Билет №5
2. Тупроқ харитаси ва картограммаларининг аҳамияти.
Тупроқ картаси – маълум территория (хўжалик, ноҳия, вилоят кабилар) тупроқ қопламининг маълум масштабда кичрайтирилган ҳолда қоғоздаги акс эттирилган тасвиридир. Тупроқ картаси тупроқларнинг территорияда тарқалиш хусусиятлари, конкрет майдонларидаги тупроқ типлари, уларнинг комлпексини акс эттиради. Карта экспликациясида қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган барча тупроқларнинг фактик майдони кўрсатилган бўлади. Тупроқ картасига илова қилинадиган очерклар, тушунтириш китобида территориянинг табиий шароитлари, тупроқларнинг тарқалишидаги қонуниятлар, улардан мақбул ҳолда фойдаланиш, тупроқ хоссаларига кўра ерда олиб бориладиган зарур тадбирлар ёритилади.
Картага туширилаётган тупроқларнинг батафсиллик ва аниқлик даражаси ўтказилаётган тупроқ текширишларининг масштабига боғлиқ. Масштаб тупроқ съёмкасининг мақсади ва вазифасига кўра белгиланиб хўжаликнинг ихтисосига, табиий шароитларига қараб белгиланади.
Тупроқ карталари қуйидаги хилларга ажратилади:
1) мукаммал карталар (масштаби: 1:200 – 1:5000); 2) йирик масштабли карталар: (1:10000 – 1:50000); 3) ўрта масштабли карталар (1:100000 – 1:300000); 4) майда масштабли (1:300000 дан кичик) карталар.
Мукаммал (батафсил) карталар – илмий тадқиқот муассасалари (тажриба станциялар, институтилар ва бошқалар)нинг тажрибалар учун белгиланган экин майдонлари учун тузилади. Улар асосида хўжаликларда айрим участкаларнинг захини қочириш ва суғориш, боғлар ва токзорлар барпо қилиш, тажриба ва нав синаш участкаларини ташкил этиш кабилар лойиҳаланади.
Й и р и к м а с ш т а б л и к а р т а л а р. Бунда масштаб танлаш (1:50000 ёки 1:10000) текширилаётган территориянинг рельефи, тупроқ қопламининг мураккаблиги ва хўжаликнинг йўналишига боғлиқ. Ўзбекистоннинг пахтачилик хўжаликларида одатда, рельефи текисроқ бўлган шароитда 1:10000 (1 см да 100 м) масштабли тупроқ картаси тузилади.
Ў р т а м а с ш т а б л и к а р т а л а р асосан йиғма ва обзор тарзида бўлади; улар агротупроқ районлаштиришни ўз ичига олади ва планлаштирувчи ҳамда раҳбар органларга мўлжалланади.
Майда масштабли карталарда вилоятлар, ўлкалар, республикалар ва шунингдек бутун мамлакатнинг тупроқ қоплами акс эттирилган бўлади. Улардан ер фондларини ҳисобга олиб бориш (тупроқ географик районлаштириш ва ҳ.к)учун фойдаланилади.
Тупроқ картограммаси - қишлоқ хўжалик экинлари майдонларининг тупроқ картаси масштабида чизилган схема тарзида тасвиридир. Картограммалар тупроқнинг айрим хоссалари таърифини тўлдириш (гумусли қатлам қалинлиги, механик таркиби, эрозияланганлик, шўрланиш ва шўртобланиш даражаси кабиларни тасвирлаш) ҳамда тупроқлардан фойдаланишга доир тавсияларни аниқлаштириш, конкретлаштириш учун мўлжалланган. Тупроқ картограммаларидан ташқари тупроқ таркибидаги азот, фосфор ва калийнинг ҳаракатчан формасини кўрсатувчи, микро элементлар миқдорини акс эттирувчи агрокимёвий картограммалар ҳам тузилади.
Тупроқ ва агрокимёвий картограммалар умумий ва регионал хилларга ажратилади. Умумий картограммалар барча зона ва регионларда тузилиши шарт. Регионал картограммалар табиий шароитнинг ўзига хос хусусиятларига, тупроқ қопламига, хўжаликнинг ихтисосига қараб бир ёки бир неча табиий зоналарда ёҳуд алоҳида хўжаликларда тузилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |