Сербия ва Болгария архивлари. Туркларнинг хукмронлиги даврида Сербия ва Болгариядаги архивларнинг ички аҳволи, ҳолати, Грециядагига нисбатан ҳам анча ёмон, оғир шароитда бўлган. Хусусан, грек монастирларига нисбатан анча даражада кам имтиёзларга эга бўлган Сербия ва Болгария монастирларида қўлёзма материалларни тўплаш бўйича фаолияти анча мураккаб шароитларда кечган. Жанубий-славян халқларининг миллий-озодлик харакати ва рус-турк урушида рус қуроли ва рус дипломатиясининг ғалабаси туфайли, XIX-аср бошларида Туркиянинг вассал давлатларига айланган Сербия ва Болгария ички автономияни қўлга киритади, XIX-асрнинг иккинчи ярмида эса Сербия ва Болгария мустақил қиролликларга айланди. Сербия ва Болгарияда XIX-аср бошларида миллий хукумат муассасалари вужудга келди, бу идораларнинг негизида эса архивлар шаклланди. Бироқ ҳар иккала давлатларнинг хукуматлари ҳам архив иши хусусида қайғуришмади, натижада, буларда архив соҳаси стихияли, кўр-кўрона тарзда, муассаса ва идораларнинг ўзидагина ривожланди. Хусусан, туркларнинг хукмронлиги даврида юритилган ҳужжатли материалларни сақлаб, олиб қолиш ва тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмади. Мана шунинг учун ҳам турклар ўзларининг архивларидаги ҳужжатларни кўп қисмини йўқ қилишга ёки ташиб олиб кетишга улгуришган. Жойларда сақланиб қолган архив материаллари эса тартибга солинмади, ва аста-секин тугаб борди, майда қисмларга ажратилиб, тарқалиб кетди. Сербия ва Болгариянинг миллий тарихига оид ёзма ёдгорликларни тўплаш, асраб қолиш ва сақлаш ишини амалга оширишда асосий ўринни интеллигенция (зиёлилар) нинг илғор вакиллари – ёзувчилар, ўқитувчилар, жамоат арбоблари, ўқимишли амалдорлар катта ўрин эгаллайди. Улар томонидан тўпланган материаллар, одатда турли олимлар жамиятлари ва муассасаларнинг коллекцияларнинг таркибига, киритилган. Шунингдек, мазкур жамиятларнинг ўзлари, баъзан фаол равишда ҳужжатли қўлёзмаларни тўпловчилар вазифасини бажаришган.
Сербиядаги қадимги Сербия Матицаси маданий-маърифий жамиятининг ўтмишга оид қўлёзма ҳужжатларни тўплаш бўйича фаолияти анча эрта бошланган ва асосан Войводина худудида фаолият юритган. Мазкур жамиятнинг иштирокида 1826-йилдаёқ архив ташкил этилди. Ушбу архивда, серб миллий маданияти ва адабиётининг тараққий этиши, ижтимоий фикрнинг ва XIX-асрдаги миллий озодлик харакатининг ривожланишига тааллуқли бўлган қўплаб турли ҳужжатлар тўпланиб, жамланган. 1842-йилда асос солинган Сербия олимлари жамияти архиви, кейинчалик Фанлар Академиясига айланди. Ушбу архив, қадимги ўтмишга оид ҳужжатлар тўпламларидан ташқари, XVIII-XIX-асрларга доир материалларни ҳам ўз ичига олган. Ушбу архивда, келиб чиқиши XIII-асрга оид қадимги ёрлиқлар ва фармонлар, янги даврга оид катта миқдордаги материаллар билан бир қаторда, ёзувчилар, олимлар ва жамоат арбобларининг шахсий фондлари, мемуарлари ва 1804-йилда бўлиб ўтган Сербия қўзғолони ҳақидаги материаллар ҳам сақланган. Белграддаги Миллий кутубхона, шаҳардаги эски архивни сақлаб қолиш ва тартибга келтириш учун кўп ишларни амалга оширди, чунки ушбу архивдаги материаллар ижтимоий-иқтисодий тарихни ўрганиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган.
Ва ниҳоят, архив материалларини тўплаш билан, шунингдек, серб ижодиёти Жамияти ҳам шуғулланган. Ушбу Жамият томонидан тўпланган материаллар давлат ихтиёрига мулк сифатида ўтказилди. Уларнинг асосида 1898 йилда Сербиядаги биринчи давлат архиви Белград шаҳрида ташкил қилинди ҳамда 1900 йилда иш юритишни бошлади. XIX-аср бошларидан буён Сербияда фаолият кўрсатишни бошлаган марказий муассасаларнинг фондлари ушбу архивда сақланган. Сербия давлат архивининг биринчи директори сербиялик таниқли ва машҳур тарихчи Михайло Гврилович бўлди. Шунингдек, баъзи бир маҳаллий ўз - ўзини идора қилиш (муниципал) идоралари архивлари ва черков архивлари ҳам зарур ҳужжатларга эга бўлган.
XIX-XX-асрларда Сербиялик фан арбоблари томонидан, ҳам Сербиянинг ўзидаги коллекцияларда, ҳам чет эл давлатларида сақланаётган тарихий манбаларни ўрганиш ва нашр этиб эълон қилиш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилди. Ушбу тадбирлар энг аввало Австрия-Венгриянинг хукмронлиги остида бўлган жанубий-славян ерлари - Хорватия ва Далмациянинг қадимги қўлёзма ҳужжатларга бой архивлари амалга оширилди; Дубровникдаги архив айниқса алоҳида диққат-эътиборни ўзига жалб қилди. Италия ва Туркия архивларида ҳам баъзи бир тадқиқот ишлари олиб борилди. Ушбу изланишлар жанубий славянлар тарихини ўрганиш учун катта аҳамиятга эга бўлган, бироқ бу ишлар тизимли равишда юритилмаган ва хусусий ташаббусларнинг тор доирасида олиб борилган, давлат органлари томонидан кенг қўллаб-қувватланмаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |