган киши нафақат муаммони бартараф этишга ҳисса қўшади, балки, у ўзлигини ҳам янада чуқурроқ англай боради. Шунинг учун бўлса керак, кўнгиллилик ёки ихтиёрийлик бутун дунёда кенг тарқалган ҳодисалардан бирига айланди. Бу ҳодиса ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган кишиларни умумбашарий миқёсда бирлаштирадиган жараёнга айланди. Кўнгилли уюшмалар ўз фаолиятларини турли шаклларда амалга ошириди. Масалан, турли касалликларга қарши курашиш учун хайрия фаолиятидан бошлаб қашшоқлик ёки табиий офатларга қарши курашиш шаклида фаолият юритадиган минглаб нодавлат ташкилотларнинг мавжудиги фикримизга дплилдир.
Инсонни ихтиёрий фаолият, яъни кўнгилли ёки ихтиёрий фаолиятга чорловчи истак негизида ҳар бир кишида ўзига хос бўлган шахсий ва ижтимоий эҳтиёжлар пайдо бўлиши мумкин. Жумладан, бошқаларга наф келтириш, ўзини намоён қилиш ва ўзаро мулоқот истаги кишини фаолликка етаклайди. Кишида ижтимоий жиҳатдан ўзини эътироф этишга бўлган эҳтиёжлар ҳам мавжуддир. Профессионал ва ҳаётий тажрибани қўллаш истаги ҳам кишини шундай фаолиятга чорлаши мумкин. Ўз имкониятларини ишга солиш, ўз ғояларини татбиқ этиш истаги ҳам кишини ҳаракатлантирувчи куч сифатида намоён бўлади. Ижтимоий жараёнларга таъсир кўрсатиш ва иштирок этиш эҳтиёжи ҳам кишини фаоллик сари ундайди.
Кўнгилли ёки ихтиёрий фаолият инсон учун ўз шахсий эҳтиёжлари билан жамият эҳтиёжларини уйғунлашган ҳолда ҳаётга татбиқ этиш учун ўзига хос имкониятдир. Бу эҳтиёж кишиларнинг ўз ҳуқуқ ва бурчларини англаши ҳамда инсоннинг баркамоллигидан далолат беради. Инсон кўнгилли фаолият юритар экан, у ахлоқий жиҳатдан такомиллашиб боради, ўз мулоқот маданиятини ривожлантиради, ўзаро ҳамкорлик ва биродарлик ҳисси, инсонпарварлик туйғуларини ошириб боради. Шахснинг кўнгилли фаолияти фаол ва ижодий характерга эга бўлиб, унинг воситасида инсон ўз салоҳиятини намоён этиш имкониятига эга бўлади. Бу фаолият теварак атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан фаол муносабатнинг шаклланишига, сиёсий воқеликка зийраклик билан муносабатда бўлишига ёрдам беради.
Айнан фуқаровий фаолликнинг ўзининг бир неча жиҳатлар билан ажралиб туради:
фаол фуқаро гуруҳига мансуб кишилар асосан сиёсий ва иқтисодий тизим тўғрисида билим олишга тайёр бўлган кишилардан иборатдир;
фаол фуқароларда ўз ҳақ-ҳуқуқларини фаол амалга ошириш учун билим ва қобилият мавжудбўлади;
фаол фуқароларда ана шу билимларни жорий қилиш учун кўникмалар шаклланган бўлади 7.
Фуқаролик фаоллиги ҳозирги даврда давлат ва жамият бошқаруви учун мисли кўрилмаган катта куч сифатида намоён бўлмоқда. Турли ижтимоий лойиҳаларга бирлашган фуқаролар ўз атрофида рўй бераётган, пайдо бўлаётган ва мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларнинг ечимларини топиш, уларни ҳукуматга тақдим таклиф этиш каби кўплаб имкониятларга эгадир. Турли туман нодавлат тузилмаларидаги етук мутахассислар бозор муносабатлари шароитида кутилмаганда рўй берадиган муаммолар, бозорнинг бетартартиб жараёнларида юзага келадиган муаммоларни бартараф этишда ҳукуматга кўмаклашмоқда.
Маълумки, бозор муносабатлари шароитида ранг-баранг ижтимоий муаммолар юзага келиши авж олади, лекин, ҳукумат уларнинг ечимини топишда шошиб қолади, улар ечимини доимо ҳам ўз вақтида ҳал этишга улгурмай қолади. Бошқача айтганда, ҳозирги мураккаб замонада бу каби муаммоларни ҳукумат ҳар доим ҳам ўз вақтида пайқаш ресурсларига эмас. Ҳаётда шундай муаммолар мавжудки, уларнинг оқибати жамият учун қанчалик мудҳиш бўлмасин, уларнинг мавжудлигини тан олиш ёки уларни бартараф этиш учун аниқ белгиланган институтлар топилмай қолади. Агар ҳукумат фуқаровий фаолликни юзага чиқишига имконият яратмас экан, ёки турли нодавлат ва жамоат бирлашмаларига ана шундай муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишига етарлича шарт-шароитлар яратмас экан, фуқаролик жамиятини барпо этиш муаммолари ечимини топиб бўлмайди.
Фуқаролик жамияти ривожланган мамлакатларда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият юритувчи нодавлат ва жамоат бирлашмалари мавжуд бўлиб, улар жуда ҳам серқирра фаолият юритади. Масалан, улар кўпинча жамиятдаги аҳолининг маълумотлилик даражасини ошириш ёки замонавий таълим технологияларини жорий этиш бўйича маълум тадқиқотлар олиб боришади, унинг натижаларини қонунларга ўзгартишлар киритиш учун парламентга тақдим этишади. Ёки, табиатни асраш ёки экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича, ёки юқумли касалликларни олдини олиш, шаҳар ҳавосининг ифлосланишига чек қўйиш, чиқиндилардан тозалаш бўйича нодавлат ташкилотлар ҳукуматга қатор амалий лойиҳаларни таклиф этиши одатга айланди.
Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик жамияти учун фуқаровийлик, фуқаровий онг ва фуқаровий фаоллик ўта муҳим аҳамият касб этади. Тараққиёт сари интилган ҳар қандай жамият учун инсон салоҳиятидан самарали фойдаланиш, инсоннинг ўзлигида, унинг қалбида табиий равишда мавжуд бўладиган ўзаро бирдамлик, саҳийлик, бағрикенглик каби қадриятларга доимо зарурат сезади ва уларни намоён бўлиши тадорикларини кўриб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |