Зараутсойдаги ҳайвонларни овлаш манзаралари
Республикамиздаги энг қадимги расмлар Зараутсойда бўлиб (Сурхондарё), бу расмлар мезолит-неолит, яъни, мил.авв. VIII-IV минг йилликларга оиддир. Қоятош расмлари орқали ўша давр одамларининг ов, меҳнат ва жанговар қуролларини билиб олишимиз мумкин. Шунингдек, қоятош расмлар қадимги авлодларимизнинг ғоявий қарашлари ва диний эътиқодларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир. Ундан ташқари, қоятош суратлари мазмун ва манзараларининг бойлиги билан ажралиб туради ва улар кенг тарқалади. Ушбу суратларнинг ишланиш услуби хилма-хил бўлиб, археологик ёдгорликларнинг бир тури ҳисобланади. Уларнинг мазмун ва манзараси маъносидан келиб чиқиб, ибтидоий ёки қадимги давр кишиларининг хўжалик ҳаёти ҳақида, ҳайвонларни ов қилиш, қўлга ўргатиш ва хонакилаштириш, чорвачиликни пайдо бўлиши ҳақида маълум тасаввурларга эга бўлишимиз мумкин. Айни пайтда қоятош расмлари ўзига хос санъат асари бўлиб, улар орқали биз ибтидоий ва қадимги одамларнинг санъати, эстетик истеъдоди ўша давр нуқтаи назаридан юқори даражада бўлганлигини билиб олишимиз мумкин.
Тошкент воҳаси қоятош тасвирлари Ғарбий Тяншандаги энг кўп тарқалган қадимги санъат тури ҳисобланади. Бу ҳудуд бу каби тарихий ёдгорликларга жуда бой бўлиб, ҳозирги вақтда уларнинг сони 10 мингдан ошади. Улар мавзуларнинг турли-туманлиги, юқори бадиий даражаси, манзараларининг оригиналлиги ва ажойиблиги билан ажралиб туради. Тошкент воҳасидаги айрим петроглифлар Марказий Осиёда машҳур ҳисобланади. Ўзига ҳос ва бетакрор қоятош суратларига Хўжакет, Қорақиясой, Бошқизилсой, Чотқол, Оҳангарон кабилар киради.
Ушбу ёдгорликлардаги қоятош расмларининг хронологик санаси – энеолит – бронза давридан антик давргача боради. Мазкур суратлар мазмун ва мавзу жиҳатдан анча бой ва ранг-барангдир. Улар орасида от, ит, туя, қўй, эчки, тоғ такаси, архар, бўри, тулки, қоплон каби ҳайвонлар тасвирлари, шунингдек, маъноси ҳозиргача номаълум бўлган турли шакл ва белгилар сақланиб қолган. Таъкидлаш лозимки, расмлар орасида якка ҳолда, тўда ҳолда ва рақсга тушаётган ҳолатда, бирор-бир одатни ижро этаётган кишиларнинг тасвирлари ҳам учрайди.
Республикамизнинг тоғли ҳудудларида кенг тарқалган қоятош суратларини ўрганиш ката илмий аҳамиятга эга. Чунки улар ҳам бошқа моддий манбалар қатори қадимги аждодларимизнинг турмуш тарзи, ижтимоий ҳаёти, маданияти ва санъати, диний тасаввурлари ҳақидаги муҳим манба ҳисобланади. Қоятош суратларининг аҳамияти яна шундаки, улар Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг ҳайвонот дунёси тарихини, ҳайвонларнинг хонакилаштирилиши, чорвачиликнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши тарихини ўрганишда кенг имкониятлар очиб беради.
Кўпчилик тадқиқотчилар фикрига қараганда бронзанинг ватани Кичик Осиё ва Месопотамия бўлган. Қадимги Миср, Месопотамия, Кичик Осиё ва Эроннинг жануби-ғарбида мил авв. III-II минг йилликнинг бошларида ривожланган жамият кенг равнақ топади. Ўрта Осиёда бронза даври мил. авв. III минг йиллик ўрталаридан I минг йилликнинг бошларигача бўлган даврни ўз ичига олади. Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда бронза асри учта хронологик даврга: илк, ривожланган ва сўнгги бронза даврларига бўлинади. Ўрта Осиёнинг шимолий ва шарқий ҳудудларида мажуд бўлган бронза даври ёдгорликлари маданияти жанубий ҳудудлардаги ўтроқ маданиятдан ажралиб туради.
Ўзбекистон ҳудудида бронза даврида асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланган қабилаларнинг моддий-маданий ёдгорликлари Хоразмда 50 дан зиёд очилган бўлиб, улар фанда Тозабоғёб маданияти номи билан машҳурдир. Бу маданиятга мансуб сопол буюмлар Қозоғистон ва Сибир ҳудудларидан топилган сопол буюмларга анча ўхшаб кетсада, ўзига хос хусусиятлари билан Шарқий Европа чорвадорлари яратган бронза даври Ёғочбанд маданиятидан, Қозоғистон ва Сибирдаги Андроново маданиятидан ҳам фарқ қилади. Бунга асосий сабаб, тозабоғёбликлар орасида деҳқончилик кенг тарқалган. Тозабоғёб маданиятига оид маконларнинг айримларидан қадимий мозорлар (Кўкча), кўпчилигидан эса ярим ертўла шаклидаги уй-жой қолдиқлари очилган. Улардан зеб-зийнатлар, ҳайвон суяклари, сопол идишлар, тошдан ва бронзадан ишланган қуролар топилган. Тозабоғёб сопол идишлари асосан қўлда ишланган.
Хоразмдаги сўнгги бронза даврига оид ёдгорликлар Амиробод маданияти номи билан машҳур бўлиб мил. авв. IХ-VIII асрларга оиддир. Бу маданият соҳиблари Тозабоғёб маданияти хусусиятларини сақлаб, ярим ертўла турар-жой, суғориш иншоотлари излари ва қўлда ясалган сопол идишлар билан изоҳланади. Амиробод маданиятига оид қатор ёдгорликлар очилган бўлиб, улар орасида энг яхши сақланган ва бой археологик материаллар бергани Якка-Парсон 2 макони ҳисобланади. Маконни қазиш вақтида 20 га яқин ертўла типидаги турар-жойлар очилган. Ёдгорликдан ғалла ўралари, омборлар, ўчоқ, бигиз ва кўплаб ҳайвон суяклари топилган. Сопол идишлар қўлда ясалган.
Қуйи Зарафшоннинг бронза даври ёдгорликлари Замонбобо маданияти номи билан аталади. Бу даврга мансуб ёдгорликлар орасида Замонбобо кўли ёқасидан топилган қадимги қабристон айниқса диққатга сазовордир. Қабрлар якка ва жуфт қабрлар бўлиб дафн этиш жараёнида кўмиш маросимларига амал қилинган. Қазишмалар жараёнида эркаклар қабрларидан ўқ-ёй пойконлари, пичоқлар, пичоқсимон тош қуроллар ва турли шаклдаги сопол идишлар; аёллар қабрларидан сопол идишлар, бронза кўзгу, упадон, сурмадон каби пардоз буюмлари ва ярим қимматбаҳо тошлардан турли шаклда ишланган мунчоқ ва маржонлар топилган.
Замонбоболиклар чайласимон кулбаларда истиқомат қилиб деҳқончилик ва хонаки чорвачилик билан шуғулланганлар. Топилган кўплаб меҳнат қуроллари, бошоқли ўсимликлар қолдиқлари ва ҳайвонлар суяклари шундан далолат беради. Шунингдек, замонбоболиклар жамоасида ҳунармандчиликнинг турли тармоқлари, хусусан, кулолчилик, бронзани эритиб ундан ҳар хил ашёлар ясаш, айниқса тошни ишлаш техникаси анча ривожланган.
Замонбобо маданияти жанубдаги ўтроқ деҳқончилик жамоалари таъсирида шаклланган. Бу маданият хонаки чорвачилик ва мотига (кетмонча) деҳқончилиги билан кун кечирган Бухоронинг туб аҳолисига мансубдир. Бронза даврида Бухоро воҳасининг дарё адоқларида эндигина деҳқончилик ва хонаки чорвачилик билан шуғулланувчи илк қишлоқлар пайдо бўлиб, улар ярим ертўла ва шох-шабба енгил чайлалардан иборат турар жойлардан ташкил топган. Буларда уй ҳунармандчилигининг мисгарлик, тоштарошлик, тўқимачилик каби турлари мавжуд бўлсада, аммо ҳали улар касб-ҳунарнинг ривож топган даражасига етиб бормаган эди.
Ўзбекистоннинг жанубидаги бронза даври ёдгорликлари қадимги суғориш ҳудудлари - Улонбулоқсой, Шеробод, Бандихон ва Миршодида топиб текширилган. Улар Сополли маданияти номи билан машҳурдир.
Сополлитепа Шеробод чўлида жойлашган бўлиб, уч қатор мудофаа деворлари билан ўраб олинган йирик қишлоқ бўлган. Унинг умумий майдони 4 гектарга яқин. Ёдгорликда узоқ йиллар тадқиқотлар олиб борган А.Асқаровнинг фикрича, Сополитепа мустаҳкам асосда қад кўтарган бўлиб, қуйидаги ажралиб турувчи белгиларига эга: икки қисмли тузилиш – мустаҳкам марказий қисм ва унинг атрофида мустаҳкамланмаган маскан; унча катта бўлмаган майдони; асосий қисимнинг аниқ режавий тузилиши; саккизта турар-жойлар қисмларининг марказлашуви ва уларнинг йўлаклар билан ажралиб туриши; бўлма (отсек)лари бўлган ҳимоя деворлари. Ундан ташқари кулолчилик ва металлага ишлов бериш ҳунармандчилиги ҳамда деҳқончиликнинг етакчи мавқега эга бўлиши ҳам Сополитепа учун хосдир.
Амударёнинг ўнг қирғоғида шаклланган Сополлитепа – бронза давридаги дарёдан кечув йўлини ҳимоя қилувчи мустаҳкам олдинги истеҳком (форпост) сифатида пайдо бўлган. Кейинчалик ўтроқ деҳқончилик жамоалари шимолий чегараларининг кенгайиши муносабати билан Сополлитепа ўзининг илгариги аҳамиятини йўқота бошлайди ва бўшаб қолади. Асосий марказ вазифаси эса, тоғ дарасидан чиқувчи йўл устидаги мустаҳкам қалъа сифатида пайдо бўлган Жарқўтонга ўтади.
Do'stlaringiz bilan baham: |