(Оператив оператив-техник) ҳисоб Бухгалтерия ҳисоби Статистика ҳисоби
1.1-расм. Хўжалик ҳисобининг турлари
Оператив (оператив-техник) ҳисоб деганда хўжалик юритувчи субъектларда оператив назорат қилиш ва бошқарув қарорларини қабул қилиш мақсадида юритиладиган тезкор ҳисоб тушунилади. Ушбу ҳисоб турининг характерли жиҳатларига уни асосан қисқа муддатларда (дақиқалар, соатлар, кунлар, ҳафталар, декадалар кесимида) юритилиши, шаклланадиган ва тақдим этиладиган ахборотларнинг тўлиқ ҳужжатли асосга эга бўлишининг шарт эмаслиги, уларни қоғозли ва қоғозсиз, оғзаки ёки телефон алоқаси орқали фойдаланувчиларга етказилиши, тақдим этилган маълумотларнинг тахминийлиги кабилар киради.
Бухгалтерия ҳисоби - бу хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти, фаолият натижалари, уларнинг маблағлари (мулки, активлари), маблағларни ташкил топиш манбалари тўғрисидаги ахборотларни асосан пул ўлчов бирлигида қатъий ҳужжатли асосда йиғиш, қайд этиш, гуруҳлаш, жамлаш ҳамда уларни ички ва ташқи фойдаланувчилар ҳукмига тегишли шакл ва мазмунда тақдим этиш тизимидир. Ушбу ҳисоб турининг характерли жиҳатларига уни асосан ҳисобот даврлари кесимида (ой, чорак, ярим йил, тўққиз ой, йил) юритилиши, шаклланадиган ва тақдим этиладиган ахборотларнинг тўлиқ ҳужжатли асосга эга бўлиши, уларни молиявий ҳисоботнинг тегишли тасдиқланган шакллари кўринишида фойдаланувчиларга етказилиши, тақдим этилган маълумотларнинг реаллигига қонун олдида жавобгарликнинг мавжудлиги кабилар киради.
Статистика ҳисоби деганда жамиятда юз берган ва бераётган ёппа ҳодиса ва жараёнларни соний акс эттирадиган ва сифат жиҳатдан тавсифлайдиган ҳисоб тизими тушунилади. Статистика ҳисобининг асосий маҳсули бўлиб статистик ҳисоботлар ҳисобланади. Статистик ҳисоботлар қатъий бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида тузилади ва улар бухгалтерия ҳисоботи маълумотлари билан қатъий уйғун бўлиши шарт. Статистик ҳисоботлар реаллиги учун хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва бош бухгалтерлари қонун олдида жавобгар ҳисобланадилар. Статистик ҳисоб маълумотларни туман, вилоят ва яхлит мамлакат доирасида жамлайди. Статистик ҳисоб давлат томонидан стратегик бошқарувни олиб боришда асосий ахборот манбаи бўлиб ҳисобланади.
Хўжалик ҳисоби турларида ахборотларни йиғиш, қайд этиш, гуруҳлаш, жамлаш ҳамда тегишли фойдаланувчиларга тақдим этишда турли ўлчов бирликлари қўлланилади. Ушбу ўлчов бирликларнинг турлари, гуруҳлари ва таркиби 1.1- жадвалда келтирилган.
1.1-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |