Материянинг миқёсий-структура даражалари. Бу моддий системаларнинг бир-биридан мазкур системада ҳукмронлик қилувчи фундаментал кучлар билан фарқ қилувчи даражалардир. Улар: микродунё, макродунё ва мегадунё дейилади.
Микродунёда кучли ва кучсиз ядровий ўзаротаъсир кучлари ҳукмронлик қилади12. Бу кучларнинг таъсир доираси атом ядроси ва атом ўлчови билан чегаралангандир. Кучли ядровий ўзаротаъсирлар атом ядросининг таркибий қисмлари бўлган протон ва нейтронларнинг яхлитлигини, кучсиз ядровий ўзаротаъсир кучлари эса атом структурасининг яхлитлигини таъминлайди. Бу кучлар туфайли микродунё ўзининг структуравий яхлитлигини сақлайди. Макродунёнинг структуравий яхлитлиги эса электромагнит ўзаротаъсирлари билан сақланади. Электромагнит ўзаротаъсир кучлари атомлар ва молекуляр брикмаларнинг, моддий жисмларнинг структуравий яхлитлигини таъминлайди. Шу куч туфайли Ерда ҳаёт мавжуд, ёруғлик мавжуд. Мегадунё - бу гравитацион ўзаротаъсирлар кучи билан чегараланган энг катта моддий объект - коинотдир. Ер шари ва унинг атрофида Ойнинг айланиши, сайёраларнинг Қуёш атрофида айланишини таъминловчи, Галлактикамизнинг муайян тузилишга эгалигига, бутун Коинотнинг фазо-вақт структураси тартибининг мавжудлигига гравитацион ўзаротаъсир кучлари масъулдир. Бу кучлар бўлмаганда эди дунёдаги ҳозирги тартиб ва муносабатлар ҳам бўлмаган, микро-, макро- ва мегадунёлар ҳам шаклланмаган бўлар эди.
Хуллас, материя ва моддий объектларнинг структуравий яхлитликка эга бўлишида ҳаракат ва фазо-вақт шаклларининг, уларнинг асосида ётувчи ўзароалоқадорлик кучларининг роли ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.
Ҳозирги замон табиётшунослик фанлари оламнинг тузилишининг ўта мураккаблигини, дунёнинг хилма-хиллигини таъкидлаш билан бир қаторда, объектив дунёдаги моддий объектларнинг ҳам хилма-хиллигини, турлича кўринишларда учрашини исботламоқда. Ҳозирги пайтда материянинг моддасимон ва номоддасимон кўринишларининг мавжудлиги аниқланган13. Объектив реалликнинг бутун бизга кўринадиган қисмидаги Коинот қаъридан тортиб, то митти элементар заррачалар ва антизаррачаларгача (электронлар, позитронлар, протонлар, антипротонлар, нейтронлар ва ҳакозо) материянинг моддасимон кўринишига мансубдир. Электрон ва протон модда ҳисобланса, позитрон ва антипротон антимодда ҳисобланади. Ҳамма заррачалар - модда, ҳамма антизаррачалар - антимоддадир. Материянинг номоддасимон кўринишига турли хил физик майдон ва нурланишлар киради. Модда билан антимодда тўқнашганда материянинг аннигиляция (лот. annihilatio - йўқолиши, ҳеч нимага айланиши) ҳодисаси содир бўлади, яъни материя моддасимон кўринишдан номодда кўринишига – майдон ва нурланишга айланади. Физик вакуумдаги электромагнит майдонини муайян интенсивликдаги нурланишлар билан бомбардимон қилинганда мазкур вакуумда заррача ва антизаррачалар ҳосил бўлади, яъни материянинг майдон кўриниши модда кўринишига айланади. Бу ҳодисаларнининг моҳиятини механистик дунёқараш асосида изоҳлашнинг иложи йўқ, бунинг учун янгича логика ва диалектик дунёқараш лозим бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |