2-МАВЗУ. ДИННИНГ МОҲИЯТИ, ТУЗИЛИШИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ.
Режа:
2.1. Динга берилган таърифлар. Дин - ижтимоий онг шакли, муайян турмуш ва тафаккур тарзи, маънавий қадрият сифатида.
2.2. Диннинг жамият ва шахс маънавияти юксалишидаги, комил инсонни тарбиялашдаги аҳамияти.
2.3. Диннинг структураси. Диннинг ижтимоий функциялари: дунёқарашни шакллантириш, ёш авлодни тарбиялаш, тартибга солиш, бирлаштириш, тасалли бериш, алоқа ўрнатиш ва ҳ.к.
2.4. Динлар таснифи.
Таянч тушунчалар: дин, эътиқод, қадрият, маънавий қадрият, комил инсон, диннинг структураси, дин функциялари, дуёқарашни шакллантириш, тарбиялаш, тартибга солиш, бирлаштириш, тасалли бериш, алоқа ўрнатиш, динлар таснифи.
Керакли жиҳозлар: доска, бўр, компьютер, проектр, электрон доска.
Мавжуд материаллар: фан бўйича мажмуа, ишчи ўқув дастур, тарқатма материаллар, маъруза матни, слайд.
2.1. Динга берилган таърифлар. Дин - ижтимоий онг шакли, муайян турмуш ва тафаккур тарзи, маънавий қадрият сифатида.
Дин – эътиқод ва у ҳар бир кишининг шахсий иши ҳисобланади. Диний нуқтаи назарга кўра, дин – муайян диний эътиқодларга, яъни илоҳга, унинг томонидан инсонларга хабар етказувчиларнинг ғайриоддий салоҳиятга эга эканига (пайғамбарлик), инсонлар атрофида унга кўринмайдиган аммо ундан анча юқори даражада турувчи мавжудотлар борлигига (фаришталар, жинлар) инсон идеал ҳаёт кечириши учун азалдан белгиланган қонуниятлар мавжудлигига (муқаддас китоблар), инсон ҳаёти мунтазам назорат остида эканига, қилинган барча яхшилик ва ёмонлик учун мукофот ёки жазо муқаррарлигига (охират, ҳисоб-китоб қилиниш), инсон қисмати аввалдан белгиланишига (тақдир) ва шу каби қарашларга ишониш, уларни ақида сифатида қабул қилишдан иборат.
Дин – табиат, жамият инсон ва унинг онги, яшашдан мақсади ҳамда тақдири инсониятнинг бевосита қуршаб олган атроф-муҳитдан ташқарида бўлган, уни яратган айни замонда инсонларга тўғри, ҳақиқий, одил ҳаёт йўлини кўрсатадиган илоҳий қудратга ишонч ва ишонишни ифода этадиган маслак, қараш таълимотдир.
Араб тилидаги манбаларда қайд этилишича, дин сўзи бўйин эгмоқ, итоат этмоқ, кимдандир қарздор бўлмоқ, эътиқод қилмоқ, қилган ишига яраша мукофотламоқ дин, имон, ажр–мукофот, қилинган ишга яраша берилган ҳақ каби маъноларни билдиради. Ўзбек тили луғат адабиётларида “дин” – ишонч, ишонмоқ, эътиқод, мулк, ҳукм, ҳисоб, жазо, тадбир, бўйсуниш, итоат қилиш, ибодат, парҳез, йўл тутиш, одат қилиш, эътиқод қилиш маъноларини билдириши келтириб ўтилади. Исломдан аввал туркий халқларнинг дин тушунчасини ифодалаш учун турли даврларда “drm”, “darm”, “nom” ва “den” каби сўзларни ишлатганлари маълум. Улардан “drm”, “darm” дин, ақида маъносида санскритча (қадим ҳинд тили) “dharma”дан (Пали тилида dhamma); “nom” дин ишонч, қонун маъносида суғд тилидан кириб келганлиги айтилади.
Ўзбек тилидаги “дин” маъносини берувчи атамалар барча тилларда мавжуд. Жумладан, зардуштийларнинг манбаси “Авесто”да “дин” сифатида “daena”, қадимги форс паҳлавий тилида “den”, “din”, “dena”, “daena” сўзи ишлатилиб, «йўл», «мазҳаб», «маросим», «услуб», «тарз»
каби маъноларни билдирган. Иброний тилида истифода қилинадиган «dath» сўзи «дин» тушунчасини ифодалаш учун умумий термин бўлиб, «ҳукм», «амр» ва «қонун» маъноларини англатган. Рус тилида дин маъносини англатадиган «религия» сўзининг келиб чиқиши борасида луғатларда бир қанча ёндашувлар келтириб ўтилган. Улардан баъзиларига кўра мазкур атама лотинча «religio» сўзидан келиб чиқиб, «диёнат, диндорлик, тақводорлик, художўйлик, мўминлик, тақво, муқаддас нарса ёки жой, қадамжо, зиёратгоҳ, ибодат– топиниш–сиғиниш ва у билан боғлиқ диний маросимлар» деган маъноларни англатади.
Иккинчи гуруҳ тилшунослар «religio» сўзи семантик, маъно ва морфологик жиҳатдан «relegere» сўзи билан боғлиқ бўлиб, «янгидан тўпламоқ, янгидан танлашга киришмоқ, қайта ишлаб чиқиш учун олдинги синтезга қайтиш» каби маъноларни англатади, деб таъкидлайдилар.
Олимлар муайян эътиқод дин деб аталиши учун уч асосий хусусиятга эга бўлиши лозимлигини таъкидлайдилар. Булардан биринчиси, ғайритабиий илоҳ (ёки илоҳлар) ҳақидаги тасаввурнинг мавжудлиги. Ҳар бир динда топиниш объекти – Худо бўлиши шарт ҳисобланади. Мавжуд динлардаги Худо ҳақидаги тасаввурларни шартли равишда иккига – трансцендент ва имманент илоҳларга бўлиш мумкин. Трансцендент илоҳларга инсонлар оламидан ташқарида, инсонларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, қусур ва нуқсонлардан холи Худолар киради. Бунга мисол сифатида том маънода ислом динидаги Аллоҳ таоло ва қисман христианликдаги Ота Худо, яҳудийликдаги Яхвеларни келтириш мумкин. Имманент илоҳлар деганда эса табиатнинг бир бўлаги сифатида тасаввур қилинган, инсонларга ўхшаб кетадиган, бироқ ғайриоддий яратувчилик, бузғунчилик, ризқлантирувчилик каби кучларга эга бўлган Худолар киради. Бундай турдаги илоҳлар кўпинча ё антропоморф (инсон қиёфасида) ё зооантропоморф (ярим одам ярим ҳайвон) ёки зооморф (ҳайвон) шаклда тасаввур қилинади. Бунга мисол сифатида Қадимги Миср, Юнон, Рим цивилизациялари, замонавий Ҳиндистон, Хитой, Япония динларини санаш мумкин. Иккинчиси, Худо билан инсонларни “меърожи” (яъни Аллоҳ таолонинг хузурига кўтарилиши) ҳисобланса христианликдаги “сирли маросимлар”да Муқаддас Руҳнинг ўзи иштирок этади деб ҳисобланади.
Шу тариқа, мавжуд барча динларда культлар воситасида эътиқодчилар ўз илоҳлари билан боғланадилар. Учинчиси эса эътиқодчиларни ўзида жамлайдиган диний ташкилотларнинг мавжудлиги. Диний ташкилот – бу бир дин издошларининг жамоавий равишда ўз диний расм– русум, ибодат маросимларини ўтказадиган, диний таълим оладиган муассасаларидир. Бу, исломда – масжид, мадраса, христианликда – черков, семинария, яҳудийликда – синагога ва ҳоказо.
Энг қадимги замонлардан бошлаб фалсафий тафаккурда дин масаласи файласуф олимлар диққатини ўзига жалб этиб келган. Динга таъриф ва тавсифлар берилган. Фалсафий дунёҳарашда динни ғоялар тизими сифатида таҳлил этувчи дин фалсафаси йўналиши шаклланган.
Дин - инсоният маънавий ҳаётининг таркибий қисми. Ўзбекистон Республикасида маънавий баркамол инсонни шакллантириш вазифаси қўйилганлиги сабабли дин масаласини четлаб ўтиш мумкин эмас. Мазкур масалани ҳал этишда илгариги динга агрессив ҳужум этиш услубининг салоҳиятсизлиги ҳаммага очиқ-ойдин. Лекин кейинги пайтда пайдо бўлган диний бўлмаган масалаларни диний деб аташ, ҳар қандай, ҳатто бир-бирига зид бўлган, фикрларни таҳлил қилмасдан туриб мақташ услуби ҳам ўзини оқламайди. Демак, ушбу масалага принципиал, профессионал, илмий ёндашув даркордир.
Дин - эътиқод ҳамдир, бу эса ҳар бир кишининг шахсий иши. Лекин шахсни ҳар қандай миссионер ташкилотлар ихтиёрига ҳам ташлаб қўйиб бўлмайди. Озод жамиятда ҳар бир инсон ўз шахсий позициясини белгилаб олиши учун унга ҳар томонлама, бой, объектив-илмий информация зарур. Бундай информация энциклопедик характерда бўлмоғи, бировнинг ғаразли шарқисиз оригинал матнлар шаклида бўлса, мақсадга мувофиқдир. Эскирган маълумотлар асосида мутахассис бўлмаган авторлар томонидан ёзиладиган асарлар ҳозирги замон информация эркинлиги ва унинг етиб келиши осон бўлган шароитларда ўқувчиларнинг кўз ўнгида мазкур муаллифларнинг обрўсизланишига олиб келади.
Диний нуқтаи назарга кўра дин илоҳий кучларга, худога, пайғамбарларга, фаришталарга, муқаддас китобларга, охиратга, бутун яхши-ёмонлик яратганнинг иродаси билан бўлишига ишонмоқлик, шайтон ва иблислардан сақланишдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |