2021 йил postda-на посту газетасида
эълон қилинган маърифат дарси
ВАТАНПАРВАРЛИК – МИЛЛИЙ МАФКУРАМИЗ АСОСИ
Ватанпарварлик инсоннинг ўз Ватанига муҳаббати ва уни асраб-авайлашга бўлган интилишини англатади. Ота-боболаримиз, улуғ аждодларимиз ва алломаларимиз Ватанга муҳаббат ва садоқатни ифода этиш борасида ажойиб намуналар кўрсатган.
Абдурауф Фитрат: «Ватан – у менинг жону таним, саждагоҳимдир. У менинг тўлин ойим, тинч-омонлигим, иззатим, шарафим, каъбам, қиблам ҳамда гулистонимдир», дейди. Маҳмудхўжа Беҳбудий Ватаннинг қадр-қиммати ҳақида шундай ёзади: «Ватан ва аҳли диёрнинг қадри мусофиротда маълум бўлур. Ҳақиқатан, Ватан муқаддасдир, қадрини билмоқ керак. Сотмасга ва ўлгунча айрилмасга интилмоқ керак». Донишмандларимизнинг Ватан ҳақидаги ушбу теран фикрлари бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмай келмоқда.
Ватанпарварлик туйғуси ички ишлар органлари ходимлари учун муҳим аҳамият касб этади. Тарихий шон-шуҳратимизни, жаҳонда тутган ўрнимизни англаган ҳолда, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир ички ишлар органлари ходими зиммасига катта масъулият юклайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги «Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси»да ходимларни ватанпарварлик руҳида тайёрлаш масалалари белгилаб берилди. Унга кўра, ички ишлар органлари ходимларининг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ишлари «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз!» концептуал ғояси асосида ташкиллаштирилади.
Шу билан бирга, ички ишлар органларининг ходимларида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш каби олий масъулият туйғусини шакллантириш мақсадида ҳар бир ҳудудий ички ишлар органларида «Ватанпарварлик бурчаги» ташкил этилади.
ИИВ ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи ўқувчилари онгида ватанпарварлик ҳиссини шакллантиришга қаратилган «Ички ишлар органлари тарихи» ва «Ватанпарварлик асослари» фанлари, ИИВ Академиясида «Ватанпарварлик тарбияси» фани ўқитилади. Ички ишлар органлари тизимида ҳар ҳафтада «Ватанпарварлик куни» тадбирлар комплекси ташкил этилади.
Ички ишлар органларида амалга ошириладиган маънавий-маърифий ишлар, ходимларни юқори касбий тайёргарликка эга, жисмонан ва маънан етук, билимли, ҳалол, ватанпарвар, мард ва жасур этиб тарбиялашга йўналтирилади. Шу мақсадда, Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан «Ватанпарварлик асослари», «Касб маданияти ва муомала одоби» номли ўқув-методик қўлланмалар тайёрланиб, барча ички ишлар органларида маънавий-маърифий тарбияни ташкил этиш учун тарқатилади.
Ходимларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш доирасида уларда Ватанга садоқат, касбига нисбатан ғурур ҳиссини шакллантириш, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш учун ҳар қандай ҳуқуқбузарликка қарши курашишда шахсий масъулиятни оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ўтказиб борилади.
Зеро, ички ишлар органлари ходимларини Ватанга муҳаббат руҳида, ота-боболаримизнинг жасоратидан ибрат олиб, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшашга, Ватанни ҳимоя қилиш, садоқатли, адолатли, ҳалол бўлиш, халққа хизмат қилиш руҳида тарбиялаш бугунги кунда тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадидир.
Баҳром САИДОВ,
юридик фанлар доктори, профессор.
https://t.me/manaviyat_va_marifat_darsi
Do'stlaringiz bilan baham: |